Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:36

Москвада 18 ўзбекистонликни қулликда сақлаганлар қўлга олинди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 1 август куни Москвада 18 нафар ўзбекистонликни қулликда сақлаган Тожикистон фуқаролари қўлга олинганини тасдиқлади.

“Элчихона вазиятни назоратга олди ва консуллик-ҳуқуқий масалаларни ҳал қилиш, жумладан, жабрланган юртдошларимизга ватанга қайтиш сертификатларини расмийлаштириш билан шуғулланмоқда”, дейилади расмий хабарда.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон Меҳнат муносабатлари ва бандлик вазирлигининг Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги айни пайтда қуллиқдан озод қилинганларнинг 14 нафарини Ўзбекистонга қайтариш юзасидан амалий ёрдам кўрсатмоқда.

Россия Тергов қўмитаси 24 июль куни Москва вилоятининг Серпухов шаҳрида қуллар меҳнатидан фойдаланганликда гумонланган тожикистонлик она-бола қўлга олинганини билдирган эди. Расмий маълумотда айтилишича, қўлга олинган она 51 ёшда, ўғил эса 29 ёшда.

Терговнинг аниқлашича, улар 2019 йилнинг июнида Ўзбекистондан бир гуруҳ эркакларни 15 кунлик иш учун 250 доллардан ойлик иш ҳақи беришни ваъда қилиб, Серпухов шаҳрига олиб келганлар.

Ўзбекистонликлар иш жойига келганларидан сўнг она-бола уларнинг ҳужжатларини регистрациядан ўтказиш ва ишлашга рухсат берувчи патент олиш баҳонасида олиб қўйган.

Ўзбекистонликлар бир ой қишлоқ хўжалик ишларида ишлаганлар. Бироқ уларга ваъда қилинган ойлик берилмаган, ҳужжатлари ҳам қайтарилмаган.

Қулликда сайланаётган ўзбекистонликлардан тўрт нафари ҳуқуқ-тартибот тузилмаларига мурожаат қилишга муваффақ бўлган. Бунинг ортидан полиция қул меҳнатидан фойдаланган тожикистонликларни қўлга олган. Уларга билдирилаётган айблов тасдиқланса, ўн йилгача қамалишлари мумкин.

Ўзбекистон ҳукумати сўнгги бир йил ичида хорижда ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари вазиятига эътибор қарата бошлагани кузатилади.

Расмий маълумотларда айтилишича, сўнгги бир йил ичида Россиядаги хориж фуқароларини вақтинча сақлаш марказларида сақланиб турган 1314 нафар ўзбекистонлик уйларига қайтарилди.

Россия, Жанубий Корея, Туркия, Қозоғистон ва Япониядан 94 нафар ўзбекистонликнинг жасади ватанига олиб келинди.

Меҳнат муҳожирлигида юрган ўзбекистонликларга иш берувчилардан 296 минг 520 доллар иш ҳақи ундириб берилди.

Хорижда юрган 12 774 нафар ўзбекистонликка бепул юридик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.

XS
SM
MD
LG