Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:36

Бишкекда “Хитойлик қирғизларни ҳимоя қилиш қўмитаси” ташкил этилди


Хитойлик қирғизлар Бишкекда Шинжондаги "қайта тарбиялаш лагерлари"даги қариндошларининг суратларини намойиш этишмоқда.
Хитойлик қирғизлар Бишкекда Шинжондаги "қайта тарбиялаш лагерлари"даги қариндошларининг суратларини намойиш этишмоқда.

Бишкекда 29 ноябрь куни Хитойдан келиб Қирғизистон ватандошлигини қабул қилган қирғизлар “Хитойлик қирғизларни ҳимоя қилиш қўмитаси”ни ташкил этди.

Бишкекда “Хитойлик қирғизларни ҳимоя қилиш қўмитаси” ташкил этилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:53 0:00
Бевосита линк

Қўмита таъсис йиғилишида иштирок этганлардан бири – 2016 йилда Қирғизистон ватандошлигини олган Жусуп Малик отаси Малик, акаси Амантур ва янгаси бир йилдан бери “қайта тарбиялаш лагери”, деб номланган лагерда сақланаётганини айтди:

-Менинг 1946 йилда Хитойда туғилган отам ҳозир лагерда ўтирибди. У 72 ёшда. 1988 йилда туғилган акам Амантур, 1991 йилда туғилган янгам лагерга қамалган. Уларнинг нега қамалганини, қачон озодликка чиқарилишини билмаймиз. Биз сиёсатга аралашмаган, оддий, содда одамлармиз. Отам деҳқон, акам ҳайдовчи, янгам уй бекаси эди. Интернетдаги маълумотларга қараганда, Хитой ҳукумати чет элга чиқиб кетган одамларнинг қариндошларини қамоққа олмоқда, -деди Жусуп Малик.

Қирғизистонда яшаётган хитойлик этник қирғизлар 26 ноябрда президент Сўўрўнбай Жээнбековга мактуб йўллаб, Хитойдаги «қайта тарбиялаш лагерлари»дан қариндошларининг озод этилишига кўмаклашишни илтимос қилган эдилар.

Мактубда айтилишича, бугунги кунда Шинжон-Уйғур мухториятида камида 50 минг нафар этник қирғиз «қайта тарбиялаш лагерлари»га қамалган.

Бундан аввал Қозоғистонга кўчиб келган хитойлик этник қозоқлар ҳам Олмаотада бир неча тадбир ўтказиб, қозоқ ҳукуматини «қайта тарбиялаш лагерлари»даги яқинларини озод этишга кўмаклашишга чақирган эди.

БМТнинг август ойида ўтказган текшируви натижасида Шинжон-Уйғур мухториятида 1 миллионга яқин мусулмон «экстремизмга қарши кураш» баҳонасида «қайта тарбиялаш лагерлари»да сақланаётгани аниқланган. Хитой бу маълумотларни инкор қилиб келмоқда.

Айни пайтда Қирғизистон Омбудсмени Тўқўн Мамитов бу маълумотларни текшириш учун Хитойга боришини маълум қилди.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Хитойдаги этник қирғизлар масаласи ўрганилишини ваъда қилди.

Бироқ шу кунгача Қирғизистон президенти ва бош вазири бу масалада ўз муносабатини билдирган эмас.

Шинжон-Уйғур мухториятида 10 миллиондан ортиқроқ уйғур миллатига мансуб фуқаролар билан бир қаторда расман 1 миллиондан кўпроқ қозоқ, 250 мингга яқин қирғиз ва 15 мингга яқин ўзбек яшаши айтилади. Бироқ шу кунгача хитойлик этник ўзбеклар “қайта тарбиялаш лагерлари”га қамалгани юзасидан маълумотлар мавжуд эмас.

Айни пайтда Ўзбекистон ҳукумати Хитойдаги этник ўзбеклар ҳаётига қизиқиш билдирмагани ҳам кузатилади.

XS
SM
MD
LG