Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:01

"Шредер"даги ноëб дарахтлар кесилгани учун институтни прокуратура босди


Тошкентда дарахтлар кесилаётганига оид ELTUZ.COM карикатураси.
Тошкентда дарахтлар кесилаётганига оид ELTUZ.COM карикатураси.

Академик Маҳмуд Мирзаев (собиқ Шредер) номидаги боғдорчилик, узумчилик илмий-тадқиқот институти директори Йўлдош Саимназаров институт ҳудудида 52 та ноëб дарахт рухсатсиз кесилганини Тошкент вилоят прокуратураси терговчиларига тасдиқлаб¸ кесилган дарахтлар касалликка чалинган эди, дея сабаб келтирган.

Прокуратуранинг Текширув гуруҳи аъзоларидан бирининг Озодликкка билдиришича¸ 2017 йил январида кесилган дарахтларнинг тўнкалари текширилганида уларнинг 22 таси қуригани, 30 таси эса тўла соғлом дарахтлар бўлгани аниқланган.

- Энг камида 30та соғлом дарахт мутлақо асоссиз кесилгани борасида тергов ишлари олиб борилмоқда. Бизга бир ой ичида 150 та дарахт ноқонуний кесилгани бўйича шикоят келиб тушган эди. Текширув давомида 58 та дарахт кесилгани маълум бўлди. Ушбу ҳолат бўйича маълумотларни ўрганиб чиқиш учун Тошкент вилоят прокуратураси тергов ишлари олиб бормоқда. Айбдор мулозимлар текширилмоқда¸ деди текширув гуруҳ аъзоси.

Суҳбатдошга кўра¸ институт директори Йўлдош Саимназаров, ишлаб чиқариш ва маркетинг бўлими бошлиғи Ҳусан Ўтаганов ва молия-иқтисод ишлари бўйича директор ўринбосари Абдувоҳид Тошмуротовлар кесилган дарахтлар борасида прокуратурага кўрсатма берган.

Ўтин камбағалларга тарқатилди

Мирзаев номидаги боғдорчилик институтида ишлайдиган илмий ходимнинг Озодликка айтишича¸ институт ҳудудидаги дарахтларнинг бир қисми қаровсиз қолиб қуригани боис кесилган:

- Парваришсиз қолган дарахтлар Тошкент вилояти Табиатни муҳофаза қилиш бошқармаси хулосаси асосида Тошкент Давлат аграр университети Ботаника ва агробиотехнология кафедраси экспертлари иштирокида кесилди. Ўтинлар институтда ишлайдиган ва моддий ёрдамга муҳтож камбағал ходимларга тарқатилди. Ўтин оладиганлар рўйхатини касаба уюшмаси тузди. Менга ҳам бир арава ўтин тегди¸ дейди илмий ходим.

Тошкент вилоят прокуратураси текширув гуруҳи аъзосининг Озодликкка билдиришича¸ кесилган дарахтларнинг ўтин тарзидаги нархи ўрганилиб, институт хўжалигига кирим қилинган:

- 52 та рухсатсиз кесилган дарахт ўтинлари институт бухгалтериясига кирим қилинган. Аммо суриштирувларга қарасак улар ўтинни ўзаро бўлиб олишганини кўрамиз. Институт директори Йўлдош Саимназаров бу дарахтлар касал эди деб ëзиб берди. Ўсимликларни ҳимоя қилиш институти лаборатория ходими эса кесилган дарахтларнинг аксарияти мутлақо соғлом бўлган, бир қисми парваришга муҳтож бўлган, деб ҳулоса берди. Бу ҳолат бўйича текширув кетмоқда¸ дейди гуруҳ аъзоси.

Бошқа кесмаймиз

Академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик илмий-тадқиқот институтида узоқ вақт ишлаган кекса олимлардан бири гуруҳи ўтган ой институт ҳудудида ўсаëтган асрий чинорлар кесилаëтгани борасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиëев номига мактуб билан чиқишди.

Мактуб ортидан табиатни муҳофаза қилиш инспекторлари боғдорчилик институти ҳудудига келиб дарахтларнинг ноқонуний кесилиши борасида институт раҳбарларига билдирги берган.

Инспекторлардан бирининг айтишича¸ институт маъмурияти дарахтларни кесиш пайтида қонун бузилишига йўл қўйилганини тан олиб, бундан буëн хато такрорланмаслиги борасида тушунтириш хати ëзиб беришган.

Фарқли кўз қараш

Боғдорчилик институтида ишлайдиган илмий ходим Озодлик билан суҳбатда масала бўрттирилаëтганлигини таъкидлади:

- Шикоят ëзганлар институтимиздаги камчиликларни ўзимизга айтганида балки шу дарахтлар ҳам кесилмаган бўлармиди. Ўша шикоятчилар аризасидан кейин улар билан институтимиз раҳбари ҳам гаплашди. Нега хатолик бўлганидан кейингина мурожаат қиляпсизлар¸ нега вақтида келиб ëшларни қўлидан аррани олмадингиз, деб тушунтирди. Улар томошабин бўлиб туриб¸ ғишт қолипдан кўчганидан кейингина шикоят қилишган. Лекин уларнинг бир гапи тўғри институтнинг илгариги обрўйи ва салоҳияти тикланиши керак. Ҳозир президентимиз имзолаган 79 протокол асосида институт мавқеини ошириш устида ишлаяпмиз, деди суҳбатдош.

Унга кўра “агар дарахт касалга чалинса ëки қуриса уни кесиш керак”.

Институт тарихи

Тошкентдаги боғдорчилик, узумчилик илмий-тадқиқот институти Марказий Осиëдаги энг кекса илм масканларидан биридир.

Институт 1918 йилда таниқли агроном олим Рихард Шредер тарафидан ташкил қилинган бўлиб 1939 йилдан то 2013 йилгача Шредер номидаги институт сифатида фаолият юритган.

2013 йил августда институтга академик Маҳмуд Мирзаев номи берилган.

Институт 11 гектар жойни эгаллаган бўлиб 23 бўлим¸ лаборатория ва карантин питомникига эга. Бу ерда 300 нафар илмий ходим ишлайди.

2014 йилдан бошлаб институтда вируссиз кўчатлар етказувчи АҚШ андозасидаги биотехнология лабораторияси иш олиб бормоқда.

XS
SM
MD
LG