Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:11

Журналистлар ижро ҳокимиятига мухолифат мақомида туриши лозимлиги эслатилди


Ўзбекистон журналистлари орасида бирлик, ҳамжиҳатлик йўқ, деб ҳисоблайди “Маърифат” газетаси бош муҳаррири Ҳусан Нишонов (“Ҳуррият”, 29 май). Қайд этилишича, ўтган йили бир неча ахборот сайти блокланганда, қолган сайтлар, босма нашрлар ва телерадиоканаллар лом-мим демади, “Бу қанақаси, сўз эркинлиги масаласи нима бўлади”, деб мутасаддиларни саволга тутмади. Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов “XXI аср” газетаси ҳамда машҳур журналист Маҳмуд Саъдийни судга берганда ҳам газеталардан ўқувчиси бир неча баравар кўп бўлган машҳур сайтлар ва блогерлар “миқ” этмади. Таъкидланишича, аслида журналистлар тўртинчи ҳокимият ўлароқ ижро ҳокимиятига оппозиция мақомида туриши, шу каби вазиятларда бир-бирини қўллаб-қувватлаб, хато қилган вазир, сенатор ё бошқа амалдорга кўзгу тутиши керак.

“Демак, ўзбек журналистикаси ҳали тўлиқ мустақил бўла олганича йўқ. Ҳатто давлатга қарашли бўлмаган, хусусий секторга тегишли ўша машҳур сайтлар ҳам қандайдир даражада, қандайдир механизмлар билан кимларгадир, нималаргадир қарамдай таассурот қолдиради”, дейди Халқ таълими вазирлиги газетаси бош муҳаррири Ҳ. Нишонов.

XS
SM
MD
LG