Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:41

Миграция соҳасида Россия билан имзоланган келишувлар кучга кирди


Ш.Мирзиёев ва В.Путин Кремлдаги учрашув чоғида.
Ш.Мирзиёев ва В.Путин Кремлдаги учрашув чоғида.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Россия ўртасида меҳнат миграцияси соҳасида имзоланган ҳукуматлараро келишувни тасдиқлади. Айни пайтда¸ Россиядаги ўзбек муҳожирлари ҳаëтида¸ бундай келишувлар ортидан¸ ҳозирча ижобий ўзгариш кузатилмаëтгани айтилмоқда.

Мирзиёев миграция масаласидаги Келишувни тасдиқлади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев минтақалараро ҳамкорликка кўмаклашиш бўйича Ўзбекистон ва Россия ўртасида имзоланган ҳукуматлараро келишувни тасдиқловчи қарор чиқарди.

19 июнда имзоланган ПП-3069-сонли “Халқаро шартномаларни тасдиқлаш тўғрисида” номли ҳужжат матнида айтилишича, икки давлат ҳукуматлари Ўзбекистон ватандошларини Россияда вақтинчалик меҳнат қилишга уюшган ҳолда жалб этиш ҳамда миграция соҳасида мутасадди идоралар ваколатхоналарини таъсис этишга келишган.

“2017 йилнинг 5 апрелида Москва шаҳрида имзоланган "Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ҳукуматлари ўртасида Ўзбекистон Республикаси ватандошларини Россия Федерациясида вақтинчалик меҳнат фаолияти билан шуғулланишга уюшган ҳолда жалб этиш тўғрисида"ги Келишуви; "Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ҳукуматлари ўртасида миграция соҳасида ўзаро ҳукумат мутасадди идоралар ваколатхоналарини таъсис этиш Келишуви Тасдиқлансин”, дейилади президент қарорида.

Бу келишувлар Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг 4-5 апрелида Россияга ташрифи вақтида имзоланган эди.

Ҳужжат бор, вазият ўзгаргани йўқ...

Каримов ҳукумати йиллар давомида Россияда миллионлаб ўзбекистонликнинг меҳнат муҳожиратида юрганини тан олмай келган бўлса¸ Мирзиëев ҳукумати бу масалани Россия билан музокаралар кун тартибига қўйишга киришди.

Мирзиëевнинг ўзи Россияда юрган ўзбекистонликлар ҳақ-ҳуқуқини ҳимоялаш лозимлиги ҳақида ўз чиқишларида тез-тез гапириб келмоқда.

- Россия Федерациясига давлат ташрифи чоғида меҳнат миграцияси бўйича муҳим келишувга эришдик. Бизнинг бу борадаги позициямиз аниқ: одам қаерда бўлишидан қатъий назар ишлаши, оиласи - бола-чақасини боқиши керак. Россия Федерацияси билан қўл қўйилган миграция бўйича муҳим келишув йиллар давомида – 10-15 йил давомида, - бизга азоб бериб келарди. Бизга ёқадими-ёқмайдими, бизнинг фарзандларимиз ўша ерда ишлаяпти! Уларнинг тинчлиги-осойишталиги бизга керак.

Шунинг учун биз икки тарафлама шартнома имзоладикки, раҳбарлари олдида бу масалани кўндаланг қўйдик: “Худо ҳайрларингни берсин, сизларнинг иқтисодиётларингга бизни халқ хизмат қилаяпти. Ўзбекистондан келган ҳар бир фуқарони сизлар тинчлигини, соғлигини кафолатлаган шароитларни яратиб беринг”, деб, биринчи маротаба қўл қўйдик, деди Россия сафари якунлари ҳақида гапирган президент Шавкат Мирзиёев.

Бундай баëнотлар олқишланаëтган бир пайтда¸ Томскдаги “Ўзбекистон” миллий-маданий автономия сираиси Ҳамза Ҳамроев, Озодлик билан суҳбатда, Россия ва Ўзбекистон ўртасида миграция масаласида имзоланган шартномалар таъсири кундалик ҳаëтда ҳозирча сезилмаганини айтади:

- Янги президент реформатор сифатида янгилик киритмоқчи, киритди дейишаяпти. Лекин оддий гражданингача улар етиб келганича йўқ! Россия ва Ўзбекистон ўртасида ҳужжатлар тузилган дейишаяпти, аммо бирортасини кўрмадик. Уларни очиқ-ойдик кўрсатиш керак, қанақадир ҳужжатлар қўшилганини халқ билсин. Одамларни Россияга ишга юборишга ёллашаяпти экан, лекин бу Москва каби катта мегаполисларга келиши мумкин, бизнинг шаҳарларимизда ундай катта ишлаб чиқариш йўқ.

Қолаверса, россиялик ўрта ва майда ишлаб чиқарувчилар давлат билан шартнома тузмасдан, солиқдан қочиш учун мигрантларни ноқонуний ишлатишдан манфаатдор. Россиянинг ўзида ҳам вазият ўзгаргани йўқ. Аксинча, мураккаблашаяпти. Патент нархлари ҳар йили кўтарилаяпти, медстраховкани мажбурий қилиб қўйди, ФГУП каби ташкилотлар тузилиб, ишлари фақат мигрантдан пул ундириш бўлиб қолаяпти, деди Ҳамза Ҳамроев.

Бугунга келиб, айрим ҳисоб-китобларга кўра, Россияда 3 миллионга яқин ўзбекистонлик муҳожири яшаб, меҳнат қилмоқда.

Россия Ички ишлар вазирлиги улардан 1,7 миллионигина расман қайдда туришини билдирган.

XS
SM
MD
LG