Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:54

Касаба уюшмалари пахта теримида мажбурий меҳнатга йўл қўймасликдан огоҳлантирди


Ўтган ҳафта пахтага мажбуран юборилган давлат идоралари ходимлари.
Ўтган ҳафта пахтага мажбуран юборилган давлат идоралари ходимлари.

Ўзбекистонда яна бир пахта терим мавсуми бошланган мавсумда Касаба уюшмалари Федерацияси 25 сентябрдан 31 октябрга қадар мамлакат пахта далаларида мониторинг ўтказишини билдирди.

Бу мониторингдан мақсад¸ айтилишича¸ “18 ёшга тўлмаган шахсларнинг, ўқувчи ва талабаларнинг, бюджет ташкилотлари ходимларининг мажбурий меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги юзасидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш”дир.

Федерация матбуот хизмати эълон қилган хабарда ëзилишича¸ мониторинг давомида “пахта тераётган вояга етмаган шахслар аниқланса, уларни зудлик билан даладан олиб чиқиш ва ўқув даргоҳига ёки уйига қайтариш чоралари кўрилади. Бу ҳақда Акт (Далолатнома) тузилади ва меҳнат инспекциясига айбдор шахсларга нисбатан чора кўриш учун юборилади.

Мажбурий меҳнатдан фойдаланиш холатлари аниқланган ҳолда ҳам зудлик билан Акт (Далолатнома) тузилади ҳамда меҳнат инспекцияси чақирилиб, уларни иш жойларига қайтариш чоралари кўрилади”.

Федерация ўз расмий сайтида берган маълумотга кўра:

– корхона, ташкилот ва муассасалар ходимларидан ҳеч кимни меҳнат шартномасини бекор қилиш ёки интизомий жазо бериш таҳдиди остида пахта йиғим-теримига жалб этиш мумкин эмас;

– ҳеч бир корхона, ташкилот, муассаса раҳбари ходимларни пахта йиғим-теримига юбориш тўғрисида буйруқ чиқариши мумкин эмас;

– меҳнаткашлар, тадбиркорлар, деҳқон бозорларида савдо-сотиқ билан шуғулланувчилар, маҳаллаларда истиқомат қилувчи фуқаролардан пахта йиғим-терими учун пул маблағлари йиғиш қатъиян тақиқланади;

– терилган пахтанинг ҳар бир килограмми учун тўланадиган терим пуллари ҳар беш кунда, теримчилар хоҳишига кўра зарурат туғилганда – ҳар куни тўланиши лозим”.

Касаба уюшмалари федерациясининг бундай баëнотлари билан айни пайтда Озодликка Ўзбекистон бўйлаб ҳарбийлашган олий ўқув юртлари талаба ва ўқитувчиларини Сирдарë ва Жиззах вилоятига пахтага юборишга ҳозирлик бораëтгани хабар қилинди.

Бу жараëннинг мажбурий меҳнат сифатида талқин этилиши олдини олиш мақсадида олийгоҳ раҳбарлари талабалардан пахтага кўнгилли равишда бориш ҳақида мажбурий тилхат ëздириб олинаëтгани айтилмоқда.

Банк ва бюджет ташкилотлари ходимларининг ҳам турли босим ва таҳдидлар воситасида пахтага мажбурланаëтгани ҳақида хабарлар келмоқда.

XS
SM
MD
LG