Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:30

Тошкент суди Гулнора Каримовани 13 йил 4 ойлик қамоққа ҳукм қилди; жазони ўташ 2015 йилдан ҳисобланади


18 март куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида мустақил Ўзбекистон 1-президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова ва “у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзолари” устидан суд ҳукм чиқарди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати расмий баëнот эълон қилди.

Унга кўра¸ суд Гулнора Каримовани жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбли деб топган унга 13 йил 4 ойлик қамоқ жазоси тайнлаган.

Жиноят қонунчилиги нормаларига мувофиқ ҳамда бир неча жиноят ва ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланганлигини инобатга олган ҳолда жазо муддатини 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисоблаш белгиланди”¸ дейилади расмий баëнотда.

8 март куни Гулнора Каримова билан у тузган “жиноий гуруҳ” аъзолигида айбланган яна 7 шахс устидан ҳам ҳукм ўқилган.

“Суд ҳукмига кўра, Н. Содиковга 20 йил, О. Свиридовга 17 йил 3 ой, А. Эргашевга 18 йил 1 ой, Ш. Сабировга 17 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси, Г. Авакьянга 3 йил синов муддати билан 5 йил 3 ой 21 кун шартли равишда озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Ж. Абдурахманов ва Б. Тешабаев эса жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиб кетганлиги муносабати билан жиноят учун жавобгарликдан озод қилиндилар”¸ дейилади Олий суд расмий баëнотида.

47 яшар Гулнора Каримова махфий суд ҳукми билан ҳозирга қадар Зангиота колониясида қамоқ жазоси ўтаб келаëтган эди.

Каримова ва яқинлари иддаосича¸ у ҳозирга қадар камида беш марта суд қилинган.

Жорий йил январида Ўзбекистон Бош прокуратураси "жиноий уюшма таркибида товламачилик, бюджет маблағларини талон-торож қилиш ва чет эл давлатларда жиноий даромадларини легаллаштириш каби жиноятларни содир этган Г.Каримова ва бошқаларга нисбатан бўлган жиноят иши юзасидан олиб борилган тергов ҳаракатлари якунлангани" ҳақида хабар қилган эди.

Каримованинг швейцариялик адвокати Озодлик билан суҳбатда¸ Каримовага жами қанча жазо тайинлангани¸ унга нисбатан Ўзбекистонда яна нечта жиноят иши очилгани ва унинг қачон озодликка чиқиши ҳатто ўзига ҳам маълум эмаслигини айтиб келаëтган эди.

Гулнора Каримова дунëнинг ўндан ошиқ давлатида очилган жиноят ишларининг бош фигурантидир. Каримованинг қатор Ғарб давлатлари¸ хусусан¸ АҚШ¸ Швейцария¸ Швеция¸ Ҳолландия¸ Франция ва айрим Болтиқбўйи давлатларидаги кўчмас мулклари ва юзлаб миллион долларлари бу жиноят ишлари доирасида музлатиб қўйилган.

25 февраль куни Гулнора Каримованинг Лондонда яшаëтган қизи Имон Каримованинг Instagram саҳифасида маҳкуманинг президент Шавкат Мирзиëевга ëзган очиқ мактуби эълон қилидни.

Бу хатида Гулнора Каримова¸ ўзининг озодликка чиқарилиши эвазига Швейцария банкларида музлатилган 686 миллион доллардан воз кечишга тайëрлигини билдирган эди.

XS
SM
MD
LG