Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:45

Тошкент Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилишига мойиллик билдирди


Бу ҳақда Қирғизистон парламентида ўтган тингловда транспорт ва йўл вазири Жамшитбек Калилов маълумот берди.

Қирғизистон транспорт ва йўл вазири Жамшитбек Калиловнинг айтишича, расмий Тошкент Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлини қуришга мойиллик билдирганидан сўнг бу борадаги музокаралар яна жонланди.

-Шу кунгача Ўзбекистон “қурилиб қолса қаршилик билдирмаймиз”, қабилидагина муносабат билдириб келаётган эди. Ўтган йилнинг декабрида Бишкекка Ўзбекистондан экспертлар келиб, биринчи марта хитойлик ва қирғизистонлик экспертлар билан бирга ишлашди. Бу ҳаракат билан Ўзбекистон темир йўл қурилиши масаласида ўзининг позициясини очиқ-ойдин билдирди, -деди вазир.

Унга кўра, ўзбекистонлик мутахасислар жараёнга аралашуви ортидан мазкур темир йўлни қуриш бўйича боши берк кўчага кириб қолган музокаралар яна жонланди. Бугунги кунда темир йўлнинг техник-иқтисодий асосламаси тайёр бўлган.

Асосламада билдирилишича, Хитойдан Норинга, Нориндан Жалолободга темир йўл қурилади ва бу йўл Ўзбекистон темир йўлларига қўшилиб кетади. Узунлиги 433 километр бўлган йўлнинг лойиҳавий қиймати 5 миллард доллар бўлиши тахмин қилинмоқда. Бу йўлдан йилига 12 миллион тонна юк олиб ўтилиши назарда тутилган.

Бироқ парламент депутати Канибек Иманалиев темир йўл қурилишини бошлаш учун шу кунгача Ўзбекистон ва Хитой билан муҳим масалаларда тил топишилмаганини танқид қилди.

- Биринчидан, темир йўл маршрути ҳалигача аниқлангани йўқ. Иккинчидан, йўлнинг эни қандай бўлиши шу кунгача жумбоқ бўлиб қолмоқда. Учинчидан, лойиҳани молиялаштирадиган манбалар аниқланмаган, - деди Иманалиев.

Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлини қуриш масаласи 1998 йилдан бери муҳокама қилиб келинмоқда.

Аввалги йилларда темир йўлни лойиҳалаш ишлари расмий Тошкент ва Бишкек ўзаро келиша олмаётгани сабабли ортга сурилаётгани айтилган эди. Бунинг натижасида 2011 йилда Қирғизистон аввалги лойиҳадан воз кечиб, темир йўлни Тожикистон орқали қуриш масаласини олға суриб келаётганди.

2016 йилда Ўзбекистонда раҳбарият янгилангани ортидан совуқлашган Бишкек ва Тошкент муносабатларида илиқлик пайдо бўлди. Бунинг ортидан темир йўлни Ўзбекистон билан ҳамкорликда барпо этиш масаласи яна кун тартибига киритилди.

Қирғиз ҳукумати президент Атамбаев 24 декабрда Самарқандга борганида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши бўйича Бишкек позициясини қўллаб –қувватлагани ҳақида расман билдирган.

XS
SM
MD
LG