Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:53

Ўзбекистон Адлия вазирлиги Халқаро арбитраж судининг Turkuaz бўйича чиқарган қарорини 90 фоизга рад этган


Собиқ Туркуаз савдо маркази
Собиқ Туркуаз савдо маркази

Ўзбекистон Адлия вазирлиги Инвестицион низоларни ҳал қилиш бўйича халқаро марказ (ICSID) қошидаги Арбитраж судининг туркиялик тадбиркор Воҳид Гунешга тегишли бўлган Güneş Tekstil ва бошқаларнинг даъвоси бўйича қарорини ўрганиб чиққан ва вазирлик даъво талабларининг 90 фоизини рад этган.

Туркиялик тадбиркор Воҳид Гунеш 16 ноябр куни Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон Адлия вазирлигидан бу ҳақда расмий жавоб олмаганини айтди.

Кун.уз нашрининг Ўзбекистон Адлия вазирлигига таяниб хабар беришича, даъвогарларнинг 180 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маънавий зарар тўғрисида берган даъволари, шунингдек, даъвогарлар томонидан моддий зарар миқдорининг оширилган баҳоланиши - 66 миллион АҚШ долларидан кўпроқ - тўғрисидаги мурожаати тўлиқ рад этилган.

Нашрга кўра, суд даъвогарларнинг шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳақидаги барча даъволарини кўриб чиқишни рад этган, шу сабабли, Воҳид Гунешнинг бу борадаги барча баёнотлари бир томонлама даъволар сифатида кўрилмоқда.

"Бундан ташқари, суд Ўзбекистон Республикасининг хорижий инвестициялар тўғрисидаги қонунига мувофиқ, Инвестицион низоларни ҳал қилиш бўйича халқаро марказга Ўзбекистонга қарши даъво аризаси беришга ҳуқуқий асос йўқлигини тан олган", - дейилади Кун уз нашри хабарида.

Нашрга кўра, суд эълон қилинган йўқотишларнинг бошланғич миқдоридан атиги 10 фоизи ҳақида қарор чиқарган, бу фоизлар ва харажатларни ҳисобга олмаганда 26 миллион долларни ташкил этади.

Туркиялик тадбиркор Воҳид Гунеш 16 ноябр куни Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон Адлия вазирлигидан бу ҳақда расмий жавоб олмаганини айтди.

- Биз Арбитраж маҳкамасининг қарорини Ўзбекистон Адлия вазирлигига жўнатганмиз. 60 кун ичида кўриб чиқамиз дейишган. 40 кун ўтди, яна 20 кун бор. Ҳозиргача жавоб олганимиз йўқ. Олишимиз билан шу жавобга қараб иш тутамиз, - деди Воҳид Гунеш.

Ўтган ой Сармоя ва бизнес билан боғлиқ низоларни кўриб чиқадиган АҚШдаги халқаро марказ (International Centre for Settlement.of Investment Disputes -​ ICSID) Ўзбекистон ҳукумати Туркиядаги Gunes Tekstil Konfeksiyon Sanayi ve Ticaret Ltd ширкатига 40 миллион АҚШ долларилик товон тўлаши лозимлиги ҳақида ҳукм чиқарган эди.

Сармоя ва бизнес билан боғлиқ низоларни кўриб чиқадиган АҚШдаги халқаро марказ қарорларини эълон қилиб борадиган GAR нашри хабарига кўра, бельгиялик ҳакам Ҳанс ван Хоутте раислигидаги маҳкама Ўзбекистонда мол-мулки мусодара қилинган турк ширкатининг даъво аризасини 7 йил давомида кўриб чиқиб, 4 октябрь куни сўнгги қарорини чиқарган.

Қарорда Ўзбекистон ҳукумати турк ширкатига тўлаши керак бўлган товон 40 миллион доллар қилиб белгиланган.

Бу эса даъвогар талаб қилганидан анча кам.

АҚШдаги халқаро маҳкамага берилган ҳужжатларда Gunes Tekstil Konfeksiyon Sanayi ve Ticaret Ltd ширкати Ўзбекистон ҳукумати айби билан 180 миллион долларлик зарар кўргани ҳақда арз қилганди.

Gunes Tekstil Konfeksiyon Sanayi ve Ticaret Ltd раҳбари Воҳид Гунеш 18 октябрь куни Озодлик билан суҳбатда ICSID қароридан рози эканини айтганди.

