Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:50

Самарқанд ҳокимининг қишлоғини обод қилишга "аҳоли мажбуран жалб қилинмоқда" (ВИДЕО)


 Жўш қишлоғидаги ҳашарчилар
Жўш қишлоғидаги ҳашарчилар

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов туғилиб ўсган Қўшработ туманидаги Жўш қишлоғини “Обод қишлоқ”қа айлантириш учун бўлаётган қурилиш ишларига аҳоли вакиллари ҳам жалб қилинди.

Жўшликларга кўра, қурилиш ишларига, асосан, бола пули ва моддий ёрдам олувчилар чиқарилмоқда.

Озодликка боғланган жўшликларнинг айтишича, қурилишга чиқмаганларга нафақа кесилиши билан таҳдид қилинмоқда.

Самарқанд ҳокимининг қишлоғини обод қилишга "аҳоли мажбуран жалб қилинмоқда"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:25 0:00

“Ҳашарга чиқмаганнинг нафақаси кесилади”

Самарқанднинг энг чекка қишлоқларидан бири – Жўшни йил охиригача “Обод қишлоқ”қа айлантириш топшириғи берилган.

Қурилишни муддатида тугатиш учун бу ишга аҳоли ҳам жалб қилинган.

​Озодликка боғланган жўшликларга кўра, қишлоқни “Обод қишлоқ”қа айлантириш жараёни мажбурий меҳнат кўринишида ўтмоқда.

“Йил бошидан буён тумандаги барча бюджет ташкилотлари ишчи-ходимлари мажбурий меҳнатга жалб қилиниб келаётган эди. Энди қишлоқдаги минглаб одамлар ўз хоҳишига қарши равишда олиб чиқилмоқда. Бормаганларни ишдан бўшатиш билан таҳдид қилишмоқда. Пенсия, бола пули ва кам таъминланганлик учун моддий ёрдам олувчиларга агар ҳашарга чиқмаса, нафақа берилиши тўхтатиб қўйилиши билан таҳдид қилинмоқда”, дейди жўшликлардан бири.

Бошқа бир жўшлик йигитнинг айтишича, ИИБ вакиллари ва маҳалла раислари уйма-уй юриб, халқни ҳашарга олиб чиқмоқда.

“Барчани мажбуран олиб чиқаяпти. Ҳатто бобойлар ҳам чиқарилаяпти. Одамлар уйларидан кетмон ва лопатка билан чиқишмоқда. ИИБ ходимлари одамларни автобусга солиб олиб кетаяпти. Минглаб эркак ва хотин-қизлар чиқарилаяпти”, дейди жўшлик йигит.

“Ҳашарчилар боласи билан бирга чиқмоқда”

Яна бир жўшликнинг айтишича, ҳашарга ҳар бир маҳалладан 500дан зиёд одам олиб чиқарилмоқда.

“Қишлоғимизда 8та маҳалла бор. Ҳар бир маҳалладан 500дан зиёд, баъзиларидан 600 атрофида оддий аҳоли чиқарилаяпти. Жами маҳаллалардан 5000дан зиёд оддий одамлар чиқарилмоқда. Боласини ташлаб кетишга одами йўқ аёллар, боласи билан биргаликда чиқаяпти. Кейин бюджет идоралари ишчилари бор, яна 100дан зиёд солдатлар ҳам олиб келинган”, дейди исмини очиқламасликни сўраган жўшлик.

Озодликка Жўшдан жўнатилган суратлардан бирида қаторлашиб саф тортиб турган ўнлаб ҳашарчилар орасида ёши катта қария борлигини кўриш мумкин.

Бошқа бир суратда сафда турганлар орасида бир аёлнинг ёнида ёш қизалоқнинг турганини ҳам кўриш мумкин.

Ҳоким туғилган қишлоқ

Жўшликларнинг айтишича, вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов туғилиб, ўсган ушбу қишлоқдаги қурилишларга шахсан унинг ўзи бош-қош бўлмоқда.

“Вилоят ва тумандаги катталарнинг ҳаммаси шу ерда. Шахсан вилоят ҳокими Турдимов “Бекор юрганларни, давлатдан ёрдам олаётганларни уйма-уй юриб бўлса ҳам чиқарасан. Маблағ йўқ, етишмаяпти. Халқни ўзи қилади қурилишни”, деб мажлисда айтган. Ҳоким шу қишлоқда туғилган. Шунинг учун қурилишга катта эътибор беришмоқда”, дейди жўшликлардан бири.

Инкор

Озодлик 17 июнь куни вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг мобил телефонига бир неча бор қўнғироқ қилди.

Бироқ телефон ўчирилгани боис ундан жўшликларнинг иддаолари борасида изоҳ олиш имкони бўлмади.

Озодлик мухбири Жўш қишлоғидаги маҳалла раисларидан бири - Раҳматилла Тоғаев билан боғланди.

Тоғаев қурилиш ишларига аҳолининг мажбуран олиб чиқилаётганини мутлақо инкор қилди.

“Ҳамма ўз хоҳиши билан чиқаяпти. Хурсандчилик билан қилаяпти бу ишларни. Ўз маҳалласи, қишлоғи обод бўлаяптику. Ҳеч ким мажбурланмади. Ҳеч кимга чиқмасанг нафақа берилмайди деган гап ҳам қилинмади. Бу мутлақо бўлмаган гап”, деди Раҳматилла Тоғаев.

Обод қишлоққа айланаётган Жўш

​Самарқанд марказидан 140 километр узоқликда жойлашган Жўшда 3400дан зиёд хонадон бўлиб, жами 26 мингдан ортиқ аҳоли яшайди.

Маҳаллий мулозимларга кўра, “Обод қишлоқ” дастурига мувофиқ, Жўшда 200 километрлик йўллар текисланади, қишлоқдаги кўприклар таъмирланмоқда, шунингдек, иккита янги кўприк қуриш белгиланган.

​Режага кўра, қишлоқдаги ҳар бир маҳаллада маҳалла маркази ва мини-футбол стадионлари қурилади. Қишлоқда тиббий маскан қурилиб, мактаблар ва эски масжид таъмирланиб, кенгайтирилади.

Шунингдек, қишлоқда кам таъминланганлар учун 20та арзон уй-жой қурилиши айтилмоқда.

Жорий йил январь ойининг бошида бошланган қурилиш ишлари йил охиригача якунига етиши режаланган.

Самарқанд ҳокимининг қишлоғини обод қилишга "аҳоли мажбуран жалб қилинмоқда"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:06 0:00
Бевосита линк

“Обод қишлоқ” дастурига мувофиқ Қўшработ туманида Жўшдан ташқари Булоқбоши ва Заркент қишлоқларида ҳам қурилиш ишлари авжида. Озодликда бу қишлоқлардаги қурилишлар билан боғлиқ вазиятга оид маълумотлар йўқ.

"Обод қишлоқ" дастурига асосан жорий йилда Самарқанд вилояти бўйича жами 14 тумандаги 42 та қишлоқ “Обод қишлоқ”қа айлантирилиши лозим. Бунинг учун жами 372,062 миллиард сўм ажратилган.

XS
SM
MD
LG