Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:39

Суд вакили қотилликда айбланаётган ўзбекнинг ИШИДчи эканлигига шубҳа қилмоқда (ВИДЕО)


Сохибжон Мамасолиев
Сохибжон Мамасолиев

Россиянинг Курган вилоятидаги Европейский посёлкасида уч кишини ўлдирганликда айбланаётган ўзбекистонлик Соҳибжон Мамасолиев устидан суд маҳкамаси бошланди. Суднинг биринчи кунида судланувчи Россияда террористик ташкилот сифатида тақиқланган ИШИД гуруҳига аъзо эканлигини баён қилгани тўғрисида маҳаллий ахборот воситалари хабар берди. Бироқ суд расмийси маҳаллий журналистлардан ўзбек муҳожирининг бу сўзларига урғу бериб ўтирмасликни​ сўраган.

Биринчи маҳкама тафсилотлари

Россиянинг Курган вилоят судида уч кишини ўлдирганликда айбланаётган Ўзбекистон ватандоши, наманганлик Соҳибжон Мамасолиев устидан маҳкама бошланди.

Маҳаллий Ura.ru нашри Мамасолиев суд ҳакамига Россияда тақиқланган ИШИД гуруҳига аъзо эканини билдиргани тўғрисида “Кургандаги амалдор оиласи қотили ўзининг ИШИДга алоқадорлигини баён қилди” сарлавҳаси остида хабар тарқатди.

Озодлик тафсилотларни билиш учун суд йиғилишида иштирок этган Курган вилоят суди вакиласи Елена Штенкега мурожаат қилди.

Суд матбуот котибининг Озодликка айтишича, Мамасолиев адвокат хизматидан воз кечиш мақсадида ИШИДга алоқадорлиги тўғрисида гапирган.

("Область45" телеканали лавҳаси)

“Судя Мамасолиевдан унга ҳимоячи кераклиги ёки керак эмаслиги тўғрисида савол берди”, дейди Елена Штенке:

- Бунга жавобан у паст овозда ИШИДчи экани ва унга адвокат керак эмаслигини билдирди. Суд раиси ундан яна бир бор саволини аниқлаштирганида, Мамасолиев “мен ИШИДчиман” деб бир неча бор такрорлади. У ҳимоячидан воз кечиши тўғрисида ариза ёзди. Унинг бу ҳаракатларини тушуниш қийин. Маҳкамада иштирок этганлар ҳам бу гапларни у нима учун гапирганини англашмади. Аслида суд қотиллик бўйича ишни кўриб чиқаётгани, ИШИДга алоқаси бор-йўқлиги бу маҳкамада кўрилмаслигини таъкидлашим лозим, деди суд расмийси.

Суд ҳаками Соҳибжоннинг бу талабини рад этган ва унга давлат томонидан таржимон ва адвокат берилиши зарурлигини белгилаган.

"Журналистлардан унинг гапларига эътибор қаратмасликни сўрадим"

Елена Штенке суднинг биринчи йиғилиши якунланиши ортидан Ura.ru журналистлари қўнғироқ қилиб, Мамасолиевнинг “Исломий давлат” жангариларига алоқаси борасида савол бера бошлаганини ёдга олди.

Штенке хоним рус журналистидан ўзбек муҳожирининг бу сўзларига урғу бериб ўтирмасликни, чунки Мамасолиев бу гапларни руҳан тушкунлик ҳолатида гапиргани кўриниб турганини айтган.

- Кеча Ura.ruдан қўнғироқ қилишганида, мен унинг ИШИД ҳақидаги сўзларига эътибор қаратмасликни сўраган эдим. Бу одам узоқ вақт давомида – ноябрдан бери- тергов остида, оғир аҳволда. У судда юзини яшириб ўтирди, ўзини жуда ёмон ҳис этаётгани сезилиб турди. Залда ўлдирилган Евсеевнинг онаси ва ўғли ҳам бор эди: Мамасолиев улардан кечирим сўрашга уриниб кўрди. ИШИДга алоқадорлиги борасида нима мақсадда гапирганини Худонинг ўзи билади, деди Елена Штенке.

