Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:50

Қизини журналистлар калтаклаганини иддао қилган аёл Мирзиёевга шикоят қилди


Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида истиқомат қилувчи 64 яшар пенсионер Адела Худойберганова Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилиб, маҳаллий куч ишлатар тузилмалари уни ва қизининг ҳуқуқларини поймол қилгани, ёлғиз ўғлини эса ноқонуний равишда қамоққа ташлаганини иддао қилмоқда.

“5 йилдан буён менинг ҳуқуқларимни поймол қилаётган бу амалдорлар боис бу юртда, умуман, бу ҳаётда яшагим келмай қолди”, деди Озодлик билан суҳбатда Худойберганова.

Унинг даъво қилишича, 36 яшар ўғли Отабек Худойберганов Урганч шаҳар ИИБ томонидан "гиёҳвандлик воситаларини сақлаш ва ўтказишда" гумон қилиниб, "қонунга зид равишда ушланган ва шаҳар суди томонидан айби исбот этилмаган ҳолда 5 йилга қамоққа ҳукм қилинган".

Журналистлар томонидан калтаклангани иддао қилинган Зулфия Худойбергановнинг суд-мед эксперт томонидан қайд этилган сурати
Журналистлар томонидан калтаклангани иддао қилинган Зулфия Худойбергановнинг суд-мед эксперт томонидан қайд этилган сурати

​Шунингдек, аёл ўтган йилнинг 9 ноябрида бўлган маҳкама жараёнини тасвирга олган "маҳаллий телеканал журналистлари унинг қизини калтаклагани, маҳаллий ИИБ ва ҳукумат идоралари она-қизнинг шикоятларини эътиборсиз қолдирганини" иддао қилмоқда.

“9 ноябрь куни суд ўғлим устидан ҳукм чиқарди. Хоразм вилояти телевидениеси журналистлари эса маҳкамани видеога ола бошлади. Шунда қизим уларга яқинлашиб, сокин оҳангда қайси асосда жараённи тасвирга олаётганини сўради. Аммо, улар қўполлик қилди ва охири, ўртада жанжал чиқди. Маҳкамадан сўнг журналист, деб номланган касб эгалари қизимни уятли сўзлар билан сўкиб, ҳақоратлаб, калтаклашди”, деб иддао қилди Адела Худойберганова.

Унинг даъвосича, қизи жароҳатлар билан шифокорга боришга мажбур бўлган. Аммо, ҳозирга келиб, журналистлар она-қизнинг устидан “иккаласи бизни калтаклади”, деб даъво аризаси киритган ва ана шу ариза асосида Худойбергановалар устидан жиноят иши очилган.

“Бизга Ўзбекистон ЖКнинг 277-моддаси “г” банди билан жиноят иши очишди. Гўёки, биз 3 эркакни шафқатсизларча калтаклабмиз. Хуллас, бизни безориликда айблашди. Кейин қизим Тошкентга - Ички ишлар вазирлигига борганида, уни ўша ердан ҳибсга олиб, Хоразмга олиб келишди. Билсак, қизимга республика ичида қидирув эълон қилиб юборишибди. Хуллас, вилоятимизда қонунсизлик авж олган”, деб даъво қилди Адела Худойберганова.

Унинг даъвосича, қизининг калтакланганини тасдиқловчи суд-мед эксперт хулосаси, уяли телефонга олинган видео ва суратлар ҳам шаҳар, вилоят ИИБ ва прокуратура томонидан инобатга олинмаётир.

Натижада, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига ариза йўллаган урганчлик пенсионер суд мажлиси бошланмасидан туриб, бу мурожаатини Озодлик орқали ҳам эшиттиришга қарор қилганини айтди.

“Биз кеча ҳукумат порталида қолдирган мурожаатимизга ваколатли шахс эътибор қаратишини илтимос қиламиз. Бизни президентимиз қабул қилсинлар, илтимос!” деб мурожаат қилди урганчлик пенсионер Адела Худойберганова.

3 февраль куни Хоразм вилоятининг Жиноят ишлари бўйича Шовот туман судида она-қиз - Адела ва Зулфия Худобергановалар иши кўрилиши кутилмоқда.

Озодлик бу оила тақдирини кузатишда давом этади.

XS
SM
MD
LG