Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:58

Имон Каримова Бош прокуратурани онаси билан тузилган келишувни бузганликда айблади


Имон Каримованинг Instagram саҳифаси
Имон Каримованинг Instagram саҳифаси

Ўзбекистон марҳум президентининг невараси Имон Каримова Тошкент ҳукуматини "ўзаро ҳамкорлик" эвазига онаси Гулнора Каримовани қамоқдан озод этиш келишувини бузганликда айблаб чиқди.​

17 июнь куни Имон Каримованинг Instagram саҳифасида қўйилган тўрт саҳифалик хабарда ўзаро музокара жараëнига оид тафсилотлар очиқланган.

Имон Каримова мазкур хабарда сўнгги бир йилда онасининг қамоқдан озод этилиши, уй қамоғига олиниши ва яна қамоққа қайта олиб кетилиши хроникасини тасвирлаган.

Ислом Каримовнинг невараси шунингдек, Ўзбекистон Бош прокуратураси ва Гулнора Каримовага ўртасидаги музокараларга алоқадор "ҳужжатлар" борлигини маълум қилган.

Айни куннинг ўзида Гулнора Каримованинг швейцариялик адвокати Грегуар Манжа (Grégoire Mangeat) Ўзбекистон ҳукуматини Гулнора Каримовани “зўравонлик билан ҳибсда ушлаб туришни” тўхтатишга чақирди.

Бу айбловларга муносабат сўралганда Ўзбекистон Бош прокуратураси Озодликка ижтимоий тармоқларда тарқалган фикрларга муносабат билдирилмаслигини маълум қилди.

(Озодлик Имон Каримова Instagram саҳифасида ва Грегуар Манжа Twitter саҳифасида илгари сурилган иддаоларни мустақил равишда текшира олмади.)

Музокаралар

Имон Каримованинг Instagram саҳифасига жойлаштирган хабари
Имон Каримованинг Instagram саҳифасига жойлаштирган хабари

Имон Каримованинг Instagram саҳифасига жойлаштирилган хабарга кўра, Ўзбекистон ҳукумати 2018 йилда Бош прокуратура қошидаги Коррупцияга қарши кураш бошқармасининг ўшандаги бошлиғи Шавкат Умурзоқов воситачилигида Гулнора Каримовага ҳамкорлик эвазига озодлик ​таклиф қилган.

Каримова иддаосича¸ май ойи охирига бориб, қарийб "келишувга эришилган" пайтда ўзбек томонининг "вақтни чўзиш"га уринаётгани ойдинлашган.

"Май охирида келишувларга эришилгандек бўлганди. Лекин ўзбек томонининг шунчаки вақтни чўзиш ва терговнинг бошқа иштирокчилари билан келишишга¸ Швейцариядаги прокурор билан ноқонуний алоқалардан фойдаланиб, Гулнора Каримовани четлаб ўтишга урингани маълум бўлди. Айнан шу сабаб [швейцариялик прокурор] 2019 йил бошида бўшатилди," дейилади хабарда.

Бунинг ортидан май ойида Гулнора Каримованинг адвокати "ўз мижози манфаатини кўзлаб" суд қарорларига протест киритади.

"Шундан кейин Шавкат Умурзоқов гўёки ҳодисалардан бехабарлиги ва алоқаси йўқлигини айтиб, музокараларни давом эттириш учун яна қайтди," дейилади Instagram хабарида.

Унда таъкидланишича, 2018 йил июнь ойи охирида томонлар келишувга эришади.

Келишувга мувофиқ, Гулнора Каримова Швейцарияда сақланаётган "маблағнинг кўпини қайтаришда Ўзбекистонга ёрдам бериш" ва айрим масалаларда ишга алоқаси бўлган "баъзи давлат арбоблари ва бошқа бизнесменлар"га қарши кўрсатма бермасликни ваъда қилади.

Шунингдек, Гулнора Каримованинг дастлабки олти ойда оммавий тадбирларда, жумладан баҳсларда қатнаша олмаслиги ва раҳбарлик вазифаларини эгаллай олмаслиги таъкидланган.

"Бош прокуратура томонидан [Гулнора Каримовага тегишли] қатор бинолар, жумладан уй, бир корхона, қатор машиналарни қайтариш, [Гулнора Каримовага] икки марта жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун мамлакатдан чиқишни таъминлаш ваъда қилинди".

Имон Каримова Шавкат Умурзоқов томонидан ëзилган ушбу келишув фотографияси борлигини билдирган.

Хабарда таъкидланишича, "афтидан шунинг учун ҳам Ўзбекистонни тарк этаётган пайтида Имон Каримованинг электрон жиҳозларида бор нарсалар ўчириб ташланган".

(Бош прокуратура Имон Каримованинг 28 сентябрь куни Тошкент-Лондон рейсига чиқишдан олдин компьютери обдон текширилгани ҳақидаги иддаосини рад этган эди).

