Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:41

ФСБ Петербургда яна 7 муҳожирни террорчиликда айблаб, қўлга олди (ВИДЕО)


Ҳибсга олинган мигрантлардан бири
Ҳибсга олинган мигрантлардан бири

ФСБ Петербургда портлаш уюштирмоқчи бўлганликда айбланаётган яна бир гуруҳ марказий осиёлик муҳожирни ҳибсга олганини хабар қилди. 7 кишилик эканлиги айтилаётган бу гуруҳни ФСБ транспорт ва одамлар гавжум жойларда портлаш уюштиришга ҳозирлик кўрганликда айбламоқда. Кузатувчилар ФСБнинг бу каби хабарларига эҳтиётлик билан қарашга чақирмоқда.

Россия Федерал Хавфсизлик хизмати (ФСБ) 28 июл куни Россиянинг шимолий пойтахти Санкт-Петербург шаҳрида "навбатдаги террорчиларни" ушлаганини эълон қилди.

ФСБ расмий сайтида келтирилган хабарда ушланган етти киши “марказий осиёлик мигрант” эканига алоҳида эътибор қаратилган.

Россия Федерацияси ФСБси 2017 йилнинг 28 июлида Санкт-Петербург шаҳридаги темир йўл транспорти ва одамлар оммавий йиғиладиган жойларда террорчилик ҳуружларини содир этишга тайёргарлик кўришда айбланаётган, келиб чиқиши Марказий Осиёдан бўлган 7 кишилик гуруҳни ҳибсга олди. Тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда”, дейилади расмий хабарда.

Рус чекистлари марказий осиёлик экани айтилган муҳожирларнинг айнан қайси мамлакат ватандошлигига эга эканини “тергов манфаатларини кўзлаб” очиқланмаётганини ҳам қўшимча қилди.

Россия оммавий ахборот воситаларида ФСБнинг бу амалиёти борасида бошқа маълумотлар пайдо бўлди.

Youtube порталида ФСБ томонидан сиздирилган мигрантларни ҳибс этиш жараёнии видетасвири ҳам пайдо бўлди. Унда кўринишидан автомеханика устахонасида бўлган бир гуруҳ осиёлик ниқоблилар томонидан қўлга олинганини кўриш мумкин.

“Нима қилмоқчи эдинг?” дея фсбчи берган саволга ерга ётқизилган муҳожирлардан бири:

- Поездни авария қилмоқчи эдим, дейди.

47news нашри ўз манбаларига таяниб, ушланганлар Россия Ҳарбий-денгиз флоти куни, яъни 30 июлда, Петербургда режалаштирилган катта ҳарбий парадда теракт уюштиришга ҳозирланганини маълум қилди. Нашрга кўра, Ўзбекистон ватандошлари бўлган бу еттовлон бир ҳафта давомида махфий кучлар кузатувида бўлган.

ФСБ идорасида сўроқ қилинаётган йигитларга нисбатан 29 июл куни тергов якунига қадар ҳибсга олиш тўғрисида суд қарори чиқарилиши кутилмоқда.

Муҳожирларнинг ҳибсга олинишидан бир кун олдин Россия Бош прокурори муовини Алесандр Буксман ўтган ярим йилда Россияда 12 та террорчилик акти олди олинганини хабар қилди. У бу терактлардан бири Санкт-Петербург метросида 3 апрел куни содир этилганини айтди. Ўша фалокатда 15 киши нобуд бўлган, яна 50 зиёд йўловчи жароҳат олганди.

Айни пайтда, Ространснадзор хизмати ўтган ой давомида Петербургда олиб борган текширув натижасида шимолий пойтахтнинг бирорта ҳам (!!!) метро бекати хавфсизлик талабларига мутлақо мос келмаслигини эълон қилди. Бир ой давомида полиция ёки прокуратуранинг махфий ходими синов учун метрога “тест-буюм” олиб кирган ва ҳеч қандай қийинчиликларсиз бир неча маротаба қалбаки “бомбани” тоннелга ўрнатиб келгани маълум бўлди.

Кузатувчилар ва ҳуқуқ фаоллари ФСБнинг “террорчиликка қарши кураш” борасидаги хабарларини эҳтиётлик билан қабул қилишни тавсия қилмоқда. Бундан бир неча кун олдин Питердаги портлашга алоқадорликда гумонланган Акром ва Аброр Азимовларнинг ҳимоячилари ака-укалар ФСБнинг махфий қамоқхонасида узоқ вақт давомида қийноқларга солингани тўғрисида баёнот берди.

Аброр Азимовнинг адвокати Дмитрий Динзе Федерал хавфсизлик хизмати ходимлари Азимовни қийноқлар тўғрисидаги баёнотидан воз кечишга мажбур қилгани тўғрисида билдирди.

Айбланувчиларнинг отаси Аҳрор Азимов Озодликка берган интервьюсида фарзандларига нисбатан жиноят ишлари соҳталаштирилгани тўғрисида гапирган эди.

Озодлик Санкт-Петербургдаги портлашдан ўтган вақт давомида Россиянинг турли минтақаларида ўнлаб марказий осиёлик, хусусан ўзбекистонлик муҳожир ҳибсга олингани борасида хабар бериб келмоқда.

XS
SM
MD
LG