Линклар

Шошилинч хабар
17 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:41

Ўзбек-тожик чегарасида вазият бироз юмшади


Ўзбекистон ва Тожикистон аҳолисидан икки давлат ўртасидаги чегарада вазият бироз юмшагани тўғрисида хабарлар келмоқда. Маълумотларга қараганда, нафақат борди-келди масаласида енгиллик, балки икки мамлакат ўртасида иқтисодий ҳамкорлик соҳасида ҳам жонланиш кузатилмоқда.

“Кислородни очишди”

Ўзбекистоннинг Оҳангарон шаҳрида яшайдиган Мухлиса яқинда танишлари чегарадан бемалол ўтиб келганини маълум қилди.

- Муносабатлар яхшиланганини ростлиги – қўшнимиз “Садоқат” пости орқали кириб келибди. Қариндошларини кўриб юрибди. “Кислородни озгина очишди, яхши бўлди”, деяпти. Шу ерда туғилган, аммо чиқариб юборилган бошқа тожикистонликлар ҳам келаяпти экан, “Нафас олишимиз яхшиланди”, дейишаяпти, деди Мухлиса.

“Тожикистонликлар умидвор бўлмоқда”

Тожикистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош Бўстон шаҳрида яшовчи Абдураҳмон аканинг айтишича, одамларда умид катта, лекин чегарадаги вазият деярли ўзгармаган.

- Ишхонада одамлар ҳар куни келиб, Тожикистон билан муносабат яхши бўлар экани тўғрисида гапиришаяпти. "Ўзбекистон президенти Мирзиёев Имомали Раҳмон билан учрашибди. Икки давлат алоқалари секин-секин яхшиланади", дейишаяпти. Аммо чегара қандай бўлса шундай турибди: виза системаси. Лекин халқ умидворки, илиқланиш бўлади. Ҳамма нарса арзонлашади чегаралар очилса, деди Абдураҳмон ака.

“Картошка-пиёз олиб ўтишга рухсат берилди”

Бекобод туманида яшовчи ўзбекистонлик тадбиркор Адҳам кўп йиллардан буён мева-сабзавот савдоси билан шуғулланади.

У Тожикистон билан чегара ёпилгач, Бекободда етиштирилган карам, сабзи, пиёз ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Қозоғистон ва Россияга олиб бориб сотишга мажбур бўлиб келган. Адҳамнинг айтишича, чегарадаги вазият анча юмшаган.

- Ўзи бу ҳайит кунлари бошланувди. Ҳайитга 5 кунга чегарани очиб берди Ўзбекистон! Визасиз кирди-чиқди қилиб берди қариндошларни кўриб қайтаётган одамларга. Биринчи маротаба бўлаяпти бунақаси! Вазият зўр бўлаяпти, алоқани сал юмшатиб қўйди. Унча-мунча сабзавот-мевага йўл очди: Бекобод бозорига борсак, Тожикистоннинг Ғончисидан олиб келиб картошка сотишаяпти, деди бекободлик Адҳам.

Текшир-текшир камайди”

Исмини ошкор қилмаган сўғдлик тингловчиларимиздан бири чегарада ортиқча текшир-текшир камайганига гувоҳ бўлганини айтди.

- Бемалол ўтказаяпти. Муомаласи ҳам яхши бўлиб қолибди. Олдин аёлларни ҳаммасини олиб кириб сўроқ қиларди, шахсий текширувдан ўтказарди. Ҳозир яхши анча – текшир-текшир камайди, деди Озодлик мухлиси.

Озодликнинг тожик хизмати мухбири Абдулло Ашуров Ўзбекистоннинг Душанбедаги элчихонаси олдида виза олувчилар навбати деярли йўқолгани ва хоҳловчилар бемалол виза олаётганини маълум қилди.

Абдулло Ашуров билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:03 0:00
Бевосита линк

- Ҳозирга келиб Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида ҳақиқатан вазият илиқлашгани кузатилмоқда. Масалан, илгари Ўзбекистоннинг Душанбедаги элчихонаси олдида мен доимо виза олиш истагида бўлган катта навбатларни кузатар эдим. Ҳозир у ерда одам жуда кам! Дўстларим виза олиш осонлашганини тасдиқлаб берди. Олдин визага топширганларга сабабсиз рад жавоби жуда кўп бериларди, ҳатто телеграмма олганларга. Кейин, илгари визага топширганлар сони қатъий чегараланган эди. Ҳозир бемалол. Кеча куни Ўзбекистоннинг Ойбек назорат пунктидан ўтган бир дўстим шахсий текширув енгиллаштирилгани, телефонлар текширилмагани, ҳатто химикатлар солинган кўлмакни босиб ўтиш каби қоидалар бекор қилинганини хабар қилди, деди Абдулло.

Абдулло Ашуров жорий йилнинг 16-17 октябрь кунлари бир гуруҳ ўзбекистонлик Тожикистоннинг Сўғд вилоятида бўлиб қайтганини ҳам қўшимча қилди.

Суҳбатдошга кўра, ўзбек делегацияси таркибига асосан Фарғона водийсидан бўлган тадбиркорлар кирган, сафар Ўзбекистон томони ташаббуси билан амалга оширилган.

Олдин бундай муносабатлар мутлақо тўхтатилган эди. Ҳозир жадаллик билан бўлмасада, бироз силжигани кўзга ташланмоқда”, деди мухбиримиз.

- 90-чи йилларда Ўзбекистон Тожикистоннинг Россиядан кейинги энг йирик савдо ҳамкори бўлган. Охирги 15 йилда мамлакатларимиз ўртасидаги савдо алоқалари шу даражада камайдики, 2014 ва 2015 йилларда биз атиги 2 миллион долларга савдо қилибмиз. Тожикистон ҳатто Афғонистон билан кўпроқ савдо қилаяпти! деди Абдулло Ашуров.

Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев 5 октябрь куни Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали суҳбатлашди.

Бундан олдинроқ, 29 сентябр куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Тожикистон президенти билан учрашув чоғида икки давлат ўртасида мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва дўстона алоқаларни тобора кенгайтириш йўлларини муҳокама қилган эди.

Мутахассислар бу учрашувни Тошкент ва Душанбе ўртасидаги бу алоқалар илиқланишининг биринчи қадами ўлароқ баҳолаган эди.

XS
SM
MD
LG