Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:55

Термиз ҳокимлиги чўлда боғ яратган боғбон ерини тортиб олмоқчи


Собиржон Болтаевнинг оиласи билан яратган узумзори
Собиржон Болтаевнинг оиласи билан яратган узумзори

Ўн тўрт йил давомида сув чиқмайдиган қўриқ ерда боғ яратган сурхондарёлик Собиржон Болтаев, ўрикзор ва узумзорини ҳужжатлаштиришга расмийлар тўсиқ бўлаётганидан Озодликка арз қилди. Боғбон¸ боғини ташлаб кетиши учун ўзининг ҳар томонлама сиқувга олинаëтгани¸ ўрик дарахтлари қўпориб ташланаëтганини маълум қилди. Бу шикоятга муносабат билдирган Термиз туман ҳокими Болтаевга боғини расмийлаштиришда ёрдам беришни ваъда қилди.

Сурхондарё вилоятининг Денов туманида яшайдиган 51 яшар Собиржон Болтаев 2003 йилда Термиз туманига келиб, Учкўл мавзесидаги қўриқ ва бўз ерда боғ яратишга киришган. Озодлик билан суҳбатда боғбон бу ишнинг қанчалик қийин кечганини ҳикоя қилади:

Cобиржон Болтаев ерни олганда шундай кўринишда эди.
Cобиржон Болтаев ерни олганда шундай кўринишда эди.

- Мен яхши ният билан боғ қилдиму, ўзимга ғалва орттирдим. Бундан 13 йил аввал ҳоким Бахтиёр Панжиевнинг олдига кирдим ва ниятимни айтдим. Ҳоким яхши гапирди. “У чўл жой, у ерда боғ қилолмайсан, майли ҳаракат қилиб кўр, агар қилолсанг, ҳужжатлаштириб бераман”, деди. Мен давлатдан бир сўм ҳам кредит олмай, оила аъзоларим билан ишни бошладим. Аммо, у ҳоким боғ бунёд қилолганимни кўрмай¸ ишдан кетиб қолди, дейди боғбон.

Собиржон Болтаевнинг оиласи билан яратган узумзори
Собиржон Болтаевнинг оиласи билан яратган узумзори

​Собиржон Болтаев фақат кетмон билан ишлаб, бу чўл жойларга сув чиқарганини айтади:

- У жой бир тепалик эди. Мен айлантириб ариқ қазиб сув чиқардим ва боғ қилдим. Пастки томонларини экинзор қилдим. Узумлар, ўриклар ҳосилга кирган. Бундан ташқари қуёнчилик ҳам қилаяпман. Ҳозир 500 дан ортиқ қуён боқаяпман. Туман янги ҳокими Бозорбой Холназаровнинг қабулига неча марта бордим, лекин ўзи билан гаплаша олмадим. Бош вазир виртуал қабулхонасигача ёздим. Жавоб яна ҳокимнинг ўзидан келаяпти. “Бу ер бошқа фермернинг балансида, бу сизнинг ерингиз эмас”, деган жавоб келаяпти, дейди Собиржон Болтаев.

Бозорбой Болтаев парваришлаётган қуёнлар
Бозорбой Болтаев парваришлаётган қуёнлар

Боғбоннинг билдиришича¸ у Термиз тумани ер кадастрига ҳам мурожаат қилган, бироқ улар бу ернинг Мўмин Шоймардонов деган фермерга расмийлаштириб берилганини айтган.

Собиржон Болтаев яқинда фермер Мўмин Шоймардонов боғдаги дарахтларни қўпориб ташлаб, ўртасидан ариқ қаздиргани ва боғга чорва ҳайдаб¸ ёш дарахтларни пайҳон қилдираётганидан изтиробга тушганини айтади:

Фермер ўрик дарахтларини қўпориб ташлаб боғнинг ўртасидан ариқ қаздирган
Фермер ўрик дарахтларини қўпориб ташлаб боғнинг ўртасидан ариқ қаздирган

- Бу фермер бу менинг ерим деб, дарахтларни қўпориб ташлаб катта ариқ қаздирди. Нега бундай қилдинг, деб сўрасам, мен бу ерда балиқ боқадиган ҳовуз қиламан, деб айтди. Чорвани боғимга ҳайдаб¸ ёш ниҳолларни синдириб ташлаяпти. Тайёр боғга эгалик қилиш учун бизни ҳар томондан сиқувга олишаяпти. Арзимизга ҳеч ким қулоқ солмаяпти. Кеча, президентимизнинг тадбиркорлар ҳақидаги гаплари айнан мен ҳақимда эди. Ҳужжатлаштириб беришсин ерни, мен боғдорчилик ва қуёнчилик хўжалиги ташкил қилай, давлатга мева ва гўшт етказиб берай, солиғини тўлай, иш ўринлари яратай, дейди Собиржон Болтаев.

Озодлик фермер Мўмин Шоймардонов билан кун давомида боғланишга ҳаракат қилди, бироқ фермернинг телефони ўчирилгани боис¸ ер тортишуви масаласида ундан муносабат олиш имкони бўлмади.

Собиржон Болтаев боғига қўйлар солиниб, пайҳон қилиняпти
Собиржон Болтаев боғига қўйлар солиниб, пайҳон қилиняпти

Термиз тумани ҳокими Бозорбой Холназаров Озодлик билан суҳбатда бу масаладан хабардор эканлигини айтди:

- Аслида бунинг қийинчилиги йўқ. У ер бошқанинг номига ўтган бўлган. Шунинг учун ҳам иккиланиб турувдик. Мен ўзим бориб кўраман, дедим. Ўзлари бир марта учрашувди, менга. Насиб бўлса, қилиб берамиз¸ дедим. Бизга ҳамма бир. Тадбиркорликни ривожлантиришимиз керак, ҳозир давр талаби шу бўлаяпти. Албатта у киши меҳнат қилган, боғ қилган. Меҳнатига яраша бу масала кўрилади, биз у боғбонни ҳеч ҳам хафа қилмаймиз, деди ҳоким.

Озодлик сурхонлик боғбон муаммосига қачон ва қандай ечим топилишини келгусида кузатишда давом этади.

XS
SM
MD
LG