Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:06

Саратовда -10 совуқда 6 кун автобусда яшаган ўзбек муҳожирлари Қозоғистон томонга йўлга чиқди


43 ўзбекистонлик 6 кеча-кундуз яшаган Setra автобуси. (Фотолар Пугачёв ш. Қутқарув хизмати томонидан тақдим этилди)
43 ўзбекистонлик 6 кеча-кундуз яшаган Setra автобуси. (Фотолар Пугачёв ш. Қутқарув хизмати томонидан тақдим этилди)

Россиянинг Ростов-Дон шаҳридан ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини Тошкентга олиб кетаётган автобус Саратов вилоятида бузилиб, йўлда қолиб кетди. 43 ўзбекистонлик 6 кун давомида бошқа транспорт кутиб, совуқда, автобус салонида яшади. Қутқарувчиларнинг айтишича, ҳозирда бу йўловчилар Қозоғистон чегараси томон жўнатиб юборилган, лекин, эндиликда, бузилган автобусда Ўзбекистондан келган янги 15 киши яшай бошлади.

Ростов-Дон шаҳридан ўзбек мигрантларини Тошкентга олиб кетаётган Setra русумидаги йўловчи автобус Саратов вилоятининг Пугачёв шаҳри яқинида бузилиб қолди.

Транспорт компаниясидан “Кутинглар, бошқа автобус юбораяпмиз!” жавобини олган салондаги ҳайдовчилардан ташқари 40 муҳожир икки-уч кунда етиб келиши айтилган машинани кутишга қарор қилди.

Бироқ, автобус эгалари 6 кун деганда ҳам пайдо бўлмади.

"Уларда пул ва салонни иситишга солярка тугагач, ўқи синиб кетган автобус ҳайдовчилари ниҳоят Пугачёв шаҳри Қутқарув хизмати диспетчерлик бўлимига ёрдам сўраб мурожаат қилди",- деди Озодликка Пугачёв шаҳар Қидирув-қутқарув хизмати бошлиғи Александр Белашов.

У ўта эскириб кетган автобус ҳайдовчиси қутқарувчиларга мурожаат қилмагани ва йўловчиларни турли баҳоналар билан алдаб, 6 кун ушлаб турганини маълум қилди.

Муҳожирлар 6 кун автобусда яшаган
Муҳожирлар 6 кун автобусда яшаган

- Солярка тугагунича улар автобусда ўтираверибди. Тўғриси, ташувчи ширкат улар билан ноинсоний муносабатда бўлган. 24 декабр куни эрталабки 9 ларда бизга хабар келгач, полиция ёрдамида уларни вокзал биносига исинишга олиб келдик. Улар орасида 24 яшар ҳомиладор аёл ҳам бор экан. Уни шифохонага олиб бордик. Бироз иситмаси кўтарилган ва аҳволи ёмонлашган аёлга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилди. Аммо у ётоқхонада қолишдан бош тортди, автобус усиз кетиб қолишидан қўрқди. Унга керакли дори-дармон сотиб олиб бердик ва яна автобусга олиб бориб қўйдик, деди Александр Белашов.

Автовокзалга келтирилган қолган ўзбек муҳожирлари маҳаллий кафеда овқатлантирилгани айтилди.

Ҳомиладор аёл Пугачёв ш. шифохонасига келтирилди
Ҳомиладор аёл Пугачёв ш. шифохонасига келтирилди

Пугачёв шаҳар қутқарувчилари бошлиғи автобусда кетаётган 40 киши, жумладан, ҳомиладор аёл ҳам, Ўзбекистонга юборилгани, аммо 15 кишилик яна бир гуруҳ тузатилаётган машинада қолаётганини билдирди:

- Шанба куни кечқурун қозоқ чегараси томонидан ниҳоят бошқа автобус етиб келибди. Билишимча, автобус бўш келмаслиги учун, ҳайдовчи қозоқ чегарасидан Ўзбекистондан келаётган яна 15 мигрантни йўл-йўлакай олволган экан. Бу 15 кишини бузуқ автобусда қолдириб, келган автобус ҳайдовчиси 40 кишини Ўзбекистонга олиб кетди. Эндиликда бу 15 киши автобус тузатилишини кутмоқда. Машинага эҳтиёт қисмларини олиб келишибди. Ремонт тугагани йўқ, аммо биз доимо алоқада бўлиб турибмиз улар билан, деди Александр Белашов.

Белашов қутқарувчилар борган кезда кўпчилик йўловчи музлаб қолиш арафасида бўлгани, чунки шу кунларда совуқ кундузи 10 даражагача тушганини билдирди.

Александр Белашов Ўзбекистонга кетаётган йўловчилар орасида Россияда ноқонуний яшаган ва миграция қонунчилигини бузган муҳожирлар борлиги сабабли, улар қутқарувчиларга ёрдам сўраб мурожаат қилишдан қўрққанини ҳам қўшимча қилди.

"Бу Setraда одам ташиш ҳам хавфли"
"Бу Setraда одам ташиш ҳам хавфли"

Суҳбатдош бу турдаги автобуслар жуда эскириб кетгани ва унда Россия совуғида йўлга чиқиш йўловчилар ҳаётини хавф остига қўйиш эканини эслатиб ўтди.

Автобус ва бошқа арзонроқ нархдаги транспорт воситаларида Ўзбекистонга кетаётган ўзбек муҳожирларининг автоҳалокатларга учраши ҳолатлари олдин ҳам кўп маротаба содир бўлган.

Шу йилнинг 30 октябрида Саратовда Петербург-Тошкент йўналиши бўйича кетаётган 20 нафардан кўпроқ ўзбекистонлик йўловчини олиб кетаётган автобус ағдарилган эди. Автобус ағдарилиши оқибатида ўзбекистонлик муҳожирларнинг 6 нафари касалхонага ётқизилган, қолган 10 одам енгил тан жароҳатлари олгани тўғрисида Озодлик хабар қилганди.

Бундан аввал 2016 йил 22 мартида Россиянинг Пенза вилоятида юз берган автоҳалокат натижасида Ўзбекистоннинг 11 ватандоши жароҳатланган эди.

XS
SM
MD
LG