Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:59

OzodDayjest: Эгизакларга президент исмини қўйиш ошкора тамагирлик сифатида қораланди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Тошкент ҳокимиятининг дренаж тизими хусусидаги баёноти савол остига олинди. Депутатларнинг расмий мурожаати – сўровига беписандлик қилиш ҳолати кўпаймоқда. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Тошкент ҳокимиятининг дренаж тизими учун 500 миллиард сўм кераклиги ҳақидаги баёноти савол остига олинди

Баҳорги серёғин кунларда нафақат ҳудудлар, пойтахт Тошкент кўчалари ва объектлари ҳам сув остида қолмоқда (“Оила даврасида”, 16 май).

Мазкур ҳолатни изоҳлаган Тошкент шаҳри ҳокимияти пойтахт ирригация ва дренаж тармоқлари капитал таъмирга муҳтожлиги ва бунинг учун 500 миллиард сўмдан ортиқ маблағ зарурлиги ҳақида баёнот берган эди.

Газета ҳокимлик баёнотини савол остига олган. Таъкидланишича, ёғингарчилик пайти муаммо фақат эски объектларда эмас, яқиндагина қуриб фойдаланишга топширилган иншоотларда ҳам кузатилмоқда.

“Нима, улар қурилаётганда ирригация ва дренаж масалалари кўзда тутилмаганми? Агар кўзда тутилган бўлса-ю, улар сифатсиз ва ишламайдиган бўлса, унинг таъмирига яна нима учун миллиардлаб пул керак?” дея савол қўяди газета.

Нашрга кўра, шаҳардаги янги ирригация ва дренаж тармоқларини нобоп ҳолда барпо қилган лойиҳачию қурувчилар ҳам жавоб бериши керак.

Депутатларга беписанд амалдорларни жазолаш таклиф этилди

Депутатларнинг расмий мурожаати – сўровига беписандлик қилиш ҳолати кўпаймоқда (“XXI аср”, 16 май).

Ўзбекистон либерал-демократик партияси вакили Юсуфжон Юсуповга кўра, жорий йилнинг 1-чорагида партиянинг маҳаллий кенгаш депутатлари томонидан турли муаммолар юзасидан масъул мансабдорларга 3466 та сўров юборилган, аммо ушбу сўровларнинг 123 тасига вақтида жавоб берилмаган, 85 та депутатлик сўрови умуман эътиборсиз қолдирилган.

Қайд этилишича, депутатлик сўровига беписанд амалдорларни жазолаш механизми мавжуд эмаслиги ушбу ҳолатнинг кўпайишига сабаб бўлмоқда.

Газетага кўра, депутатга беписандлик халққа беписандлик деб баҳоланиши ва масъул мансабдорларни жазолаш механизми ишлаб чиқилиши керак.

Эгизакларига президент исмини қўйган ота-оналар ва уларга машина совға қилган раҳбарлар танқид қилинди

Ўзбекистонда уч эгизак фарзанд туғилса, Шавкат, Миромон ва Мирзиё дея давлат раҳбари исмини қўйиш ва ота-онага автомобиль совға қилиш урфга кирмоқда (“Даракчи”, 16 май).

Газета бу ҳолатни “ошкора тамагирлик” деб атаган. “Бир чоракнинг ўзида 9-10 та мана шундай хабарни эшитдик ва жуда хурсанд бўлдик. Ҳа, сиртдан қараганда анча қувончли ҳолат. Раҳбарият саховатигаям гап йўқ! Лекин... Бунинг тагида жуда уятли ҳолат ётгани наҳот сезилмаса?! Ориятсизлик, тама, сурбетлик, боқимандалик сингари иллатларнинг иси келмаяптими? Саховат ва эзгулик бўлиб кўринган тадбир, аслида ғурурсизлик ва пасткашликни рағбатлантириш бўлиб қолмаяптими?” деб ёзади муаллиф.

Мақолада фарзандига президент исмини берган ота-онага автомобиль совға қилаётган ҳоким ва раҳбарларнинг хатти-ҳаракати очко ишлаб олишга уриниш деб баҳоланган.

Таъкидланишича, ушбу ошкора тамагирлик ҳолатига нуқта қўйиш вақти келди.

XS
SM
MD
LG