Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:33

Президент Мирзиёев Озодликка: "Мингдан минг раҳмат! Келинглар! (ВИДЕО)


Президент Шавкат Мирзиёев Берлинда ўзбек ёшлари билан қисқа суҳбатлашди.
Президент Шавкат Мирзиёев Берлинда ўзбек ёшлари билан қисқа суҳбатлашди.

Озодлик мухбирининг Берлиндан хабар беришича, 21 январь куни Бельвю саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни Германия Федератив Республикаси Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер кутиб олди.

Шавкат Мирзиëев ва Франк-Вальтер Штайнмайер Германиядаги барча харбий қисмлар вакилларини ўзида жам қилган фахрий қоровул ëнидан юриб ўтишди.

Айни тадбир иштирокчиси Германиядаги уруш ва тинчликни ўрганиш тадқиқот маркази ходими Туронбек Қозоқовнинг Озодликка айтишича¸ "немис ҳарбийларининг Ўзбекистон президентини олқишлаши жиддий рамзий аҳамиятга" эга.

Германия бу олқишлаш билан ҳарбий соҳадаги икки давлат алоқаларини янги савияга кўтарилишини истайди, деди Туронбек Қозоқов.

Инсон ҳуқуқлар бўйича Ўзбекистон Германия форуми вакили¸ яқинда Ўзбекистонга бориб мулозимлар билан учрашувлар ўтказиб келган Лин Швайсфуснинг Озодликка айтишича¸ иқтисодий¸ харбий муносабатлар яхшиланиши мамлакатда сиëсий эркинликлар берилиши билан параллел амалга оширилсагина самара беради.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев куннинг иккинчи ярмида Федерал канцлер Ангела Меркель ва Бундестаг раиси Вольфганг Шойбле билан учрашувлар ўтказди.

22 январь куни Ўзбекистон президенти Мюнхен шаҳрида Бавария бўлгаси бош вазири Маркус Зёдер ҳамда Германиянинг етакчи компания ва банклари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.

Германия раҳбарлари билан учрашуви олдидан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Озодлик саломига жавобан миннатдорчилик билдирди.

Озодлик саломларини етказган мухбирга Шавкат Мирзиёев: "Мингдан минг раҳмат! Соғ бўлинлар. Келинглар... Келинглар" деди.

Мирзиëев Озодликка: Мингдан минг раҳмат¸ келинглар¸ соғ бўлинглар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:13 0:00

Ўзбек-Герман форуми Мирзиёевни кўпроқ ислоҳот ўтказишга чақирди

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбек-Герман форуми вакили таҳлилчи Лин Швайсфус Озодлик билан суҳбатда Шавкат Мирзиёев тарихга реформатор сифатида кириши мумкинлигини айтди. Аммо, бунинг учун "бундан ҳам кўпроқ ишларни қилиши керак".

Лин Швайсфус жумладан шундай деди:

Бу - Шавкат Мирзиёевнинг Германияга ўзгача ташрифи. У буюк реформатор сифатида дунёга таниляпти, бу қисман ҳақиқат. Анча ислоҳотларга асос солинди. Аммо уларнинг аксари иқтисод соҳасида. Мирзиёев "буюк реформатор" деган обрўни мустаҳкамлаш учун бундан ҳам кўпроқ ишларни қилиши керак. Бизни хавотирга солаётган инсон ҳуқуқлари масаласига эътибор қилиши керак. Ўзбекистонда ҳали ҳам минглаб сиёсий маҳкумлар бор. Уларнинг аксари қийноқларга солингани ҳақида маълумотлар бор. Коррупция даражаси ҳалиям жуда юқори. Ўзбекистон ҳали ҳам мажбурий меҳнатдан фойдаланади ва ҳар йили фуқароларни пахта далаларига чиқаради. Биз Президент Мирзиёев тарихга буюк реформатор сифатида киришига чин юракдан тилакдошмиз ва қўлдан келганча ёрдам беришга тайёрмиз.

Германиялик таҳлилчи: Мирзиëев ислоҳотлари асосан иқтисодда бўляпти
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:59 0:00

Президент Шавкат Мирзиёев Германия президенти билан учрашди

21 январь куни Бельвю саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни Германия Федератив Республикаси Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер кутиб олди, дея хабар берди president.uz cайти.

Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросимида унинг "шарафига фахрий қоровул саф тортди".

"Музокара аввалида Шавкат Мирзиёев Франк-Вальтер Штайнмайерни жорий йилнинг май ойида нишонланадиган Германия Федератив Республикаси ташкил топганининг 70 йиллиги билан табриклади," дея таъкидланади хабарда.

Федерал канцлер Ангела Меркелнинг таклифига биноан Германияга расмий ташриф билан борган президент Шавкат Мирзиёевнинг асосий учрашувлари 21 январь куни пойтахт Берлинда бўлиб ўтади.

Президент Шавкат Мирзиёев бугун Германияда асосий учрашувларни ўтказади

Ўзбекистон президентини Берлинда кутиб олиш тантанаси.
Ўзбекистон президентини Берлинда кутиб олиш тантанаси.

