Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:40

ИИВ тадбиркорларга 20 апрелдан стикерсиз юришга рухсат берилиши ҳақидаги овозани инкор қилди


Тошкентда ИИВ автомашиналарни назорат қилмоқда, апрель, 2020
Тошкентда ИИВ автомашиналарни назорат қилмоқда, апрель, 2020

Ички ишлар вазирлиги янги ташкил этилаётган ички постларга ҳарбийлар вазият "назоратдан чиқиб кетмаслиги" учун қўйилаётганини яна бир карра таъкидлади.

19 апрель кунги брифингда ИИВ ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов Тошкентда 20 апрелдан барча тадбиркорларга автомобилда стикерсиз юришга рухсат берилади, деган миш-мишларни ҳам инкор қилди.

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тарқалмаслиги учун, аҳоли ва транспортнинг чекланган ҳаракатини назорат қилувчи постлар шаҳарлар ичида ҳам ташкил қилинди.

Жумладан, Тошкент шаҳрининг ўзида 61 та ички пост қўйилди. Бу постларда ИИВ ходимлари, Миллий гвардия ҳарбийлари ҳамда маҳалла фаолларидан тузилган жамоатчи назоратчилар турибди.

19 апрель кунги брифингда Ғиёсовга: "Ташкил этилган постларда нега қуролланган ҳарбийлар туришибди? Бу аҳолида ваҳима уйғотяпти. Бизда уруш бўлмаяптику?" деган савол берилди.

Бунга жавобан ИИВ вакили COVID-19 мамлакат бўйлаб кенг тарқалиб кетишини олдини олиш ҳамда "назоратдан чиқмасликни таъминлаш мақсадида" шундай чора белгиланганини айтди:

"Бу ҳолатни нормал қабул қилишни ҳамда белгиланган тартиб-қоидаларга тўлиқ риоя этган ҳолда, ўзингиз ва оилангиз хавфсизлиги нуқтаи назаридан ёндашишингизни маслаҳат берган бўлардик".

Шунингдек, ИИВ вакили томорқасида ҳосили етишган деҳқонлар маҳсулотни ўз машинасида бозорга олиб бориши мумкинлигини эслатди:

"Махсус комиссиянинг 2020 йил 11 апрелдаги 18-сон Баёнига кўра, етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бозорга ёки озиқ-овқат дўконларига М1 ёки М2 тоифадаги шахсий транспорт воситангизда олиб боришингиз мумкин".

Айни пайтда, Ғиёсов Тошкентда 20 апрелдан барча тадбиркорларга автомобилда стикерсиз юришга рухсат берилади, деган миш-мишларни инкор қилди.

Брифингни тўлиқ қуйида томоша қилишингиз мумкин:

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Қўчқоров 15 апрель куни бўлиб ўтган брифингда шахсий автомобиллардан фойдаланиш бўйича чекловлар тез орада енгиллашиши мумкинлигини айтганди:

"Тадбиркорларимиз кўплаб мурожаатлар билан чиқишяпти. Уларнинг аксарият машиналари шахсий, шахсий машинага эса рухсат йўқ, фақат ташкилотларнинг машиналарига стикер бериляпти. Шу нуқтаи назардан бу масала бўйича ҳам бир-икки кун ичида бош вазиримиз раҳбарлигидаги комиссиянинг қарори чиқади, буни ҳам енгиллаштирамиз".

Бу баёнот ортидан нафақат Тошкент, балки турли вилоятларда ҳам тадбиркорларга стикерсиз шахсий машинада юришга рухсат берилади, деган овозалар пайдо бўлгани кузатилаётганди.

19 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда камида 1495 кишида вирус аниқланди, 194 бемор соғайди, 5 бемор вафот этди.

Ўзбекистонда карантин 10 майгача узайтирилди.

XS
SM
MD
LG