Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:34

Ўзбекистон баҳсли ҳудудга киритилган десантни олиб чиқиб кетишдан бош тортмоқда


Унгартепа ҳудуди.
Унгартепа ҳудуди.

Ўзбекистон 22 август куни Қирғизистон билан баҳсли бўлиб турган Унгартепа ҳудудига киритилган 7 кишидан иборат милиция десантини олиб чиқиб кетишдан бош тортмоқда. Бунгача қирғиз расмийлари Тошкент томонидан қўйилган талаблардан бирини бажариб, 13 августда қўлга олинган ўзбек милиционерини ватанига қайтарган эди.Тошкент бундан ташқари Косонсой сув омбори ҳудудидаги қирғиз постлари олиб ташланишини талаб қилмоқда.

Қирғизистон Чегара хизматидан 24 август куни олинган маълумотга қараганда, Тошкент икки давлат ўртасида баҳсли бўлиб турган Ункуртоғ-Унгартепа ҳудудидан ўз милиционерларини олиб чиқиб кетишдан бош тортмоқда.

Маълумотда айтилишича, Тошкент Косонсой сув омбори ҳудудидан Қирғизистонга қарашли постлар олиб ташланишини талаб қилишда давом этаётир.

Ўзбекистонда Унгартепа, Қирғизистонда Ункуртоғ деб аталувчи мазкур ҳудудга 22 август куни иккита вертолётда 7 кишидан иборат ўзбек милиционерлари десанти ташланган эди.

Ўзбекистон Қирғизистоннинг баҳсли ҳудуддан милиционерларни олиб чиқиб кетиш талабига жавобан 13 август куни Косонсой сув омборида қўлга олинган ўзбекистонлик милиционернинг озод қилинишини талаб қилган. 22 август куни бу талаб бажарилган ва ўзбек милиционери ватанига қайтарилганди. Ўзбекистон шундан сўнг Косонсой сув омбори ҳудудидан қирғиз постлари олиб ташланишини ҳам талаб қила бошлади.

Бу борада 22 август куни кечқурун Ўзбекистон чегара қўшинлари қўмондони Рустам Эминжонов ва Қирғизистон Чегара хизмати раиси Абдикарим Алимбаевлар телефон орқали музокаралар ўтказган. Ҳар икки томон вазият кескинлашмасидан туриб ижобий томонга ҳал қилиниши лозимлигини таъкидлаган бўлса-да, муаммо ҳал қилиниши учун қадамлар ташланган эмас.

Бу орада қирғиз матбуоти Унгартепадаги радиореле станцияларида ишловчи қирғизистонликлар билан бир кундан бери алоқа узилиб қолгани, уларнинг аҳволи тўғрисида ҳеч қандай маълумот берилмаётгани тўғрисида хабар тарқатди. Айрим хабарларда эса Унгартепадаги радиостанцияда ишловчи қирғизистонликлардан бири бедарак йўқолгани тўғрисида айтилмоқда.

Бунинг ортидан Қирғизистоннинг Ахси туманида норозилик митинглари давом этмоқда. Митингга йиғилганлар Ўзбекистондан ўз милиция ходимларини Унгартепадан олиб чиқиб кетишни талаб қилаётир.

24 август куни Қирғизистон Қуролли кучлари бош штаби ўзбек-қирғиз чегарасининг Жалолобод вилоятидан ўтувчи қисмини кучайтирлган тарзда назорат қилиш тўғрисида кўрсатама берди.

Қирғизистон Чегара хизмати раиси Абдикарим Алимбаев кўрсатма асосида чегарада ҳарбийлар сони кўпайтирилганини, жумладан, ўзбек милиционерлари киритилган Унгартепа ҳудудига қўшимча кучлар ташланганини маълум қилди.

Айни пайтда “Вечерний Бишкек” газетаси чоршанба куни таҳририят қирғиз расмийлари баҳсли, деб атаётган ҳудуд бундан 10 йил олдин Ўзбекистонга тегишли экани тан олингани тўғрисидаги ҳужжатларни қўлга киритганини билдирди.

Хабарда айтилишича, 2006 йилнинг 23 сентябрида Бишкек ташаббуси билан Тошкентда ўзбек-қирғиз чегарасини аниқлаш бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтган. Ўша йиғилишда қирғиз делегацияси Унгартепа Ўзбекистон ҳудуди экани тўғрисидаги 20-сонли протоколни имзолаган.

Қирғизистон ҳукумати ҳозирча бу хабарга муносабат билдиргани йўқ.

Жорий йилда Ўзбекистон Қирғизистон билан баҳсли экани айтиб келинадиган ҳудудга иккинчи марта даҳл қилмоқда.

Шу йил 18 мартида Ўзбекистон Чаласарт деб аталувчи баҳсли ҳудудга ҳарбий техника ва аскар киритгани ортидан икки давлат ўртасида муносабат кескинлашиб кетганди. Бунга жавобан Қирғизистон ҳам мазкур ҳудудга тенг миқдорда ҳарбий техника ва аскар киритган.

Вазият 26 март куни Чаласартдан ўзбек аскарлари ва ҳарбий техникаси олиб чиқиб кетилганидан сўнг юмшаган.

XS
SM
MD
LG