180 миллион доллар сўрагандик, маҳкама Ўзбекистон бизга 40 миллион доллар тўлаши керак, деб қарор берди ва шунга розимиз

- Шариат кесган бармоқ оғримайди деганларидек, қарордан розимиз, адолат бу! 180 миллион доллар сўрагандик, маҳкама Ўзбекистон бизга 40 миллион доллар тўлаши керак, деб қарор берди ва шунга розимиз. Ўзбекистонда маънавий зарар ҳам кўрганмиз, тўққиз ярим ой давомида Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги МХХ тергов изоляторида сақланганимда кўрган қийноқларим юзасидан ҳам шикоят қилганман, лекин даъвонинг маънавий қисми эътиборга олинмаган афтидан, - деди Воҳид Гунеш.

Туркиялик тадбиркор Воҳид Гунеш етти йил мобайнида Ўзбекистонда тадбиркорлик қилганидан кейин 9 ой қамоқда сақланиб¸ 2011 мамлакатдан депортация қилинган эди.​

Гунеш билан бирга яна етти нафар туркиялик тадбиркор солиқ тўлашдан бўйин товлаганлик¸ ҳамда “яширин иқтисодиётни ривожлантиришга ҳисса қўшгани” учун Ўзбекистон суди томонидан айбдор деб топилган эди.

Воҳид Гунешнинг Ўзбекистонда "Туркуаз" номли йирик хорижий савдо тармоғига айланган ширкати иқтисодий ва сиёсий жиноятлар, жумладан солиқдан бўйин товлаш ва божхонага оид қонунчиликни бузганликда айбланиб, 2011 йилда ёпилганди.

Ўзбекистон ҳукуматига 700 минг АҚШ долларини тўлаганларидан сўнг, уларга жазо енгиллаштирилган ва мамлакатдан бадарға этилган.

Аммо, Воҳид Гунеш Ўзбекистонда ҳозирги президент Шавкат Мирзиёев даврида сармоя муҳити яхшилангани этироф этади, лекин бу мамлакатга бизнес қилиш учун қайтиш нияти йўқлигини айтади.

- Мирзиёев мени икки йил аввал Ўзбекистонга таклиф қилган эди. Бордик, кўришдик, лекин келиша олмадик. "Улар пулимиз йўқ, сизга бино берамиз, иш юритинг" дедилар. "Бинони нима қиламан", дедим. Лекин, Ўзбекистонда бизнес учун ҳозир тўсиқ бор деб ўйламайман. Ҳурматли Мирзиёевга қарши ҳеч қанақа эътирозимиз ҳам йўқ. Бу президент уч йил ичида анча ўзгаришлар қилди, - дейди Гунеш.

  • 1965 йилда таъсис топган Сармоядорлар ўртасидаги келишмовчиликларни тартибга солувчи Вашингтондаги халқаро марказга 140 давлат¸ хусусан¸ Ўзбекистон ҳам аъзо. Жаҳон Банки ҳузуридаги бу марказ халқаро майдондаги сармоя можароларини кўриб чиқиб¸ ҳукм чиқарувчи нуфузли халқаро арбитраж маҳкамаси ҳисобланади.
  • 2006 йилда Newmont USA Limited and Newmont (Uzbekistan) Limited ширкати Ўзбекистон ҳукуматини Вашингтон маҳкамасига тортган ва ўзаро можаро 2007 йилда Ўзбекистон ҳукумати Newmont билан муросага эришиб¸ ширкатга 80 миллион доллар тўлаши билан якун топган эди.
  • Шунингдек¸ Исроилнинг Metal-Tech Ltd.ширкати ҳам Ўзбекистон ҳукуматини 2010 йил апрелида Вашингтон арбитраж судига тортган¸ аммо ўша йилнинг июнь ойида ҳакам коррупцияга бориб тақалувчи бу келишмовчилик юзасидан ажрим чиқариш ўз ваколатига кирмаслиги асосида жараëнни тўхтатган.
  • МТС мобил телефон ширкати¸ “Вимм-Билль-Данн”, “Carlsberg”, Spentex Industries, Oxus Gold, United Cement Group каби ўнлаб ширкатлар ҳам Ўзбекистонда муаммоларга дуч келгач Сармоя ва бизнес билан боғлиқ низоларни кўриб чиқадиган АҚШдаги халқаро маҳкама ICSID га арз қилишган эди.
XS
SM
MD
LG