Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:38

Қирғиз шифокорлари чақалоқ сотгани учун ҳибсга олинди


Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу иш юзасидан суриштирув ўтказиш ва мамлакатдаги барча туғруқхоналар фаолиятини текшириш учун иш гуруҳи ташкил қилди (иллюстратив сурат).
Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу иш юзасидан суриштирув ўтказиш ва мамлакатдаги барча туғруқхоналар фаолиятини текшириш учун иш гуруҳи ташкил қилди (иллюстратив сурат).

11 сентябрь куни Бишкекдаги туғруқхонанинг бир неча ходимига қарши жиноят иши очилди. Бу жорий йилда болаларни сотишга уриниш юзасидан аниқланган бешинчи ҳолатдир. Хабарларда айтилишича, бир туғруқхона шифокорлари туғилган чақалоқни сотиш олдидан ота-онасига уни ўлди деб айтган.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Акушерлик ва гинекология бошқармаси бошлиғи Раиса Асилбашева айни нохуш ҳолат юзасидан суриштирув ўтказиш ва мамлакатдаги барча туғруқхоналар фаолиятини текшириш учун иш гуруҳи ташкил қилганини билдирди.

Қирғизистонда 1060 нафар гинеколог ва акушер аёл бор, ҳар бирига кўз-қулоқ бўлиб туришнинг иложи йўқ. Ушбу ижтимоий иллатга қарши ҳамма бирдай курашиши керак, ‒ деди Раиса Асилбашева.

Мамлакатдаги соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларининг ойлик маоши 14 минг (тахминан 220 доллар) сом экани айтилади.

Балки шифокорлар ва бошқа тиббиёт ходимлари эҳтиёж сабаб шу ишга қўл ураётгандир, ‒ деди парламент депутати Айнур Алтибаева. ‒ Сабаб нима бўлишидан қатъи назар, уларнинг жиноятга қўл ураётганини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.

Инсон ҳуқуқи фаоли Авазхон Ормонова Қирғизистонда кичик ёшдаги болалар савдосига бир неча омилларни, жумладан, асраб олиш мураккаблигини сабаб қилиб кўрсатди.

‒ Кўпинча расман никоҳдан ўтмаган ёки номусга тегиш оқибатида ҳомиладор бўлиб қолган аёллар чақалоғини сотиш пайига тушиб қолади. Яна уч-тўрт фарзанди бўлган аёллар ҳам шу ишга қўл уради, ‒ деди у.

2015 йили Норин вилоятида яшовчи 26 яшар аёл 5 ойлик қизини эчкига алмаштирмоқчи бўлганда қўлга тушганди.

Ўтган йили 3 нафар аёл 3 ойлик чақалоқни 10 минг сомга (тахминан, 150 доллар) сотишга уринишда гумон қилиниб, ҳибсга олинган.

Жорий йилда полиция Чуй вилоятида яшовчи бир аёлни уч нафар болани 80 минг сомга (1150 доллар) пулламоқчи бўлаётгани хабар қилингандан сўнг қўлга олди.

Чақалоқларни ноқонуний пуллаш ҳоллари Қирғизистонда “туғиш сайёҳлиги” авж олиб кетиши ортидан рўй бермоқда. У ерда олтита уруғлантириш клиникаси ҳар йили қирғизлар ва юзлаб чет элликларга ташқи уруғлантириш, суррогат оналик ва бошқа амалиётлар бўйича хизмат кўрсатмоқда.

Танқидчилар болаларни сотишга уринган пайтда ушланган ва ҳибсга олинган кишиларнинг кўпчилиги жазосиз қолаётганини айтади.

‒ Агар болалар савдоси олдини олмоқчи бўлсак, қонунларни такомиллаштиришимиз ва бундай жиноятлар учун жазони кучайтиришмииз керак, ‒ деди Ормонова.

XS
SM
MD
LG