Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:51

Прокуратура: Андижонда ис газидан 2 киши заҳарланган, оммавий заҳарланиш бўлмаган


Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати 30 ноябрь куни Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида қарийб 100 киши кўмир ҳидидан заҳарланиб, касалхонага ётқизилганига ўз муносабатини билдирди.

Матбуот хизматига кўра, Шаҳрихонда ис газидан фақат 2 киши захарланган, оммавий заҳарланиш бўлмаган.

Аммо, 30 ноябрь куни Озодлик билан гаплашган, бир-биридан мустақил шифокорлар қарийб 100 киши кўмир ҳидидан заҳарланиб, улардан 70 нафари касалхонага ётқизилгани ҳақида гапирган эди.

Бош прокуратура матбуот хизматининг 1 декабрь куни кечқурун Озодликка юборган мактубида ёзилишича, касалхонага 30 ноябрь куни ис газидан заҳарланган 2 киши мурожаат қилган:

"Шаҳрихон тумани Марказий шифохонасига 30.11.2018 йил кунидан 01.12.2018 йил кунига қадар фақат 2 нафар фуқаро ис газидан заҳарланишда гумонланиб шошилинч тиббий ёрдам бўлимига ётқизилган.

Умуман олганда Шаҳрихон тумани Марказий шифохонасига 30.11.2018 йил кунидан 01.12.2018 йил кунига қадар жами 58 та бемор мурожаат қилган бўлиб, улардан 17 нафари гипертония касаллиги, 13 нафари юрак-ишемик касаллиги, 19 нафари асаб тизими касаллиги, 7 нафари ички касалликлар ва 2 нафари шикастланиш бўйича мурожаат қилиб, булардан фақат 2 нафари шошилинч тиббий ёрдам бўлимига (юқоридаги 2 нафар шахс) ётқизилган ва қолган 56 нафарига тез тиббий ёрдам кўрсатилгач уйига рухсат берилган.

Туман марказий шифохонасида бугунги кун ҳолатига 50 та бўш ўрин, жумладан шошилинч жонлантириш бўлимида 14 та, терапия бўлимида 21 та, болалар бўлимида 2 та, жарроҳлик бўлимида 8 та ва туғруқ бўлимида 5 та бўш ўрин мавжуд.

Ўз навбатида мақолада кўрсатилганидек Шаҳрихон туман Марказий шифохонаси беморларга тўлиб кетгани, шу жумладан ис газидан заҳарланиб ётган шахсларга тўлгани ҳақидаги маълумотлар мутлақо ўз тасдиғини топмади.

Шунингдек, мақолада кўрсатилган туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 1-сонли туғруқхона таъмирланмаётгани ҳамда болалар ва терапия бўлимлари қисқартириб юборилгани ҳолати муқаддам худди шу мазмунда “Сиздан телеграмм” интернет каналида чоп этилган мақола бўйича ўрганилганида ўз исботини топмаган.

Хозирда туман прокуратураси томонидан юқоридаги ҳолатлар бўйича терговолди текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда", дейилади Бош прокуратура матбуот хизмати тарқатган хабарда.

Озодлик 30 ноябрь куни Шаҳрихон тумани касалхонасига қарийб юз нафар ис газидан заҳарланганлар мурожаат қилгани ҳақида касалхона ва тиббиёт бирлашмасида ишлайдиган бир-биридан мустақил шифокорларнинг маълумотига таянган ҳолда 1 декабрь куни хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG