Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:26

Сайёҳлик ширкатлари Мирзиёев фармонидан катта ўзгаришлар кутмоқда


Ўзбекистондаги қатор сайёҳлик ширкатлари янги сайланган президентнинг туризмни стратегик секторга айлантиргани, айниқса, 27 давлат ватандошларига визанинг бекор қилиниши ҳамда солиқ имтиёзлари берилганидан мамнунлигини билдирмоқда. Айни пайтда фармон ортидан бўладиган текширувларга ҳам ҳозирланаётган ширкатлар янги сайланган президентдан соҳа ислоҳотини свет-газни таъминлаш, конвертацияни очиш ва йўл таъмиридан бошлашни таклиф қилмоқда.

Туризм стратегик секторга айланади

Ўзбекистон президенти вазифасини бажараётган Шавкат Мирзиёев 2 декабрь куни имзолаган "Ўзбекистон Республикаси сайёҳлик соҳасини ривожлантиришни тезлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонда туризм соҳасини мамлакат иқтисодининг стратегик секторига айлантириш назарда тутилган.

Фармонда 15 давлат фуқароларига бутунлай, 12 давлатнинг эса 55 ва ундан юқори ёшдаги фуқаролари учун виза тартибини бекор қилиш, бундан ташқари, 4 ва 5 юлдузли меҳмонхона, мотел қурган тадбиркорларни 5 йилга солиқлардан озод қилиш, соҳадаги субъектларга валюта тушумларини давлат мажбурий сотишни бекор қилиш каби енгилликлар кўзда тутилган.

Озодлик гаплашган Тошкент, Самарқанд ва Бухородаги қатор сайёҳлик ширкатлари катта даромад манбаи бўлгани ҳолда йиллар давомида кичик кирим билан ишлагани, ва ниҳоят, ҳозирга келиб ҳукумат эътиборига тушганидан мамнунлигини билдирди.

"Ўзбектуризм" - назорат қилувчи эмас, бошқарувчи бўлади"

Президентнинг янги фармонига умид қилиб турган сайёҳлик ширкатлари, айни пайтда, юқори турувчи орган - "Ўзбектуризм" миллий ширкатининг давлат қўмитасига айлантирилишидан ҳам умиди катта эканини айтмоқдалар.​

Ушбу ширкатнинг ҳудудий бўлимларидан бирида ишлайдиган мулозим муқаддам бу органнинг кўпроқ назорат қилувчи идора бўлганини урғулади.

Исмини ошкор қилмаётганимиз мулозимнинг айтишича, ширкатнинг асосий иши - мамлакатга келаётган сайёҳларнинг визаси, уларга хизмат кўрсатадиган ширкатларнинг ҳужжатлари ва фаолиятини назорат қилишдан иборат бўлган:

"Бундан бу ёғига қўмитага айланса, назорат қилувчи эмас, шу соҳани бошқарувчи органга айланади, деб умид қилаяпмиз. Узоқ кутилган қарор. Ҳали 4 юлдузли ва 5 юлдузли меҳмонхоналар солиқлардан озод қилинди. Хуллас, сайёҳлик соҳасида ўзгаришлар кўп", деди "Ўзбектуризм" ширкати ҳудудий бўлинмаларидан бирининг ўзини таништирмаган мулозими.​

"Ўзбектуризм" миллий кампанияси раҳбарияти аъзоси эса шу кунларда ширкатни давлат қўмитасига айлантириш жараёнига ҳозирлик бошланганини айтаркан, тез орада бу жараёнга оид қўшимча маълумотларни тақдим қилишни ваъда қилди.

Мулозим Озодлик мухбири билан телефонсиз қисқа суҳбатда ширкат қўмитага айлантирилгач, давлат органига айланишини урғулаб ўтди.

"Визанинг бекор қилиниши сайёҳларни оширади"

Аксар ширкатлар дунёнинг 27 давлати ватандошлари учун виза тартибининг бекор қилинганига оид хабарни эшитиб хурсанд бўлгани, секин-аста сайёҳлар оқимини оширишини кутаётганини айтмоқда.

Жумладан, Самарқанддаги сайёҳлик ширкатларидан бирининг раҳбари ҳозир мамлакатга келадиган сайёҳлар сони жуда озлигини айтади:

"Сайёҳлик оқими аслида катта эмас бизда. Бизни агентлик, масалан, бир ҳафта-ўн кун ичида кўпи билан 10-12 кишигача сайёҳ олиб келади. Бунинг устига, европалик сайёҳлар шусиз ҳам осон виза олишади. Уларга туроператорларнинг ўзи виза олиб беради. Визасиз келиши, албатта, яхши. Аммо, менимча, биринчи бўлиб инфраструктурани яхшилаш керак", деди Самарқанддаги сайёҳлик ширкати раҳбари.

"Инфраструктурани яхшилаш керак"

Самарқандлик турагент бу борада ўз таклифларини илгари сурди:

"Биринчи бўлиб, Ўзбекистонга авиачипталарни арзон қилиш керак. Клиентларимиз "Ўзбекистон ҳаво йўллари"да чипта қиммат, деб нолишади. Иккинчидан, мамлакатнинг ичидаги қатновни яхшилаш керак. Масалан, "Афросиёб" поездига билет етишмаяпти туристлар учун. Кейин Бухоро, Самарқанд - қадимий шаҳарлар-а? Лекин, бу шаҳардаги катта йўлдан қайрилишингиз билан йўллар расво. Энг муҳими - свет билан газ йўқ. Тушуняпсизми, аҳволимизни?! Франциядан келган турист меҳмонхонага боради, у ерда свет йўқ, масалан", дейди самарқандлик турагент.

Соҳага ҳукумат эътиборини зориқиб кутган туроператор аслида кейинги йилларда ноябрь ойидан сайёҳлик оқими қарийб тўхташи, вилоятдаги ўзи каби кичик ширкатлар бир йилда қарийб 5 ой киримсиз ишлашини қўшимча қилди.

"Туроператорлардан ҳужжат сўралмоқда"

6 декабрь куни эълон қилинган фармон ортидан бошланадиган ислоҳотларнинг илк бўғини ҳам, афтидан, сайёҳлик ширкатлари бўлмоқда.

Фармонда 2017 йилнинг 1 январидан мамлакатда мавжуд барча сайёҳлик ширкатларини стандартлаштириш кўзда тутилган.

Ушбу фармон ортидан Озодлик гаплашган Тошкент, Самарқанд ва Бухородаги қатор сайёҳлик ширкатлари шу йилнинг 31 декабрига қадар фаолият кўрсатиш учун берилган лицензия ва сертификатга оид ҳужжатларни ҳозирлаб, тегишли ташкилотларга топшириш сўралаётганини айтмоқда.

Жумладан, пойтахтдаги йирик сайёҳлик ширкатларидан бирининг исмини ошкор қилмаётганимиз раҳбари:​ "31 декабргача ҳамма ҳужжатларни тайёрлаб, "Ўзбектуризм"га топширинглар, деган кўрсатма бўлди. Ҳозирча янги фармондан кейин бошланган асосий ўзгариш шу бизга", деди.

Ўзбекистондаги туризм сектори йиллар давомида иқтисодиётнинг энг бўғилган соҳаларидан бири бўлиб қолмоқда. Бу соҳадан келадиган даромад ялпи ички маҳсулотнинг қанча қисмини ташкил қилиши ҳақида аниқ расмий маълумот йўқ.

XS
SM
MD
LG