Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:28

Бош прокуратура: Г. Каримова бўйича янги иш - етказилган зарар $165 млн + 85 млрд сўм


Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Адлия вазирлиги АҚШ, Швейцария, Франция, Россия Федерацияси ва Латвия каби хорижий давлатлар билан Г.Каримованинг жиноий йўллар орқали топган ва ушбу давлатларнинг айримларида жиноят ишлари доирасида 1,3 млрд. АҚШ доллардан ортиқ даромадларини қайтариш бўйича ҳамкорлик олиб борилмоқда.

Бош прокуратуранинг Ўзбекистон Биринчи президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага оид 6 декабрдаги баёноти шундай бошланади.

  • Прокуратуранинг бу баёноти Гулнора Каримованинг Лондонда яшаëтган қизи Имон Каримованинг ўз Instagram саҳифасида эълон қилган постидан уч кун ўтиб эълон қилинди.
  • Имон Каримова ўз постида Гулнора Каримовага берилган қамоқ муддати яна бир марта узайтирилганини иддао қилган эди.
  • Қуйида Бош прокуратуранинг Телеграм-каналида эълон қилинган баёнот матни билан танишингиз мумкин:


"Муқаддам хабар берилганидек, мазкур ҳамкорлик давомида халқаро тузилмалар ва фуқаролардан Г.Каримованинг илгари эълон қилинган ҳукмларда назарда тутилмаган янги жиноятлари тўғрисида хабарлар келиб тушди. Ушбулар янги очилган ҳолатлар бўйича янги жиноят ишини қўзғатиш учун асос бўлди.

Тергов жараёнида аниқланишича, Г.Каримова ўзига яқин шахслардан иборат бўлган бир неча уюшган жиноий гуруҳларни ташкил этган ҳолда жиноий уюшмани бошқариб келган.

Г.Каримова ва унинг жиноий шериклари уюшган жиноий гуруҳлар таркибида содир этган жиноятлар учун суд томонидан тайинланган жазони ўтаб келишмоқда.


Ҳозирги кунда, тергов томонидан Г.Каримова унга республика саноат корхоналарида фаолият юритган ва жуда кўп миқдордаги жиноий даромадлардан улуш бериб келган яна бир уюшган жиноий гуруҳга эга бўлганлиги аниқланди.

Бундан ташқари, Г.Каримова фуқаролар ва турли компаниялар эгаларига босим ўтказиш ва қўрқитиш йўллари орқали уларнинг мулкларини ўзига тегишли бўлган компанияларга расмийлаштириб беришга мажбур қилган.

Мазкур тергов қилинаётган жиноят иши доирасида етказилган зарарнинг миқдори 165 млн. АҚШ доллари ва 85 млрд. сўмдан кўпроқни ташкил қилди.


Г.Каримовага Жиноят кодексининг тегишли моддаларида назарда тутилган товламачилик, талон-торож қилиш, Ўзбекистон Республикасининг манфаатларига хилоф равишда битимлар тузиш ва жиноий уюшмани ташкил этиш билан боғлиқ жиноятларини содир этганлиги бўйича янги айблов эълон қилинди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яшнобод туман судининг ажрими билан Г.Каримовага нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Жиноят иши тергови жараёнида Г.Каримованинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ўзи ва яқин қариндошлари томонидан жалб қилинган 7 нафар адвокатлар ҳимоя қилмоқда. Шунингдек, адвокатларнинг барча тергов ҳаракатларида иштироки ва у билан ҳеч қандай чекловларсиз ҳоли учрашиш имконияти таъминланган.

Ҳозирда жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари якунланган бўлиб, Г.Каримова жиноят иши ҳужжатлари билан адвокатлар иштирокида танишиб чиқмоқда"
дейилган Бош прокуратуранинг Телеграм-каналида эълон қилинган баёнотда.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG