Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:36

OzodMikrofon: “Вилоят ҳокими туфайли 10 млрд. сўмлик мулкимдан ажралиб қолдим”


Фарғоналик тадбиркор Ҳамидилло Топволдиев.
Фарғоналик тадбиркор Ҳамидилло Топволдиев.

Фарғона вилоят, Марғилон шаҳри, Чеварчилар кўчаси, 38- уйда яшовчи 54 яшар тадбиркор Ҳамидилло Топволдиев нархи мустақил баҳоловчилар томонидан 10 млрд. сўмга баҳоланган мулки – вилоят марказидаги Марказий универсал магазин биносидан ажралиб қолганидан OzodMikrofonга арз қилди.

Ҳамидиллонинг иддао қилишича, унинг ўз мулкидан ажралиб қолиши ортида вилоят ҳокими ва унинг укаси турибди.

Ҳамидилло Топволдиев - ўзи ҳақдаги маълумотларни яширмай, бизнеси билан боғлиқ кўргиликларини жамоатчиликка ошкор қилишга журъат тополган ва шу тариқа адолат қарор топишига ишонаётган ўзбекистонлик саноқли тадбиркорлардан бири.

Ҳамидилло Топволдиев ва у каби тадбиркорларда журъатнинг пайдо бўлишига, шубҳасиз, мамлакатнинг янги раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар ҳимоясига айтган гапларию имзолаган ҳужжатлари асос бўлди.

Яқин-яқинларгача Фарғона шаҳридаги ЦУМнинг эгаси бўлган Ҳамидилло Топволдиевнинг OzodMikrofonга айтганлари, беихтиёр, Президент Мирзиёев Вазирлар Маҳкамасининг 14 январ кунги мажлисида айтган мана бу гапларни ёдга солди:

“...тадбиркорларнинг кўпчилиги ҳақиқий фуқаролик позициясида туриб, етим болалар ва ночор оилаларга, маҳаллалар ва ижтимоий соҳа муассасаларига беғараз ёрдам бермоқда. Бунинг эвазига улар нима оляпти? Биринчиси – фақат қўрқув, яна текширишни ва сиқувга олишни бошлашади, эркин меҳнат қилишга, оиламни, бола-чақамни боқишга яна имконият бермайди, деган қўрқув. Шу сабабли улар ўз ишида камчилиги ва қонунбузарлик ҳолати бўлмаса ҳам турли даражадаги амалдорлар билан «келишиб олишга» мажбур бўлмоқда”.

Агар фарғоналик тадбиркор Ҳамидилло Топволдиевнинг иддаолари рост бўлса, (бу иддаоларга ишонмасликка асосимиз йўқ) унинг бошига тушган иш Шавкат Мирзиёев айтган гапга ёрқин далиллардан бири бўлиши мумкин.

Ҳамидилло Топволдиев OzodMikrofonга ўз мулки бўлган ва сўнгги ҳолати мустақил баҳоловчилар томонидан 10 000 000 000 (ўн миллиард) сўмга баҳоланган ЦУМидан қандай қилиб қуруқ қолиши тафилотларини айтиб берди.

Топволдиевнинг иддао қилишича, ҳоким аввалига ЦУМга қарашли икки ер участкасини йўл қуриш баҳонаси билан ундан олиб қўйган, лекин йўл қурилмаган, ер участкалари бошқа шахсларга хатлаб берилган.

2016 йилнинг апрелида бошланган жанжал тўғрисида айтар экан, Ҳамидилло Топволдиев бундай деди:

“Ерни олган тадбиркорлар қурилиш қиламиз, деб келганида уларни ҳайдаб юбордим. Шундан сўнг ўша икки тадбиркор билан вилоят ҳокимининг укаси келди. Яна ҳаммасини ҳайдаб юбордим. Кейин вилоят ҳокими келди (суҳбат давомида тадбиркор гап Шуҳрат Ғаниев устида кетаётганини тасдиқлаган -таҳр.) “Буларнинг қурилиш қилишига тўсқинлик қилсанг, сени қаматаман”, деди. Мен яна қаттиқ туриб олдим. Кейин ҳоким милиция бошлиғини чақирди. “Қамайсан!”, деди. Лекин милиция бошлиғи ҳижолат бўлиб қамамади...”

Масалага формал ёндошиладиган бўлса, Топволдиевнинг ЦУМни бой бериб қўйишига бинони капитал таъмирлаш учун банкдан йирик миқдорда кредит олгани ва уни ўз вақтида қайтара олмагани сабаб бўлган.

Лекин тадбиркор бундай демаяпти. Иддао қилишича, у пухта ўйланган ўйин қурбони бўлган.

ЦУМ билан боғлиқ жанжалнинг бутун тафсилотини қуйида илова қилинаётган суҳбатдан тинглашингиз мумкин.

Суҳбат OzodMikrofon форматида ёзиб олинди ва уни шу форматда беришга қарор қилдик.

Лекин иккинчи томон – Фарғона вилоят ҳокими ёки унинг вакилининг мазкур воқеа юзасидан ҳар қандай кўринишдаги изоҳини эшитишга ва тингловчига етказишга тайёрмиз.

OzodMikrofon: “Вилоят ҳокими туфайли 10 млрд. сўмлик мулкимдан ажралиб қолдим”
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:23:26 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG