Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:50

Ички ишлар вазирлиги ўз ходимлари ҳаққини ўзи бузаяпти


Ҳуқуқ тизимлари орасида ўзбекистонликлар норозилигига энг кўп нишон бўлаëтган орган - Ички ишлар вазирлигидир.
Ҳуқуқ тизимлари орасида ўзбекистонликлар норозилигига энг кўп нишон бўлаëтган орган - Ички ишлар вазирлигидир.

Аксар ўзбекистонликларнинг бирламчи шикоят манбаи бўлиб қолаëтган Ички ишлар вазирлигининг ўз ходимлари ҳам ўз вазирлигини қонунга амал қилмасликда айбламоқда.

“Милиционер 40 соатлик иш ҳафтасини тушида кўради”

Шахси очиқланмаслигини сўраб Озодликка мурожаат қилган бир гуруҳ милиционер¸ Ички ишлар вазирлиги ходимлари 25 йил кун кутган “Ўзбекистон Республикасининг Ички ишлар органлари тўғрисидаги Қонуни” 2017 йил 16 мартдан кучга киргани¸ аммо амалда ҳеч нарса ўзгармаганини айтмоқда.

Ушбу қонуннинг 30-моддасида “ички ишлар органлари ходимлари иш вақтининг давомийлиги ҳафтасига 40 соатдан ошиши мумкин эмас” деб белгиланган бўлса-да¸ бу модданинг ҳали-бери кучга киришига ишонмаймиз. Чунки биз ички ишлар ходимлари эрталаб ишга соат 08:30 да келсак¸ ҳар куни шанба ва якшанба кунлари ҳам соат 22:00 гача ишда бўламиз, ҳисоблаб кўрсак, ўртача кунига 12 соат хизматда бўлсак, демак ҳафтасига 84 соат бўлади. Биз ҳафтасига 40 соатлик ишни тушимизда кўрсак керак”¸ дейилади милиция ходимлари Озодликка йўллаган шикоятда.

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги собиқ амалдорларидан бири¸ милиция ходимлари иш вақтининг белгиланмагани йиллардан бери ҳукм суриб келган ҳақсизлик эканини айтади.

Биз йиллар бўйи милиция тўғрисидаги қонун қабул қилиниши¸ бизнинг ҳақларимиз ҳам қонунда кафолатланишини кутдик. Авваллари фақат ички буйруқ асосида ишлаб келганмиз¸ нимага ҳақли¸ нимага ҳақсизлигимизни ҳам билмаганмиз. Ҳафтасига 7 кунлаб¸ ëтиб қолиб ишлардик¸ аммо бунга бир тийин қўшимча пул берилмасди. Бу ҳақда гапириб ҳам бўлмасди. Чунки¸ ковласа¸ ҳаммадан бир ишкал чиқади. Қонун¸ ниҳоят¸ қабул қилинди¸ аммо вазирликда ҳукм суриб келган система энди бу қонунни ижро қилишдан манфаатдор эмас”¸ дейди Ички ишлар вазирлиги бошқарув тизимида ишлаган собиқ ходим.

“Қўшимча ойлик қанию¸ бепул овқат қани?”

2016 йил 16 сентябрда муваққат президент Шавкат Мирзиëев қўл қўйган “Ўзбекистон Республикасининг Ички ишлар органлари тўғрисидаги Қонуни”нинг 30-моддасида “зарур бўлган ҳолларда, ички ишлар органлари ходимлари хизматни ўташга кучайтирилган ёки суткалик режимда жалб қилиниши мумкин. Кучайтирилган режим ички ишлар органлари ходимлари учун кунига иш вақтидан ташқари давомийлиги тўрт соатдан ошмайдиган иш белгиланишини назарда тутади”¸ деб ëзиб қўйилган.

Озодликка боғланган милиция ходимлари¸ қонун бу бандининг ҳам амалда мутлақ ижро этилмаëтганини айтади.

“Мана “Наврўз” байрамида Ички ишлар Вазирининг кучайтирилган иш режимига ўтиш тўғрисидаги буйруғи билан казармада ётдик. Лекин ушбу модданинг “озиқ-овқат паёгини компенсация қилиш ўрнига хизматни ўташ жойида уч маҳал бепул овқатланиш белгиланган¸ лекин бепул овқат ёки ойлик маошга қўшимча пул маблағи тўлаш ҳали амалга ошмаган.

Март ойининг ойлик маошларини олдик¸ушбу "қонун" бўйича ишлаган иш хаққимиз юқори бўлиши керак эди¸ бундай бўлмади¸ сабаби ҳали бу қонун фаолият олиб боргани йук. Ким бизни ҳимоя қилади? Қани ўша қонун? Агар шу қонун ҳақиқий кучга кирганда иш вақтимиз белгиланган бўларди. Соат 22:00 да йиғилиш бўлмас эди. Раҳбарлар ўзларича ходимларни казармада олиб қолмас эди”¸ дейди Озодликка боғланган Ички ишлар вазирлигининг бир гуруҳ хизматчиси.