Суҳбатдош 1991 йилда туғилган Соҳибжон Мамасолиев 11 синфни тугатгани, Ўзбекистонда иш топа олмасдан 3-4 йил муқаддам Россияга ишлагани келгани судда маълум бўлганини айтди.

Курган вилоятида у ҳибс этилгунига қадар майда қурилиш ишларини бажариб келгани, доимо пулга эҳтиёж сезгани аниқланди.

"Улар иш ҳақи масаласида келиша олмаган"

Курган вилояти ижтимоий суғурта жамғармаси бўлим мудири Олег Евсеев, унинг хотини Светлана ва 19 яшар қизи Елизавета 2016 йилнинг 15 ноябрида ўз уйида ўлдирилган.

Полиция оила аъзолари отиб кетилганини аниқлаган.

С.Мамасолиевнинг қидирув варақаси
С.Мамасолиевнинг қидирув варақаси

Мазкур қотилликни амалга оширганликда гумон қилинган ўзбекистонлик Соҳибжон Мамасолиев 2 кун ўтгач Курган шаҳрида қўлга олинган. Терговчилардан олинган маълумотга биноан, Мамасолиев Евсеевларга қарашли ҳовлида қурилиш ва таъмирлаш ишлари билан шуғулланиб келган. У 2016 йилнинг 15 ноябрида эгасиз қолган уйга кириб, темир яшикни бузиб, ов милтиғини қўлга киритган.

Терговчиларга кўра, Соҳибжон биринчи бўлиб уйга келган 19 яшар Елизаветани боғлаб, ертўлага ташлаган. Уйга кириб келган Олег Евсеев ва унинг хотини эшик олдида отиб ўлдирилган. Кейин муҳожир боғлиқ ҳолда ётган қизнинг олдига келиб, унга бир нечта ўқ узганликда айбланмоқда.

Ўзбекистонлик бу йигит ҳодиса жойидан милтиқ ва ўқ-дори, телефон ва бошқа қимматбаҳо буюмларни ўзи билан олиб кетганликда гумонланди.

Суд матбуот хизмати ва маҳаллий прокуратурада Озодлик сўровига Мамасолиев ва Олег Евсеев ўртасида маош масаласида жанжал чиққани ва уй эгаси унга олдинроқ келишилган иш ҳақини бермагани сабаб бўлганини билдиришди.

Тергов давомида ўзбекистонлик айбига тўлиқ иқрор бўлгани айтилди.

Вилоят тергов қўмитаси Соҳибжон Мамасолиевни Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 139 моддаси (хусусий мулкка тажовуз қилиш), 105 модда 2 қисми (икки ва ундан кўп одамни ўлдириш), 158 модда 2 қисми (ўта катта миқдорда ўғирлик содир этиш) ва 226 модда 1 қисми (ўқотар қурол ва ўқ-дори ўғирлаш) асосида айблов эълон қилди.

Айбловчилар сўзларига кўра, бу моддалар асосида айбланувчи ўзбек мигрантига умрбод қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.

- Унга ҳимоячининг мажбуран тайинланишига ҳам сабаб, биргина модда асосида у 15 йилдан зиёд муддатга қамалиши мумкин. Ҳар ҳолда, уч кишининг ўлдирилиши юзасидан суд санкцияси асосида жазо тайинланади. Маҳкама давом этмоқда, деди Елена Штенке.

11 май куни Қўрғон вилоят суди Соҳибжон Мамасолиевни ҳибсда сақлаш муддатини яна ярим йилга узайтириш тўғрисида қарор қабул қилди.

Суднинг келаси мажлиси 29 майда ўтказилиши белгиланди.

XS
SM
MD
LG