Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:47

Мирзиёев: 2016 йилдаги "синовлар эл-юртимизни янада бирлаштирди"


Ўзбекистон халқини янги йил билан телевидение орқали шахсан ўзи табриклаган Шавкат Мирзиёевга кўра, 2016 йилда мамлакатга келган "оғир ташвиш ва синовлар" халқни "янада бирлаштирди".

14 декабрда президент этиб сайланган президентнинг ўзбек ва рус тилларидаги табриги Ўзбекистон давлат телевидениеси орқали 2017 йилга кириш арафасида намойиш этилди.

Табрик матни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги томонидан эълон қилинди.

"Поёнига етаётган 2016 йилда юртимиз ҳаётида яхши кунлар, улкан ютуқ ва марралар кўп бўлди. Шу билан бирга, афсуски, бошимизга оғир ташвиш ва синовлар ҳам тушди. Лекин бу синовлар эл-юртимизни янада бирлаштирди. Мард халқимизнинг матонати туфайли биз бу синовлардан ҳам муносиб ўтдик," деди Тошкент марказидаги Оқ Сарой ўнгида туриб гапирган Шавкат Мирзиёев.

Шавкат Мирзиёев "оғир ташвиш ва синовлар" нималарда акс этганинга изоҳ бергани йўқ.

Бироқ унинг мазкур сўзларидан 2 сентябрда вафот этган Ислом Каримовни назарда тутганини англаш мумкин.

Мирзиёев 2016 йилни "барча... ёруғ юз билан" якунлади дея қайд этди.

"Ўтаётган йилни деҳқон ва фермерларимиз, ишчи ва қурувчилар, ўқитувчи ва шифокорлар, жасур ҳарбийларимиз, олимлар, ижодкор зиёлилар – барча касб эгалари ўз соҳалари бўйича ёруғ юз билан якунладилар," - деди Шавкат Мирзиёев.

У ўз чиқишида, шунингдек, Ўзбекистон спортчиларининг 2016 йил Риода ўтган Олимпиада ва Паралимпия ўйинларида эришган ютқуқларини алоҳида таъкидлади.

"Бир сўз билан айтганда, ўтиб бораётган йилдан рози бўлиб, ҳар қанча шукрона айтсак арзийди," деди Ўзбекистон президенти.

У “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номланган 2017 йилда "раҳбар ва етакчиларнинг бир жону бир тан бўлиб, астойдил меҳнат қилишларига ишонаман," деб айтди.

Шавкат Миризиёев ҳукуматнинг асосий вазифаси "тинчлик ва барқарорлик, тараққиёт, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш" бўлиб қолишини урғулади.

Янги йилга ўтар кечаси давлат раҳбарининг халқни телевидение орқали шахсан ўзи табриклаши Ўзбекистон 1991 йилда мустақил бўлганидан буён илк бор кузатилмоқда.

Марҳум президент Ислом Каримов даврида унинг янги йил табриги доимо давлат телевидениесининг бошловчиси томонидан ўқиб эшиттириларди.

XS
SM
MD
LG