Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:06

Қирғизистонда “Асқаров ҳаётини сақлаб қолинг” акцияси бошланди


Асқаров (ўнгда) суд жараёнида. Суратнинг чап томонида ҳуқуқ фаоли ва журналист Абдумўмин Мамараимов.
Асқаров (ўнгда) суд жараёнида. Суратнинг чап томонида ҳуқуқ фаоли ва журналист Абдумўмин Мамараимов.

Қирғизистонда Ўш воқеаларида айбланиб умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров 24 январдан бошлаб муддатсиз очлик эълон қилганидан ташвиш билдирган фаоллар “Асқаров ҳаётини сақлаб қолинг” акциясини бошлади.

Асқаров ҳаётини сақлаб қолиш асосий мақсад

Бишкеклик ҳуқуқ фаоли ва журналист Абдумўмин Мамараимов “Асқаров ҳаётини сақлаб қолинг” акцияси ташкилотчиларидан биридир. Унинг Озодлик радиосига айтишича, мазкур тадбир орқали Азимжон Асқаровнинг адолат қарор топишига сўнган ишончини қайта тиклаш мақсад қилиб қўйилган.

-Ҳамкасбимиз Азимжон ака Асқаров муддатсиз очлик эълон қилди. У кишини тушунсак бўлади. Олти йил адолат излаб, охири яна аввалги ҳукмни қўлига олиш одам учун жуда оғир. Ҳозирги асосий мақсадимиз бу кишининг соғлиғи ва ҳаётини сақлаб қолиш. Сабаби суиқасд, ўлим билан бир муаммони ҳал қилиб бўлмайди. Ҳали Олий судга ҳам мурожаат қилиш имкониятимиз бор. Шунинг учун биз Асқаровга очлик акциясини тўхтатиб туришни илтимос этиб мурожаат қилганмиз, - деди Абдумўмин Мамараимов.

Унга кўра, акция доирасида Асқаровни билган, таниган ёки унинг номини эшитган ва унга хайрихоҳ бўлган одамлар ўзларининг у билан бирдам эканликлари акс этган 1 дақиқадан ошмаган видеоларни жўнатишлари мумкин. Бу видеолар ва тилаклар бир дискка жамланиб, Азимжон Асқаровга топширилади.

- Асқаров ҳозир ўзи ёлғиз цемент-бетон камерада ўтирибди. Бизнинг фикримизча, у киши илиқ сўзлар билан қилинган мурожаатларни олиб ўқиса ёки кўрса, биринчидан, кўнгли таскин топади, иккинчидан, суд ҳукмни ўзгартириш ҳаракатини давом эттириш учун туртки бўлади,-деди Абдумўмин Мамараимов.

Асқаров қамоқдан васият мактубини чиқарди

Суҳбатдошимиз Азимжон Асқаров қамоқхонадан васият мактубини ҳам чиқарганини маълум қилди.

-Асқаров васиятида очлик эълон қилганини айтиб туриб, вафот этган тақдирда унинг танасини экспертизадан ўтказмасдан, ёрмасдан фарзандларига топширишларини илтимос қилган. Бу васиятнинг ўзи Асқаров ўз қарорида қатъий эканини англатиб турибди, -деди Абдумўмин Мамараимов.

24 январь куни Чуй вилоят суди Асқаров ишини 4 ой давомида қайта кўриб чиқиб, унга нисбатан аввалги суд инстанцияси томонидан чиқарилган умрбод қамоқ жазосини тасдиқлаган эди. Ҳукм ўқилганидан сўнг Асқаров муддатсиз очлик эълон қилишини билдирган.

Халқаро ташкилотлар Асқаровга чиқарилган ҳукмдан норози

Асқаров Ўш воқеаларида айбланиб 2010 йилда қўлга олинган ва умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Лекин ўтган йил апрелида БМТ Қирғизистон Асқаровни озод қилиши кераклиги тўғрисида қарор қабул қилгач, Олий суд бу ишни қайта кўриб чиқиш учун Чуй вилоят судига жўнатган эди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Комиссарлиги Қирғизистоннинг Чуй вилоят суди ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровга умрбод қамоқ жазоси ҳукмини тасдиқлаганидан ташвиш билдирди.

Олий Комиссар Зайд Раад ал Ҳусайн бу қарор “Қирғизистон суд тизимида жуда катта камчиликлар бор эканини кўрсатди”, деб баёнот берди.

Олий комиссарнинг айтишича, бу ҳукм БМТнинг Асқаров ноқонуний қамоққа олингани, қийноқларга солингани тўғрисидаги қарорига зид келади.

БМТ расмийси Асқаровга нисбатан суд ҳукмини ўзгартиришга чақирди.

XS
SM
MD
LG