Келишувнинг бузилиши иддаоси

Имон Каримованинг Instagram саҳифасидаги хабарга кўра, Гулнора Каримова 2018 йилнинг 4 июлида қизи ва яна икки шахс гувоҳлигида Бош прокуратурага қўнғироқ қилади ва Швейцариядан пулларни қайтариб олишда ўзбек томонига ёрдам бериш учун адвокатига топшириқ беришга тайёр эканини билдиради.

Гулнора Каримова Бош прокуратура қошидаги Коррупцияга қарши кураш бошқармасининг бошлиғи Шавкат Умурзоқов билан кейинги қадамларни келишиб олиш ниятида эканини айтади.

Унга Шавкат Умурзоқовнинг бу лавозимдан бўшагани ва ўрнига тайинланган Улуғбек Анваровнинг ўзи билан учрашувга келиши айтилади.

(Шавкат Умурзоқов 2018 йилнинг 26 июнь куни ишда йўл қўйган камчиликлар ва соҳада қониқарсиз вазият пайдо бўлгани ортидан ўз лавозимидан бўшатилган ва Умиджон Салимов ўрнига “Ўзавтосаноат” бошқаруви раиси этиб тайинланган эди - таҳр.)

"Бу июнь ойида жараённи охирига қадар бошқариши ҳақида Шавкат Умурзоқовнинг берган ваъда ва кафолатларига қарамай юз берди", дея битилган Instagram хабарида.

Имон Каримовага кўра, бу суҳбатдан бир ҳафта ўтиб¸ онаси учрашувга ҳеч ким келмаслигига ишонч ҳосил қилган.

Ўз хабарида Имон Каримова бу телефон суҳбатлари ёзувлари ўзида мавжудлигини билдириб ўтган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси 18 июнь куни Озодликка Имон Каримованинг ижтимоий тармоқларда ёзаётган фикрларига муносабат билдирмаслигини маълум қилди.

Қачонгача?

Имон Каримованинг Instagram-даги хабари билан бир вақтнинг ўзида швейцариялик адвокат Грегуар Манжа (Grégoire Mangeat) Гулнора Каримовани қамоқдан озод этиш талаби билан чиқди.

Адвокатнинг ўз Twitter саҳифасида иддао қилишича, ҳозирда Тошкент вилояти, Зангиота туманида жойлашган аёллар колониясида сақланаётган Гулнора Каримованинг аҳволи ёмонлашган эса-да, унга тиббий ёрдам кўрсатилмаётир.

"Зангиотадан қайтдим. Мижозим ёмон аҳволда. Қон босими юқори. Оёғи тўлиқ бинтланган. Тиббий ёрдам йўқ. Кўп марта ҳушидан кетган. Ҳукуматга оддий савол: Нега Зангиота ва қачонгача? Ўзбошимчалик билан ҳибсда ушлаб туришни тўхтатинг", деб ёзди 15 июнь куни Зангиота қамоқхонасида ўз мижози билан кўришган Манжа.

Гулнора Каримованинг адвокати июнь ойи охирида ҳам айни мазмундаги баёнот билан чиққанди.

10 июнь куни бу баëнотга муносабат билдирган Бош прокуратура Гулнора Каримованинг олдига шифокорларнинг киришига ҳеч қандай тўсиқ йўқлиги¸ унинг соғлиғи қониқарли экани ва зарурат бўлса¸ ҳар қандай тиббий муолажа кўрсатилиши кафолатланган"ини расман маълум қилган эди.

Жазо шартини бузиш

Коррупция ва қатор оғир иқтисодий жиноятларда айбланган Гулнора Каримова Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2017 йил 18 декабрдаги ҳукми билан 10 йилга қамалган эди.

2018 йил 1 июлда эса Гулнора Каримовага тайинланган жазо 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига алмаштирилган.

Бош прокуратуранинг хабар беришича: “Инсонпарварлик нуқтаи назаридан ҳамда маҳкума жиноий йўл билан орттирилган пул маблағларини қайтариш ва давлатга етказилган зарарни қоплаш мажбуриятларини ўз зиммасига олганлигини эътиборга олган ҳолда”¸ озодликни чеклаш жазосини ўташ жойи этиб маҳкума Гулнора Каримованинг ўз танловига кўра, қизи Имон Каримованинг яшаш жойи белгиланган.

Сўнгги расмий баëнотга кўра¸ Каримова жазони ўташ тартиби ва шартларини бузганлиги сабабли 2019 йил 5 мартда Жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди Каримова устидан яна бир ҳукм чиқарган. Бу ҳукмга мувофиқ¸ Каримовага нисбатан тайинланган жазонинг ўталмай қолган муддати озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштирилиб, жазони умумий тартибли колонияда ўташи белгиланган.

XS
SM
MD
LG