Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:44

Оренбургда ўзбек муҳожирлари силга чалинганлар билан бирга сақланмоқда


Оренбург вилояти, Алабайтал қишлоғидаги чет элликларни сақлаш маркази (СУВСИГ)да соғлом ўзбекистонликлар силга чалинганлар билан бир жойда бир неча ойдан буён оғир шароитда ушлаб турилибди. Ўзбекистонлик тутқунлар депортация марказида бир йилдан ортиқ сақланаётганини Озодликка телефон орқали маълум қилди.

Уларнинг айтишича, марказда сақланаётган 100 га яқин хорижийнинг аксариятини ўзбекистонликлардир. Ушбу марказда миграция қонунчилигини бузган муҳожирлар қамоқ муҳлатини ўтаб чиққанлар билан бирга ушлаб турилибди.

Бухоролик 46 ёшли Алиқулнинг (исм ўзгартирилган -таҳр.) депортация марказига келтирилганига яқинда бир йил тўлади.

У ўз тақдири Россия ва Ўзбекистон орасида муаллақ қолаётганидан шикоят қилди:

- Мени бу ерга 2015 йилнинг 29 сентябрида келтиришган. Жорий йилнинг 29 сентябрида суд бўлади, ўшанда айтишади, кейин нима бўлишини. Россияга келганимга 16 йил бўлди. Паспортим йўқ. Ўзбекистонга 4 маротаба сўров бердим, 4 маротаба ҳам рад жавоб келди. Яшаган адресимни берганман. 2015 йил 29 сентябрда қамоқдан озод бўлдим ва шу ерга олиб келишди. 158-модда - ўғирлик билан бир йил ўтириб чиқдим. Қурилишда ишлардим. Учта туберкулёз камералар бор бу ерда. Менда яна бронхиал астма бор. Қаттиқ касалларга бу ерда дорилари йўқ. Ўз пулимизга дори сотиб олмоқчи бўлсак ҳам ижозат беришмайди. Келганимга мана бир йил бўлаяпти, дўхтирга бир маротиба олиб бориб текширишди. Бу ерда ўзбекистонликлар 70 нафарга яқин. Наманганлик бола билан прогулкада танишдим, жиннихонада бир неча маротиба ўтириб чиққан экан. Бу йигит шу спрецприёмникда 1 йилу 8 ой ўтирибди. Москва ва марказларда қонун қоида бор бўлса ҳам, бу ерларда қонунга бирор риоя қилишмайди. 3 кун очлик эълон қилдик, бирортаси - на прокурор, на бирор бошлиқ олдимизга келди. Уй билан алоқа йўқ. Бу ерда яна қанча ушлаб ўтиришади, ҳеч ким билмайди. Жуда эзилиб кетдим, деди Алиқул.

Суҳбатдош қамоққа тушишидан олдин онаси билан яшагани, ҳозирда онасининг бор-йўқлигини билмаслигини айтди.

Наманганлик Акбар (исм ўзгартирилган – таҳр.), ўзи ва айрим ўзбек муҳожирлари Алабайтал депортация марказида сил юқтирганини иддао қилади:

- Биз туберкулёз хонада ўтирибмиз,баъзилар касал, баъзилар касал эмас. Яқинда бир Украина фуқаросини келтиришди, бир кеча-кундуздан сўнг қон билан йўталишни бошладаи, қон қусди, касалхона олиб бориб, яна биз турган хонага келтиришди. Бу касал бола қарийб 3 ҳафта биз билан бир хонада яшади. Бизни даволашмайди, чунки биз Россия ватандоши эмасмиз. Мен ярим йил ўтирибман, тоза ҳаво олишга кам вақт беришади, овқатларининг маззаси йўқ. Бу ердагилар тўполон қилса, руҳий касалхонга юборишаяпти, Жиннихонада 2 ой ушлайди, деди наманганлик Акбар.

Акбар жиннихонадан келтирилган маҳбуслар анчагача ўзини билмай юради, дейди.

Наманганлик йигитнинг фикрича, нафақат Россия миграция идорасида пулнинг йўқлиги, балки Ўзбекистондан ҳужжатларни ўта кеч юборилаётгани ҳам муҳожирларнинг департация марказида узоқ қолиб кетишига сабаб бўлмоқда.

- Бу ердаги амалдорлар “Оренбургда ФМС бор ўшалар ҳамма ишни ҳал қилишади, ҳужжатларинглар билан ўшалар шуғулланишади. Бундан ташқари элчихонангларга “запрос” сўриштирув берсак, улар ойлаб жавоб бермайди” деб айтишади. Ҳақиқатан олганда ўзимизнинг элчихона ҳам яхши ишлашмайди. Қўнғироқ қилсак улар ҳам жавоб беришмайди. “Сенларни қаерга қўйиб юборамиз, ўтираверасан” деб айтишаяпти, деди Акбар.

Озодлик Оренбург вилояти чет элликларни сақлаш маркази идорасига мурожаат қилди. Бироқ мутасадди мулозим вазиятни шарҳлашдан бош тортди.

Москвадаги "Гражданское содействие"қўмитаси раҳбари Светлана Ганнушкинанинг Озодликка айтишича, Оренбург вилоятидаги депортация марказидаги ҳолат Россияда миграция соҳасидаги вазиятнинг нақадар оғир эканлигидан далолат беради.

- Ҳокимият амалдорлари ушбу масалага бефарқлик билан ёндошмоқда. Муҳожирларнинг депортация муассасаларида узоқ муҳлат қолиб кетишлари масаласини ҳокимият расмийлари олдида бир неча маротаба кўтарганмиз. Афсуски, миграция ваколатлари Россия ички ишлар вазирлиги тизимига ўтганидан сўнг вазият янада ёмонлашмоқда. Мамлакатда қолаётган кўпсонли ноқонуний муҳожирлар муаммолари ҳал этилиши керак, деди Светлана Ганнушкина.

Россия депортация муассаларида хорижликлар орасида норозилик чиқишлари, ҳатто ўз жонига қасд қилиш ҳоллари ҳам кузатилмоқда.

Жорий йил ёзида Тула депортация марказида ўзбекистонлик ногирон ўзини осиб қўйгани борасида Озодлик хабар берган эди.

2016 йилнинг март ойида эса Тожикистон ватандоши 25 ёшли Холов Зоҳиржон Москвадаг ичет элликларни сақлаш маркази (СУВСИГ) дан касалхонга келтириш пайтида, “тез ёрдам” машинасида жони узилган эди.

XS
SM
MD
LG