Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:46

Террорчи сифатида гумонланаётган Жалиловнинг оиласи Ўшдан Петербургга жўнатилди


Акбаржон Жалиловнинг "ВКонтакте" саҳифасидан олинган сурати.
Акбаржон Жалиловнинг "ВКонтакте" саҳифасидан олинган сурати.

Санкт-Петербург метросидаги террор ҳуружини амалга оширганликда гумонланаётган Акбаржон Жалиловнинг отаси, онаси ва укаси Қирғизистон махсус хизматлари кузатувида Ўш аэропортидан Россияга жўнатилди.

Бир-биридан мустақил бўлган 4 манбанинг Озодлик радиосига билдиришича, Ўш шаҳридаги Амир Темур мавзесида яшовчи Жалиловлар оиласи 4 апрель куни Миллий хавфсизлик қўмитасининг Ўш вилоят бош бошқармасига олиб кетилган ва 5 апрелга ўтар кечаси соат 1дан 15 дақиқа ўтганида аэропортданЎш - Санкт-Петербург йўналишида учаётган учоқ билан Россияга жўнатилган.

Жалиловларнинг хонадони эшигига 4 апрелда қулф солинди.
Жалиловларнинг хонадони эшигига 4 апрелда қулф солинди.

Манбалар Жалиловлар оиласи аэропортга махсус хизматнинг 5-6 нафар ходими кузатувида келганини ва улар билан мулоқот қилиш имконияти бўлмагани ҳам айтдилар.

Махсус хизматларга яқин бўлган манбанинг билдиришича, Жалиловлар оиласи Петербургга террорчиликда гумонланаётган Акбаржон тўғрисида маълумот беришга, унга мансублиги айтилаётган жасадни генетик экспертиза қилинишига ҳамда жасад чиндан ҳам Акбаржонники эканини тасдиқлаш ёки инкор этишга кўмаклашиш мақсадида жўнатилган.

Жалиловлар хонадони.
Жалиловлар хонадони.

Қирғизистон миллий хавфсизлик хизмати расмийси Рахат Сулайманов бу хабарни расман тасдиқламади ва инкор ҳам қилмади. У Озодлик мухбирига “Бу масалада Россия Тергов қўмитасидан ахборот олишингиз мумкин”, деб билдирди.

Аввалроқ Қирғизистон ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев 4 апрель куни Москвада Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашувдан сўнг матбуотга берган интервьюсида Жалилов ҳақиқатан ҳам қирғизистонлик бўлганини тасдиқлаган эди.

-Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси дастлабки текширув натижаларига кўра, худкуш келиб чиқиши бўйича қирғизистонлик эканини ва у Россия ватандошлигини қабул қилганини тасдиқлади, -деди Эрлан Абдилдаев.

Расмий маълумотларга қараганда, Акбаржон Жалилов 2011 йилда 16 ёшга тўлганида Россия ватандоши бўлган отаси Акромжоннинг илтимоси билан Россиянинг Ўшдаги консулхонасида рус паспортига эга бўлган. Акбаржон Жалилов Россия армиясида ҳарбий хизматни ўтгани ҳам айтилмоқда.

Озодликнинг Ўшдаги мухбирига интервью берган қўшнилар Жалиловлар оиласини ижобий баҳолаганлар. Қўшнилардан бири Миркомил Аҳмадалиев мана буларни айтди:

-Акромжон тилла одам. Жуда яхши одам. Уларнинг оиласи ўзи жуда яхши тарбия кўрган, аёли ҳам, болалари ҳам жуда яхши, тарбияли. Кичик ўғли Ўшда 10-11 синфда ўқийди, катта ўғли Россияда эди. Акрамжоннинг ўзи 5 маҳал намозини канда қилган эмас, -деди Миркомил Аҳмадалиев.

3 апрель куни Петербургнинг иккита метро бекатида содир этилган портлашда 14 одам ҳалок бўлган ва 50дан ортиқ одам яраланган эди. Махсус хизматалар портлашлар худкукш томонидан амалга оширилганини ва бу худкуш Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида туғилган 22 ёшли Акбаржон Жалилов бўлиши мумкинлигини билдирган.

Айни пайтда Озодлик радиоси рус хизмати "Росбалт" агентлиги Жалилов билан боғланишга муваффақ бўлганини ва у агентликка ўзининг тирк эканини ҳамда худкуш ҳужумга алоқаси йўқлигини айтгани тўғрисида хабар тарқатди.

"Росбалт" агентлигига ўзини Жалилов деб таништирган одам “Йўқ, бу қандайдир англашилмовчилик”, деб айтган.

XS
SM
MD
LG