Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:44

Ўзбекистон ўрик экспорти бўйича жаҳондаги учинчи ўринни бой бериши мумкин. Лондонда ўзбек гилоси неча доллардан сотилмоқда?


Сурхондарёда етиштирилган ўрик.
Сурхондарёда етиштирилган ўрик.

Мева – сабзавот экспорти масаласига ихтисослашган EastFruit портали экспертларининг прогнозларига қараганда, Ўзбекистон ўрик экспорти бўйича позициясини жорий йилда Европа давлатларига бой бериши мумкин.

Ўзбекистон ўрик экспорти бўйича жаҳондаги учинчи ўринни бой бериши мумкин
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:01 0:00

Европада ўрик ҳосили нобуд бўлгани Ўзбекистонга қўл келди

Порталнинг 28 май куни хабар беришича, 2018 йилда Ўзбекистон ўрик экспорт қилиш бўйича жаҳонда учинчи ўринни эгаллашга муваффақ бўлган. Ўтган йили Ўзбекистон 43 минг тонна ўрик экспорт қилган ва бу соҳада Франция, Италия, Грецияни ортда қолдирди

Экспертларга кўра, 2018 йилда Европада об-ҳаво шароити ёмон бўлгани оқибатида фермерлар ўрик ҳосилининг тенг ярмини йўқотганлар. Бу эса Ўзбекистонга қўл келди ва бу давлат ўрик экспортини оширишга муваффақ бўлди.

Европада ўрик ҳосили камайгани ортидан 2018 йилда Ўзбекистон биринчи марта Европа Иттифоқи ҳудудига кирувчи Литвага ўрик сотишга эришди.

“Бу унча катта бўлмаган бир марталик партия эди. Бироқ жорий йилда эртапишар ўрикни Ўзбекистондан Европа Иттифоқига экспорт қилиш ҳажми кўпайиши мумкин”, дейилади EastFruit портали хабарида.

Жорий йилда ҳам Ўзбекистон учинчи ўринда қолиши шубҳа туғдирмоқда

Портал экспертларига кўра, жорий йилда Европада об-ҳаво яхши келиб, ўрикдан мўл ҳосил олиниши кутилмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистон 2018 йилда эришган позициясини бой бериши ва бугунги учинчи ўриндан бешинчи ёки олтинчи ўринга тушиб қолиши мумкин.

Жаҳонда ўрик экспорт қилиш бўйича биринчи ўринни Испания эгаллайди. Бу давлат йилига 109 минг тонна ўрик сотади. Туркия эса 70,7 минг тонна ўрик эскпорт қилиб, иккинчи ўринни эгаллаган.

Гилос экспорти бўйича Ўзбекистон тўртинчи ўринда

EastFruit портали ўтган йилнинг июнида Ўзбекистон 2017 йилда гилос экспорти бўйича Испанияни ортда қолдириб, жаҳондаги 4-ўринни эгаллагани ҳақида хабар берган эди.

Маълумотда айтилишича, 2017 йилда Ўзбекистон 32 минг тонна гилосни экспорт қилган, бу эса Испания экспорт қилган гилосдан 5 минг тоннага кўпдир. Портал экспертлари 2018 йилда Ўзбекистон камида 45-50 минг тонна гилос экспорт қилганини билдирмоқда.

Ўзбек гилоси Лондонда неча доллардан сотилмоқда?

25 май куни Халқаро Меҳнат ташкилотининг бош техник маслахатчиси Жонас Астран Британияда илк маротаба Ўзбекистон гилоси сотила бошланганини маълум қилган эди. ЎзА эса бу гилос Намангандан экспорт қилинганини ёзган.

Хабарларда айтилишича, Лондондаги Хитроу аэропорти яқинидаги Western International Market’да ўзбек гилосининг 5 килолик коробкаси 35 фунт стерлингдан, яъни 44 доллар 45 центдан (1 килоси таҳминан 8 доллар 90 центдан) сотилмоқда.

Лондоннинг бошқа магазинларида эса ўзбек гилосининг бир килосини 9,99 фунт стерлинг, яъни 12 доллар 55 центдан сотиб олиш мумкин.

Даромад қанча?

Ўзбек гилосини Лондонга Тошкентда рўйхатга олинган Gold Dried Fruits Export ширкати етказиб бермоқда.

EastFruit экспертлари мазкур ширкат Лондонда сотилаётган ўзбек гилосининг ҳар бир килосидан 2,5-3 долларга яқин соф даромад топаётганини ҳисоблаб чиққанлар.

Порталнинг ёзишича, ўтган якшанба куни Ўзбекистон бозорида сараланган энг яхши гилоснинг бир килоси 17 минг сўм, яъни тахминан 2 доллардан сотилган.

XS
SM
MD
LG