​Президент матбуот хизматининг хабар беришича, Шавкат Мирзиёев Федерал президент Франк-Вальтер Штайнмайер, Федерал канцлер Ангела Меркел ва Бундестаг раиси Вольфганг Шойбле билан учрашувлар ўтказади.

Музокараларда Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий ҳамкорликни ривожлантириш, маданий-гуманитар, фан-таълим ва туризм соҳаларидаги алоқаларни фаоллаштириш каби масалаларни муҳокама қилиш кўзда тутилган.

Мирзиёев 22 январь куни Мюнхенда Бавария бош вазири Маркус Зёдер ҳамда Германиянинг етакчи компания ва банклари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.

Шавкат Мирзиёев 20 январь куни икки кунлик расмий ташриф билан Германияга келган эди.

“Тегел халқаро аэропортида олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Давлатимиз раҳбарини Германия расмий шахслари кутиб олди”, дейилади расмий хабарда.

"Иқтисодий, инвестициявий ва технологик жиҳатдан улкан имкониятларга эга Германия билан ҳамкорликдан ҳам катта мақсадлар кўзланган", дея хабар қилади матбуот хизмати.

Мирзиёев Берлинда ўзбек ёшлари билан учрашди

“Германияда ўқиётган, илмий изланишлар олиб бораётган бир гуруҳ ўзбекистонлик ёшлар Берлин шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёевни катта хурсандчилик билан кутиб олди”, деб хабар берди Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

Хабарда айтилишича, ватандошлар билан Ўзбекистон делегацияси жойлашган қароргоҳ олдида самимий суҳбат бўлиб ўтган.

Берлиндаги ўзбеклар Мирзиёевни кутиб олмоқда.
Берлиндаги ўзбеклар Мирзиёевни кутиб олмоқда.

Президент Германиядаги ўзбекистонликларнинг ўқиш ва ишлари, орзу-истаклари билан қизиқди.

– Ривожланган давлатлар барча соҳаларга илмий ёндашиб натижага эришган. Биз ҳам жуда катта изланишдамиз. Бутун ҳаракатларимиз дунё билан тенг бўлишга, халқимизга муносиб ҳаёт яратишга қаратилган. Ислоҳотларни сиздек илғор ёшлар билан бирга амалга оширамиз. Ҳамма ўрганган билим, “ноу-хау”ларингни Ўзбекистоннинг ҳар бир соҳаси интиқлик билан кутяпти. Қанча кўп билимли бўлсак, шунча қудратли бўламиз,- деди Шавкат Мирзиёев.

“Президент ёшларни ўқиш ва изланишларини муваффақиятли тугатиб, билим ва тажрибаларини мамлакатимиз ривожига йўналтиришга таклиф этди”, деб ёзди президент матбуот хизмати.

Сафар арафасида Ўзбекистон - Германия бизнес форуми бўлди

Бу сафар арафасида - 14 январь куни Берлинда Ўзбекистонга немис капиталини жалб қилиш ва ўзаро иқтисодий муносабатларни жонлантириш имконларини муҳокама қилиш учун немис-ўзбек бизнес форуми уюштирилди.

Тадбирда қатнашган Ўзбекистон расмийлари ҳисоботига кўра, 2018 йилнинг 9 ойи якуни бўйича Германия билан Ўзбекистон ўртасидаги товар айланмаси 526 миллион долларни ташкил қилган.

​Бу рақам Германиянинг бошқа Марказий Осиë мамлакатлари иқтисодидаги иштироки билан қиëслаганда, анчайин оз. Жумладан, Германиянинг Қозоғистон билан 2017 йилдаги товар айланмаси 5 миллиард долларни ташкил қилган.

Бундан ташқари, Берлиндаги таҳлилчилар, Ўзбекистонда сармоядорлар учун муҳим бўлган шаффофлик, қонун устуворлиги ва мустақил суд институтлари ҳануз етарли даражада ривожланмагани немис сармоядорларини иккилантириб турганини айтади.

"Чегара билмас мухбирлар" Ўзбекистондаги матбуот эркинлигига эътибор қаратди

Шунингдек, Мирзиёевнинг Германия сафари арафасида “Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилоти канцлер Ангела Меркелни Ўзбекистон президенти билан учрашув чоғида матбуот эркинлиги масаласига эътибор қаратишга чақирди.

Ташкилотнинг билдиришича, Ўзбекистонда интернет (Facebook ва YouTube каби ижтимоий тармоқлар) ҳамон қаттиқ назорат остида қолмоқда, мустақил сайтларнинг кўпчилиги тўсиб қўйилган, танқидий нуқтаи назарда бўлган журналистлар эса мамлакатга киритилмаяпти.

“Чегара билмас мухбирлар” Мирзиёев ҳокимиятга келганидан сўнг қамоқда ётган журналистлар озод этилганини эътироф этган, аммо ташкилот бу янги президентни “одамларга яхши кўрсатиш мақсадида амалга оширилган” ҳаракатдан бошқа нарса эмас, деб ҳисоблашини билдирган.

Ҳозирча Ўзбекистон ва Германия раҳбарлари ўртасида ўтадиган учрашувлар ортидан журналистлар ва матбуот вакиллари учун брифинг ëки матбуот анжумани бўлиши ҳақида маълумот йўқ.

XS
SM
MD
LG