Линклар

Шошилинч хабар
17 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:05

Қозоғистонда кам бойитилган уран банки ишга тушди


Қозоғистон энергетика вазири Владимир Школьник (ўнгда) ва ХАЭА раҳбари Юкиа Аманов билан Қозоғистонда уран омбори қуриш ҳақидаги шартнома имзоланганидан сўнг. Астана, 2017 йил, 27 август.
Қозоғистон энергетика вазири Владимир Школьник (ўнгда) ва ХАЭА раҳбари Юкиа Аманов билан Қозоғистонда уран омбори қуриш ҳақидаги шартнома имзоланганидан сўнг. Астана, 2017 йил, 27 август.

Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) Қозоғистон ҳукумати ва “Ядро таҳдинини камайтириш ташаббуси” (ЯТКТ) лойиҳаси билан ҳамкорликда Шарқий Қозоғистон вилоятида янги кам бойитилган уран (КБУ) банкини ишга туширмоқда.

Унинг очилиши маросими бугун Шарқий Қозоғистон вилоятининг маъмурий маркази Ўскамен шаҳрида бўлиб ўтди. 150 миллион АҚШ долларилик сармояга эга кам бойитилган уран банкининг бош қароргоҳи айнан шу шаҳар жойлашади.

Маълумки, ҳар йили 29 август БМТнинг Ядро қуроллари синовига қарши кураш куни сифатида нишонланади.

Қозоғистон парламенти қуйи палатаси раиси Қосимжўмарт Тўқаев ўтган ҳафтада маълум қилганидек, банкнинг очилиш маросимида президент Нурсултон Назарбоев ва ХАЭА раҳбарлари иштирок этади.

Қароргоҳи АҚШда жойлашган ЯТКТ тарқатган баёнотда айтилишича, КБУ банки “мамлакатларга ядро энергияси учун сармоя ажратади, ундан тинч мақсадда фойдаланиш учун ёқилғи етказиб беради, ва бу уларнинг ўз бойитиш иншоотларини яратиш учун ошиқча харажат қилишига ҳожат қолдирмайди ва атом қуролининг глобал миқёсда тарқалиш хавфини камайтиради”.

Банкка қароргоҳи Вена шаҳрида жойлашган Халқаро атом энергияси агентлиги эгалик қилади ва уни бошқаради.

ХАЭА БМТнинг атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланишни назорат қилади ва у “бирор алоҳида мамлакат назорат қилмайдиган ташкилотдир”, дейилади ўша баёнотда.

Қозоғистон ҳукумати вакилларининг билдиришича, ушбу мамлакат банк фаолияти хавфсизлигини таъминлайди.

ХАЭАнинг ёқилғи банкида 90 тонна кам бойитилган уран сақланади. Ушбу миқдор ядро ёқилғиси тайёрлашга ва йирик бир шаҳарни уч йил давомида электр қуввати билан таъминлашга етади, деб хабар қилди ЯТКТ.

Банк ядро қуроллари тарқалишининг олдини олиш мақсадида ташкил этилди, чунки ядро энергетикасини ривожлантиришга интилаётган ўнлаб мамлакатлар уранни бойитишга ҳаракат қиладиган бўлса, ядро қуролларининг тарқалиш эҳтимоли ортади. Ядро реакторлари учун ёқилғи ишлаб чиқариш технологияси асосида атом бомбаси учун материал ҳам тайёрлаш мумкин.

– ХАЭАнинг кам бойитилган уран банки ишга туширилиши ядро хавфсизлиги ва ядро қуроллари тарқалиши олдини олиш борасидаги муҳим қадамдир, – деди АҚШ сенатори ва ЯТКТнинг ҳамраиси Сэм Нанн. – Банк ядро қуроллари хавфини камайтириш учун алоҳида аҳамиятга эга. У жаҳон ҳамкорлик ва ҳалокат пойгасига киришиб кетган пайтда халқаро ҳамкорлик қандай фойда беришининг ёрқин намунасидир.

ЯТКТ 2006 йилдаёқ КБУ банкини ташкил этиш таклифини ўртага ташлаган эди. Бироқ Қозоғистон ҳукумати билан ХАЭА ушбу лойиҳа бўйича 2015 йилга келибгина битимга эришди.

АҚШлик миллиардер ва дунёдаги энг бой кишилардан бири Уоррен Баффет ушбу лойиҳага 50 миллион АҚШ долларилик сармоя киритди. Қолган 100 миллион долларлик маблағни эса Америка Қўшма Штатлари, Норвегия, Бирлашган Араб Амирликлари, Европа Иттифоқи мамлакатлари, Қозоғистон ва Кувайт тўлаб берди.

XS
SM
MD
LG