Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:02

Хабаровскдаги ФСБ идорасига ҳужумда сирдарёлик муҳожир ўлдирилди


21 апрел куни, махсус кучлар Хабаровскнинг ФСБ идораси ёнида
21 апрел куни, махсус кучлар Хабаровскнинг ФСБ идораси ёнида

Россиянинг Хабаровск ўлкасида ФСБ бошқармасига қилинган қуролли ҳужум пайтида шу идора ходими ва ўзбекистонлик таржимон ўлдирилди. ФСБ расмий хабарига кўра, қабулхонага қилинган ҳужум оқибатида қирғизистонлик яна бир муҳожир оғир яраланган. Терговчилар ҳужумчилар маҳаллий скинхедлар ташкилоти аъзоси эканини тахмин қилмоқда.

ФСБ 21 апрел куни Хабаровск вилоят бошқармасига қилинган қуролли ҳужум борасида тарқатган расмий хабар бундай дейилган:

"21 апрел куни маҳаллий вақт билан соат 17:02 да Хабаровск вилояти ФСБ бошқармаси қабулхонасига бостириб кирган номаълум шахс техник назорат зонасига кирмасдан туриб, қабулхонада ўтирган одамларга ўқ уза бошлаган. Россия ФСБси ходими ва қабулхонада ўтирган икки кишидан бири ўлдирилди, иккинчиси оғир яраланди”, дейилади хабарномада.

Хабаровскдаги “Ватан” ўзбеклар жамоаси раиси Раҳим Исломов нобуд бўлган шахслардан бири сирдарёлик 26 яшар таржимон йигит эканини Озодликка таcдиқлади.

- Ўзбекистонлик болани жасадини бугун соат 01:20да Тошкентга жўнатиб юбордик. Бугун у бола жойига қўйилди. Сирдарёдан эди у, исми Ашуров Бекзод. 1991 йилда туғилган экан. Унинг Шерзод деган акаси ҳам шу ерда яшайди. Ака-укалар бу ерда анчадан бери яшайди, Шерзод Россия граждани. У бу ерда таржимонлик идорасини очган эди. Мигрантларга ҳужжатларни таржима қилиб келарди, укасини ҳам ёнига олганди. Улар ИИБ, ФСБ, судларга таржимонлик қилиб келган, деди Раҳим Исломов.

Раҳим Исломов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:43 0:00
Бевосита линк

Раҳим Исломов 21 апрел куни ФСБ қабулхонасига қилинган ҳужум тўғрисида ҳам қўшимча маълумот берди:

- Бир ўзбекистонлик корейс ўғирланган қирғиз, ўзбек паспортлари билан қўлга тушган экан. Ўшани сўроқ қилингани акс этган ҳужжатлар таржимаси Бекзодда бўлган – олиб келиб, қабулхонада ФСБ ходими билан муҳокама қилиб турган. Шу пайт ташқаридан биттаси қурол билан кириб қолиб, ФСБ ходимини отган, кейин ичкарига кириб – улар стол атрофида ўтирганини кўриб, уларнинг иккаловини отган. Бизнинг фуқаромиз ўлган, қирғиз йигит ярадор, ҳозир больницада ётибди, деди Раҳим Исломов.

Суҳбатдош отиб ўлдирилган яна бир ФСб ходими – Террорчиликка қарши кураш бўлими ходими Яков Ҳасанов 24 апрел куни Хабаровскда дафн этилганини билдирди.

Хабаровск ФСБ идораси ҳужумдан кейин
Хабаровск ФСБ идораси ҳужумдан кейин

Қирғизистоннинг Хабаровскдаги фахрий консули Қодирбек Мирзобоев қабулхонага қилинган ҳужумда яраланган иккинчи шахс Қирғизистон ватандоши бўлгани, ҳозирда унинг аҳволи оғир қолаётганини Озодликка маълум қилди.

- Мен яраланган Қирғизистон ватандоши билан шуғулланаяпман. Аҳволи мўътадил оғир – танасига ўқ теккан. Ҳозир унинг қариндошлари тинимсиз менга телефон қилишаяпти. Исми Талант Жумаев, 1980 йилда туғилган. Ўқ кўкрагидан тешиб ўтган, ўпкага тегмаган. Врачлар ҳаёти учун хавф йўқлигини айтмоқда, деди яраланган қирғиз йигити ҳақида гапирган консул Қодирбек Мирзобоев.

Ҳужум учун ким жавобгар?

Расмийлар келтираётган маълумотга биноан, ҳужум қилган хабаровсклик 17 яшар Антон Конев ҳодиса жойида жавоб ўқи билан ўлдирилган.

Бироқ, маҳаллий оммавий ахборот воситаларида ҳужумчи Конев отаётган автомат ўқи девордан қайтиб унинг ўзига теккани тўғрисида хабарлар пайдо бўлди.

Терговчилар Хабаровскдаги акцияда 17 яшар йигитдан ташқари яна камида 10та одам иштирок этганини тахмин қилмоқда. ФСБ идорасига бостириб киришдан бироз олдин улар Хабаровскдаги “Хаммер” ўқотар тири қўриқчисини ўлдириб, 40та қуролни олиб чиқиб кетгани тўғрисида хабар чиқди.

Хабаровскнинг бу туманида дарҳол махсус вазият жорий этилди.

Душанба кунига келиб Хабаровскда олиб борилган махсус амалиёт натижасида 9 нафар россиялик қўлга олинди.

Полиция улар махфий неонацистлар ташкилоти аъзоси эканини тахмин қилмоқда. Кузатувчилар ҳам бу босқинчилик Адолф Гитлер туғилган кунга бағишлаб қилинган акция бўлиши мумкинлигини гапирмоқда.

(ФСБ махсус амалиёти пайтида олинган видеотасвир)

Жаҳондаги террорчилар фаолиятини кузатиб бораётган SITE Intelligence Group тадқиқотчилик гуруҳи Хабаровскдаги ФСБ бошқармасига қилган ҳужум учун жавобгарликни ИШИД жангарилари олганини ўз саҳифасида маълум қилди.

Amaq агентлиги хавфсизлик манбаси: “Исломий давлат” жангчиси Россиянинг шарқидаги Хабаровск ФСБ бўлимига ҳужум қилди. Уч киши ўлдирилди, қолганлар яраланди”, дейилади хабарда.

Аммо, Россия Тергов қўмитаси “терговчиларда ҳужумчининг халқаро террорчилик ташкилотларига алоқадорлиги борасида бирор асос йўқ”лиги ва “жиноят ўзга миллат вакилларига нафрат билан қаровчи неонацизм ғоялари вакили томонидан содир этилгани” борасида далиллар борлигини эълон қилди.

"Медуза" интернет нашри Хабаровскдаги жиноятни ўз зиммасига "Рус исёнчи армияси" олгани тўғрисида хат олганини очиқлади.

Москвадан тергов учун келган махсус гуруҳ томонидан ҳодиса юзасидан учта жиноий иш қўзғатилгани айтилди.

XS
SM
MD
LG