Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:40

Фарғонада ўлдириб кетилган қизчанинг ички органлари олинмаган


Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида ўлик холда топилган 5 ёшли Кибриё Ғаппоралиеванинг амакиси Равшан Қодиров Озодлик билан суҳбатда машъум воқеадан беш кун ўтиб ҳам қотиллик мотиви номаълум бўлиб қолаётганини айтди. Қодиров жиянининг органи олингани ҳақида Интернет тармоқларида тарқалган хабарлар асоссиз эканини таъкидлади. Қодировга кўра, 5 феврал куни Кибриёхон ва яна икки жиянини боғча ҳамшираси уйи ёнига ўйнашга ташлаб кетган, деган хабарлар ҳам нотўғри.

Равшан Қодиров Озодлик билан суҳбатда Кибриёхонни боғча ҳамшираси икки фарзанди билан уйига яқин жойга ўйнашга ташлаб ўз юмуши билан кетган, деган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтди.

- Мен шу ҳамширани турмуш ўртоғи бўламан. Кибриё мени жияним, яъни укамни қизи. Биз ҳаммамиз бир хонадонда яшаймиз. Уйимиз боғчадан юз метр узоқликда. Ўша куни болаларни ҳеч ким олмаган, уларни ўзлари боғчадан чиқишган. Ҳамшира болаларни чиқиб кетганини боғчада туриб эшитяпти. Ҳозир терговда боғча опа ҳам айтаяпти болаларни ўзлари чиқиб кетган деб. Болалар 16.00да берилиши керак, булар 15.45да ўзлари чиқиб кетяпти. Боғчага доғ тушмасин, деб медсестра олди, деб ҳужжатлаштирилган, - дейди Қодиров.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:59 0:00
Бевосита линк

Хабарларга кўра, шу куни 30−35 ёшлардаги эркак киши уч болани ширинлик олиб бериш ваъдаси билан велосипедига ўтқазиб олиб кетган.

Номаълум эркакнинг қизчани олиб кетаётгани кузатув камерасига тушиб қолган
Номаълум эркакнинг қизчани олиб кетаётгани кузатув камерасига тушиб қолган

​Кўча охирида эса у икки болани қолдириб, қизча билан ғойиб бўлган.

Шу куни кечқурун Кибриёхоннинг жонсиз жасади боғчадан 8 километр наридаги Оқбўйра қишлоғидан ўтувчи темир йўл ва Фарғона канали кесишган жойдан топилган.

Равшан Қодиров шу куни жияни Кибриёхоннинг жасадини ўз кўзи билан кўрганини айтди.

- Мен жасадини кўрдим. Қулоғидаги сирғаси ҳам турибди. Қизлигига тегилмаган. Фақат қийнаб ўлдирилган. Шу даражада қийнаб ўлдирганки, инсон боласи одамни бунақа қийнаб ўлдирмайди. Фарғона канали ва поезд йўли кўпригини олдига ташлаган. Поезд босиб кетган бўлса курткаси қорайган бўлар эди. Эгнидаги сариқ қурткасида ҳеч қандай қора доғ йўқ эди, - дейди Равшан Қодиров.

Олтиариқ туманидаги 6-сонли боғча тарбиячисининг Озодликка айтишича, Кибриёнинг ота-оналари ўтган йил август ойида Туркияга ишлагани кетишган, бола бувиси қарамоғида қолган.

Боғча ходималаридан бири Озодлик билан суҳбатда шу куни Кибриёни олгани ҳеч ким келмаганини айтганди.

Лекин, Равшан Қодировга кўра, Кибриёни ота-онаси Туркияга ишлагани кетган бўлса ҳам у фақат бувиси қарамоғида қолмаган.

- Биз уч ака-ука, келинлар битта хонадонда яшаймиз. Болани иккинчи гуруҳ ногиронига ташлаб, кетибди, деган хабарлар нотўғри. Кибриёга ҳаммамиз қараганмиз, мен, мен бўлмасам укам Зафар боғчадан олар эди. Шу куни болалар 16.00 бўлмасидан чиққан. Шу куни шунақа бўляпти, - дейди Равшан Қодиров.

Олтиариқ тумани прокуратураси ҳозир мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 98-моддаси - "Қасддан одам ўлдириш" банди бўйича иш очиб, ҳодисани тергов қилмоқда.

Жараëн тафсилотларидан хабардор маҳаллий расмийнинг Озодликка айтишича¸ болаларни катталар ҳамроҳлигисиз уйларига жўнатиб юборгани гумон қилинаётган боғчаопалар ички ишлар бўлимида сўроқ қилинмоқда.

Фарғона ҳуқуқ-тартибот идораси мулозимининг Озодликка айтишича, болаларга қанд олиб бераман, деб уларни олиб кетган велосипедли эркакнинг кимлиги фоторобот ёрдамида аниқланмоқда.

Ҳозирча қотиллик мотивларига оид аниқ маълумот йўқ.

Ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбаси ҳам экспертиза қизнинг зўрланмагани, тана аъзолари ҳам олинмаганини кўрсатганини айтди.

Айни пайтда Фарғонада 5 ёшли Кибриё Ғаппоралиеванинг ўлими ортидан мактабгача тарбия масканлари тарбиячилари ва ўрта мактабларнинг ўқитувчиларига болаларни ота-оналар хамроҳлигисиз уйига жўнатмаслик қаттиқ уқтирилган.

XS
SM
MD
LG