Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:39

Мирзиёевнинг Бишкекка келиши қирғизистонликларда чегаралар очилишига умид уйғотмоқда


Шавкат Мирзиёев Алмазбек Атамбаев билан 2016 йил декабрида Тошкентда учрашган эди.
Шавкат Мирзиёев Алмазбек Атамбаев билан 2016 йил декабрида Тошкентда учрашган эди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бишкекка сентябрнинг биринчи ҳафтасида давлат ташрифи билан келиши тўғрисидаги хабарни жамоатчиликка Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Ўзганга қилган ташрифи пайтида билдирди.

Мирзиёевнинг Бишкекка келиши қирғизистонликларда чегаралар очилишига умид уйғотмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:53 0:00

Атамбаев ўз сўзида бу ташриф давомида икки давлат ватандошлари учун энг долзарб муаммо бўлиб турган чегараларни очиш масаласи ҳам муҳокама этилишини шаъма қилди.

-Мен биламан, 26 йилдан бери Қирғизистон учун чегара масаласи энг катта масала бўлиб турибди. Кейинги ҳафтада, Худо хоҳласа, Ўзбекистон президенти келади. У киши билан муносабатларимиз жуда яхши. Хабарингиз бор, яқиндаЎзбекистон ва Қирғизистон бош вазирлари Бишкекда учрашиб чегара масаласини муҳокама қилишди ва чегараларнинг 84 фоизи тўғрисидаги битим тузилди. 26 йилдан бери Ўзбекистон бош вазири биринчи марта Қирғизистонга келди, -деди Атамбаев.

Қирғизистон президентининг бу баёноти одамлар орасида 2005 йилдан бери ёпиқ қолаётган чегараларнинг бира-тўла очилишига умид уйғотди.

Мирзиёев ҳокимиятга келиши ортидан 2016 йилнинг октябридан чегарадаги “Дўстлик” ўтказиш пункти қисман очилган эди. Бу чегара пунктидан чақирувчи томон тўйга ёки жаноза маросимига таклиф қилиб телеграмма жўнатса ўтиш мумкин бўлиб қолганди. Қолган ўндан ортиқ чегара пунктлари эса ҳамон ёпиқлигича қолмоқда.

Жалолободлик Чиннихон ая Шавкат Мирзиёевнинг Бишкекка келишини телевизор орқали эшитиб, бу ташрифни умид билан кутмоқда. У Мирзиёевнинг сафари ортидан чегаралар очилса, Андижонга бориб 5 йилдан бери кўришмаган қизини кўриб келмоқчи.

-Бир қизимнинг паспорти йўқ. 5 йилдан бери у билан кўриша олмаймиз. Яхши ҳукумат телефон чиқариб қўйган экан, телефон орқали соғлиғини билиб турибмиз. Ўзбекистоннинг янги бўлган президентлари жиндак Қирғизистон билан борди-келдини яхши қилиб, йўлларин очиб, борди-келдини очиб берса яхши бўларди, -деди Чиннихон ая.

Қирғизистон бош вазирининг собиқ ўринбосари Абдураҳман Маматалиев эса "икки давлат ўртасидаги борди-келдини тиклаш фақат чегараларнинг очилиши билангина ўз қолипига қайтишини англатмайди, бунинг учун яна жуда кўп масалаларни ҳал қилиш лозим", деб фикр билдирди.

-Андижон воқеасидан кейин Ўзбекистон чегарани бир томонлама ёпган эди. Шундан кейин икки давлат ўртасида автомобиль қатнови ҳам тўхтатилди. Аввал Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида 28 йўналишда автобус қатнарди. Темир йўл қатнови мутлақо тўхтатиб қўйилди, авиақатновлар сони кескин қисқарди. Борди-келдини аввалги ҳолига келтириш учун мана шу масалаларни ҳам биринчи галда ҳал қилиш лозим, -деди Абдураҳман Маматалиев.

16 август куни Ўзбекистон ва Қирғизистон бош вазирларининг Бишкекда бўлиб ўтган учрашувида чегаранинг 84 фоизи аниқланиб бўлингани тўғрисидаги оралиқ битим имзоланган эди. Мазкур битим асосида тузиладиган шартномани эса президент Атамбаевнинг сентябрь ойида Тошкентга қиладиган ташрифи доирасида имзолаш режалаштирилаётгани хабар қилинганди.

Кейинроқ Шавкат Мирзиёев ҳам Қирғизистонга бориши тўғрисида хабар берилган, бироқ бу ташриф қачон амалга оширилиши тўғрисида аниқ маълумот айтилмаган эди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегаранинг узунлиги 1378 километрни ташкил қилади. 16 августгача бу ҳудуднинг 320 чақирими аниқланмагани ва баҳсли бўлиб қолаётгани айтилиб келинган.

Чегаранинг 84 фоизи, яъни 1170 километри аниқланиб бўлингани тўғрисидаги оралиқ битим имзоланганидан сўнг 208 километрга яқин баҳсли ҳудуд қолгани расман хабар қилинди.

XS
SM
MD
LG