Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:53

Ироқдан 64 нафар ўзбек бола Тошкентга олиб келинди


Ироқдаги қочқинлар лагеридаги болалар. Суратнинг хабардаги воқеага алоқаси йўқ.
Ироқдаги қочқинлар лагеридаги болалар. Суратнинг хабардаги воқеага алоқаси йўқ.

Ўзбекистон Ироқдан 64 нафар ўзбек болани олиб келди. Болалар 10 октябрь куни Тошкент аэропортида кутиб олинди.

ЎзАнинг хабар беришича, болаларни ватанига қайтариш Ироқ ҳукумати ва ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда амалга оширилди. Болаларни Ўзбекистонга қайтариш юзасидан президент топшириғига кўра, махсус ишчи гуруҳи тузилган эди.

Хабарда айтилишича, «Меҳр 2» деб номланган мазкур инсонпарварлик амалиёти доирасида Ўзбекистонга 39 нафар ўғил ва 25 нафар қиз бола қайтарилган. Уларнинг 14 нафари 3 ёшгача бўлган ҳамда 2 нафари ота-онасидан айрилган болалардир.

Маълум қилинишича, болаларнинг ота-оналари Ироқда 10 йилдан 20 йилгача ёки умрбод қамоққа ҳукм қилинган.

Ишчи гуруҳ томонидан “қамоқ жазосини ўтаётган ўзбекистонлик аёллар билан тегишли суҳбатлар ўтказилди ва фарзандларини Ўзбекистонга олиб келиш бўйича уларнинг розиликлари олинган”.

“Эндиликда болалар барча қулайликларга эга бўлган соғломлаштириш муассасасига жойлаштирилиши кутилмоқда. Мутахассислар уларга ҳар томонлама тиббий, психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатишлари кўзда тутилган. Сиҳатгоҳда болалар учун иссиқ овқатлар ташкил этилиб, уларга янги кийим-кечаклар берилиши айтилмоқда”, дейилади хабарда.

Бундан олдинги операция

Ўзбекистонлик 156 аёл ва бола "Меҳр" инсонпарварлик операцияси доирасида 30 май куни махсус авиарейс билан Тошкентга олиб келинган эди. ​

Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг хабар қилишича, булар "алдов оқибатида ўзга юртга бориб қолиб, оғир ҳаётий даврни бошидан ўтказган" инсонлардир.

Баёнотда бу инсонларга ҳукумат томонидан "тиббий, психологик, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилиши, уларнинг тинч ҳаётга қайтиб, жамиятга мослашиши, таълим ва ижтимоий дастурларда иштирок этиши учун зарур шароит яратилиши, бошпана ва иш билан таъминлаш чоралари кўрилиши" айтилган.

Бу аёллар ва болалар Сурия ва Ироқдаги актив қуролли низолар ўтган ҳудудда бўлганми, хусусан, ИШИД ("Ислом давлати" экстремистик гуруҳи) сафида жанг қилган ​жангариларнинг оиласими - бу ҳақда ўз вақтида аниқ маълумот берилмаган)

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева Яқин Шарқдаги низоли ҳудудлардан аёллар ва болаларни олиб келиш амалиёти давом этишини билдирди.

Gazeta.uz нашрига берган шарҳида Норбоева 30 май куни қайтарилганларга шифокорлар ва психологлар ёрдам бераётганини айтди. Танзила Норбоеванинг аниқлик киритишича, келганларнинг 48 нафари аёл, 106 нафари болалардир.

XS
SM
MD
LG