Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:32

Мирзиёевга мурожаат билан чиққан гейлар фаолини милиция қидирмоқда


 Шоҳруҳ Салимов
Шоҳруҳ Салимов

Жинсий озчилик вакиллари ҳуқуқларини ҳимоя қилишни сўраб президент Мирзиёевга видеомурожаат қилган Шоҳруҳ Салимовни ички ишлар тизими таъқиб қилмоқда.

Ҳозирда Туркияда яшаётган Салимовнинг Озодликка айтишича, мурожаати эълон қилингач, ИИБ ходимлари Ўзбекистондаги уйига келиб, яқинларига унинг “қамаш учун қидирилаётганини” билдирган.

Шоҳруҳ Салимов 18 август куни Озодлик орқали президент Мирзиёевга қилган мурожаатида Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 120-моддаси - “Бесоқолбозлик”ни бекор қилишни сўраган эди.

Шоҳруҳ Салимовнинг 20 август куни Озодликка айтишича, бу мурожаатидан сўнг Ўзбекистондаги уйига ИИБ ходимлари келиб, яқинларига унинг қидирувда эканини маълум қилган.

- Милициялар келган экан. Келганининг сабаби, “Қамаймиз” деган экан мени, бу қилган мурожаатимдан кейин. Бизда бир кишини айблаш учун айнан бўйнида айби бўлиши шарт эмас. Масалан, сиз президентга қарши, давлатга қарши бирор бир мухолиф фикрда бўлсангиз ҳам келишади уйингизга. Мен эса, 120-моддага қаршиман. 120-модданинг ўзгартирилишини, ЛГБТларни қонун билан ҳимояланишини талаб қилдим. Бу ёқмаслиги табиий уларга. Уйимга бекорга келишмаган. Бизда бош кўтарганнинг боши кесилади, деди Шоҳруҳ Салимов.

Шоҳруҳ Салимов, Ўзбекистондаги яқинлари “Бесоқолбозлик” борасидаги ўз қарашларини қўлламаслиги ва "шу боис оила – аъзолари билан алоқа йўқ”лигини алоҳида таъкидлади.

Бу хабар ортидан Озодлик мухбири Шоҳруҳ Салимовнинг Ўзбекистондаги оиласи аҳволидан яхши хабардор шахслардан бири билан суҳбатлашди. Унинг айтишича, Шоҳруҳнинг президентга мурожаатидан сўнг, унинг яқинлари маҳалла-кўйнинг кучли босими остида қолган. “Милиция ходимларининг келиши уларни янаям руҳий босимга қўйди”, дейди Салимовлар оиласига яқин шахс.

Озодлик Салимовлар оиласи яшайдиган ҳудуддаги участка нозири билан боғланиб, Шоҳруҳ Салимовнинг қидирилаётгани сабабларини сўради. Бироқ участка нозири саволларни эшитиши билан телефон гўшагини қўйиб қўйди.

Озодлик мухбири айни савол билан Шоҳруҳ Салимовнинг Ўзбекистондаги яқинлари яшаётган ҳудуддаги Ички ишлар бўлимига боғланди. ИИБ ходими Шоҳруҳ Салимовга нисбатан ҳеч қандай жиноят иши очилмаганини таъкидлади. Бироқ у Салимов уйига ИИБ ходимлари бориши сабабини изоҳламади.

Ўзбекистон Жиноят Кодексида "бесоқолбозлик" сифатида таснифланган гомосексуализм ўртача оғирликдаги жиноят саналади ва гомосексуализм билан шуғулланган фуқаролар 3 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Гей ва лесбиянлар халқаро уюшмасининг жинсий озчилик ҳуқуқлари бўйича 2017 йилда эълон қилган ҳисоботида Ўзбекистон гомосексуализм жиноят даражасига кўтарилган давлатлар қаторидан жой олган.

Қароргоҳи Брюссель шаҳрида жойлашган Гей ва лесбиянлар халқаро уюшмасига кўра, постсовет ҳудудида фақат Ўзбекистон ва Туркманистонда гомосексуализм учун жиноий жазо белгиланган.

Ўзбекистон марҳум президенти Ислом Каримов ўз чиқишларидан бирида “гомосексуализм ўзбеклар учун жирканч” деган эди.

2018 йилнинг май ойида Ўзбекистон БМТнинг ЛГБТ ҳуқуқлари бўйича 11 та тавсиясини қабул қилмаган эди. Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори Акмал Саидов¸ бу ҳақда берган изоҳида¸ рад этилган тавсияларнинг Ўзбекистон Жиноят кодекси 120-моддасига (Бесоқолбозлик) зид эканини сабаб қилиб келтирган эди.

Шавкат Мирзиёевнинг ҳозирча бу масалада фикр билдиргани жамоатчиликка маълум эмас.

XS
SM
MD
LG