Линклар

Шошилинч хабар
17 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:35

Эркак доялардан воз кечишга чақирган имом рўмол ҳақидаги фикрларига қаршиларни “пахта тердирмоқчи”


Имом рўмол ҳақидаги фикрларига қаршиларни “пахта тердирмоқчи”
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:35 0:00

Тошкент шаҳар, Юнусобод туман бош имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфуддинов “қўйиб берсалар”, ижтимоий тармоқларда унга қарши чиқиш қилган “барча комментчиларни тўплаб, пахта теримига” олиб чиқишини айтди. Унинг бу сўзлари 7 сентябрда Тошкентдаги Бодомзор жоме масжидида қилган жума ваъзида янгради.

"Ундан кўра пахта терсин"

Имомнинг кескин чиқиш қилишига ижтимоий тармоқларда, айниқса Facebookда баъзи фойдаланувчилар томонидан имом шаънига билдирилган кескин фикрлар сабаб бўлган кўринади.

- Менга қўйиб берса, мана шу ҳамма комментчиларни тўплаб, пахта майдонига олиб чиқардик. Ҳозир пахта терими бошланди. Ундан кўра, чиқиб пахта терсин, бир оз бўлсаям мамлакатга манфаати етсин! Пахтадан чарчаб келгандан кейин телефонга қараб ўтира олмайди, ухлаб қолади у, - деди Раҳматуллоҳ Сайфуддинов масжид аҳлига.

2 сентябрь куни O'zbekiston24 телеканалида чиқиш қилган Юнусобод имом-хатиби ягона мактаб формаси ҳақидаги Вазирлар Маҳкамаси қарорини қўллаб-қувватлаганди.

Телебошловчининг "ҳижоб билан мактабга келиш қанчалик мақсадга мувофиқ бўларди?" деган саволига Раҳматуллоҳ Сайфуддинов жумладан шундай деганди:

- Бу аллақачон қилиниши керак бўлган масала эди. Болаларимизни бир хил кийимга олиб келиш. Чунки бунда одоб бор. Кийиниш ҳам болаларимизнинг илмни одоб билан олишига, болаларимизда бир маданият ва ҳаракатдир. Тенглик бўлади ва бошқа ҳолатлар. Тартиб, ўзини назоратга олиш. Алҳамдулиллаҳ, бу нарса - яхши.

Имомнинг бу фикрлари Facebookда диндор қатламнинг ғазабли эътирозларини уйғотди. Улардан баъзилари, ҳаттоки, Раҳматуллоҳ Сайфуддиновни ислом арконларидан чекинишда айблашгача борди.

Аммо, 43 яшар Раҳматуллоҳ Сайфуддинов бундай танқидчиларни "жоҳиллар" ва "фитначилар" деб атади.

У жума намозини адо этиш учун масжидга тўпланганларни, ўз таъбирида, "ижтимоий тармоқдаги бундай фитначилардан огоҳ бўлиш"га чақирди:

- Бу фитначиларга учмайлик. Бу ижтимоий тармоқлардаги фитначиларга. Ўртада кўпчилиги булар жоҳиллар. Аммо уларнинг асосчилари бор, ёрдамчилари бор. Мен уларни оталари деб айтаман. Уларга бизнинг тинчлигимиз керак эмас. Ўтган сафар ҳам айтдим уларнинг соқол дарди йўқ, уларнинг ҳижоб дардиям йўқ. Уларни бизни болаларимиз, бизни ҳаётимиз дардиям йўқ. Уларнинг дарди бошқа нарса. Яхши ёмонни ажратишимиз керак. Ажратолмасак, жим туришимиз керак, - деди Раҳматуллоҳ Сайфуддинов.

"Ягона мактаб формаси"

2018 йил 15 августида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси томонидан "Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 666-сонли қарори мамлакат ичкариси ва ташқарисида баъзи диндорлар эътирозларига сабаб бўлганди.

Уларнинг ишонишича, қиз болаларнинг мактабга боши ўранган ҳолда боришига изн бермайдиган мазкур қарор диний эркинликларни чеклашга қаратилгандир.

2018/2019 ўқув йилидан бошлаб ўқувчиларнинг давлат умумий ўрта таълим муассасасига тасдиқланган шакллардаги мактаб формасида келишлари ихтиёрий, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб эса мажбурийлиги белгиланган.

Эркак доялар ва фитнакор матбуот

Раҳматуллоҳ Сайфуддинов матбуотда ўзининг баҳсли чиқишлари билан яхши танилган.

2017 йил ​31 март кунги жума ваъзида эркаклар доялик қилиши "шармандалик" ва бунга чек қўйиш керак, деган чақириғи ижтимоий тармоқда ва турли сайтларда зиддиятли фикрларга сабаб бўлганди.

Орадан бир ҳафта ўтиб Раҳматуллоҳ Сайфуддинов эркакларнинг доялик қилишига қарши маърузаси матбуотда "нотўғри талқин" этилаëтганини айтиб, айрим ахборот воситаларини фитнакорликда айблади.

2017 йил, 7 апрель кунги жума ваъзида Юнусобод имоми ўз маърузасининг "эркаклар гинекология билан умуман шуғулланмасин"¸ деган маънода талқин этилишини "янглиш", деб баҳолаган эди:

- Биз доялик ҳақида маъруза қилган эдик. Аслида, бу маърузани кўпчилик тушунмади. Қиз болани дояликка ўқитиш керак. Аёлларга аёл киши доя бўлиши керак, эркак киши бўлиши мумкин эмас. Эркак кишини эркак доктор, аёл кишини аёл доктор кўрмоғи - бу менинг талабим эмас бу, шариатимизнинг талаби бу.

Юнусобод тумани имом-хатиби бу ҳақда хабар берган Озодлик, Би-Би-Си ва "Америка овози" радиоларини фитнакорликда айблаган эди:

- Фитна қилишяпти. "Ўзбек имоми доя эркаклардан воз кечайлик", деган мазмунда фитна каби саволларни ташлаб одамларни фикрини билишга… жоҳилларга шу нарсани ташлашяпти. Ҳатто рус тилли қавм орасига менинг маърузамни қўйишиб, фикрларинг нима деяпти. Бу рус тиллиларга тегишли эмас бу гап.

XS
SM
MD
LG