Ўтмишда ички ишлар тизимида ишлаган тошкентлик ҳуқуқ фаоли Суръат Икромов¸ Ўзбекистондаги ҳуқуқни ҳимоя қилишга ваколатли тизимлардан бири – Ички ишлар вазирлиги ходимларининг ўз ҳақлари ҳам ҳимояланмаганини эътироф этади:

- Милициядагилар билан тез-тез гаплашиб тураман. Ростдан ҳам 7 кунлаб¸ керак бўлса¸ казарма ҳолатида ëтиб ишлашади. Ишламайман¸ деëлмайди¸ чунки бошқа иш тополмайди¸ ҳар на Ўзбекистондаги катта ойлик шуларда. Кўпчилиги ниҳоятда чарчаган¸ эсон-омон пенсияга чиқиб олишни кутиб юрипти¸ дейди ҳуқуқ фаоли.

“Вазирликни суд бериш керак!”

Бу гапни Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг собиқ амалдори айтади.

“Озодликка чиққан йигитларнинг қўрқувини тушунаман. Бошлиқларга шикоят қилолмайди¸ ëқмаса кет¸ дейди¸ профсоюз ҳимоя қилмайди. Лекин вазирлик ўз фаолиятига оид қонунга амал қилмаëтгани устидан булар судга мурожаат қилиши керак. Овоз чиқармай¸ қўрқиб-писиб ўтирса¸ ҳеч нарса ўзгармайди. Тепадагилар қўрқув ва босим билан ишлатишга ўрганиб қолган¸ кейин ортиқча маблағ сўраб ҳукуматга чиқиш ҳам вазирлик раҳбарларига ëқмайди. Бир-иккита қонунни бузганларни судга беришсин¸ бошқалари қонун билан ҳисоблашадиган бўлиб қолади”¸ дейди Озодликнинг бу суҳбатдоши.

Сондан сифатга ўтиш керак

Ҳуқуқ фаоли Суръат Икромов¸ Ички ишлар вазирлиги ходимларининг ҳақларини кафолатлаш¸ хусусан¸ уларга ортиқча ишланган соатлар учун белгиланган қўшимча ҳақ тўлашни йўлга қўйиш учун улар сонини қисқартириб¸ сифатини яхшилашга ўтишни тавсия қилади:

- Милиция ходимлари сони ҳаддан зиëд кўпайиб кетган. Кўпчилиги аниқ қилар ишиниям билмайди¸ шунинг учун дуч келганга ëпишади. Буларнинг сонини қисқартириб¸ шу маблағни уларнинг малакасини оширишга¸ қўшимча ҳақ тўлашга ўтиш керак¸ дейди бу таклифни йиллардан бери таъкидлаб келаëтган ҳуқуқ ҳимоячиси.

Аммо вазирликнинг собиқ амалдори¸ бу тавсияни Ўзбекистоннинг ҳозирги шароитида амалга оширишни имконсиз¸ деб баҳолади.

"Ички ишлар ходимлари сонини қисқартириш¸ ҳозирги қалтис вазиятда¸ мумкин эмас. Ҳали ҳокимият учун ички кураш тугагани йўқ¸ президент асосан шуларга таянмоқда. Тан оласизми-йўқми¸ мамлакатдаги тинчлик ва тартибни шу кўп сонли милиционерлар таъминлаб турипти. Бир кун шулар кўчага чиқмаса¸ кўрасиз нима бўлишини. Қисқартириш ҳақида гапиргандан кўра¸ бор ресурсларни режали тақсимлаш¸ уларнинг қонуний ҳаққини таъминлашга ўтиш керак. Смена билан ишласа¸ милиционер ҳам нормалний дам олса¸ уларнинг иш сифати ҳам ошади¸ қилаëтган хатолари ҳам камаяди. Улар ҳам одам ахир¸ дейди собиқ милиция амалдори.

Вазирлик фақат ëзма тарзда гаплашади

Озодлик Ўзбекистон ички ишлар тизими ходимларидан келган шикоятга муносабат билдиришни сўраб¸ Ички ишлар вазирлиги расмийларига мурожаат қилди.

Вазирлик матбуот хизмати телефонини кун давомида ҳеч ким кўтармади¸ вазир ўринбосарлари қабулхонаси ва котибият расмийси¸ бу шикоят мазмунини эшитиб¸ саволларни “қонунда белгиланган тартибда” ëзма шаклда йўллашни тавсия қилди ва шундан қилинганда¸ уларга “қонунда белгиланган тартибда жавоб қайтарилишини” билдирди.

XS
SM
MD
LG