Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:45

Намангандаги шифохона таъмирига яна ҳамшира ва санитаркалар жалб қилинди


Наманган шаҳар болалар шифохонаси
Наманган шаҳар болалар шифохонаси

Намангандаги болалар шифохонаси яна ҳамшира ва санитаркалар маблағи ва меҳнати билан таъмирланди. Наманган болалар шифохонаси ҳамшираларининг маълум қилишларича, шифохона 15 июлдан 1 августга қадар ёпилган ва муассасанинг барча санитарка ва ҳамширалари таъмирлаш ишларига жалб қилинган.

Ўтган йили Наманган шаҳрининг Гўзал мавзесида жойлашган болалар шифохонасида ходимлар таъмирлашга мажбуран жалб этилаётгани ҳақида Озодлик хабар бериши ортидан шифохонанинг бош врачи вазифасидан четлатилган эди.

2015 йилда ҳам ҳамширалар таъмирлаш ишларига жалб қилинганди
2015 йилда ҳам ҳамширалар таъмирлаш ишларига жалб қилинганди

Аммо Озодлик мобил мухбири бу йил ҳам шифохона раҳбарияти фаррош ва ҳамширалари таъмирлаш ишларига мажбуран жалб қилганини аниқлади.

Беркитилган дарвозалар

Озодлик мобил мухбирининг айтишича, шифохона ичкарисида таъмирлаш ишлари ниҳоясига етган.

Ҳамшира ва санитаркалар ичкарида хоналарни, ташқарида гулхоналарни тозалашаяпти. Шифохона 1 августдан ишга тушаркан,” деди Озодлик мобил мухбири.

Шифохонада таъмирлаш ишлари "яширин" тарзда олиб борилмоқда
Шифохонада таъмирлаш ишлари "яширин" тарзда олиб борилмоқда

Наманган шаҳар болалар шифохонасига боғлиқ коррупция даъволари юзасидан Озодлик тарқатган хабар ортидан бу йилги таъмирлаш ишлари, шифохона ҳамшираларидан бирининг айтишича, яширин ҳолда олиб борилган.

Ҳозир бўлим бошлиқларидан эшикларни ичкаридан беркитиб ишлайсан, бегоналарни киритмайсан, деб бошлиқ тайинлаган. Главврач ўтган йилдагидек бўлишини хоҳламаяпти. Ҳовлиларга қоровулларни қўйиб, дарвозаларни беркитиб ташлаган,” дейди таъмирлаш ишларига жалб қилинган ҳамширалардан бири.

Мажбурий таътил

Ҳамширанинг айтишича, бўлим мудирлари қурилиш молларини сотиб олиш учун барча ходимлардан катта ҳамширалар орқали 50 мингдан 90 минг сўмгача маблағ жамлаб олган.

Ишлайдиганлардан 50 мингдан 90 минггача йиғиб олишди. Шифохона фондидан озгина қорайтириб қўйиш учун арзимаган краска, оҳак олишди. Лекин иш ҳажми жуда катта бўлаяпти. Бўлимлар ўзи бориб, бозорлардан строй материалларни ўзлари сотиб олишди. Ҳаттоки, сичқонга дори, тараканга дориниям сотиб олишди. Ҳамма хоналарни санитаркаларга, ҳамшираларга бўлиб беришди,” деди Озодлик суҳбатлшган ҳамшира.

Ҳамширалар таъмирлаш ишлари бошланган пайти 15 кунлик таътилга чиқарилган
Ҳамширалар таъмирлаш ишлари бошланган пайти 15 кунлик таътилга чиқарилган

Бошқа бир ҳамшира Озодлик билан суҳбатда 15 июлдан барча санитарка ва ҳамширалар ўз ҳисобидан ярим ойга таътилга чиқарилгани, аммо шифохонага келиб, таъмирлаш ишларини бажараётганини айтди.

Ҳаммадан мажбурий ариза ёздириб олинди. Ўзимиз ҳисобимиздан пулсиз таътил беринг, деб. Бу 15 кунликда ҳеч кимга ойлик ёзилмади. Главврач, бухгалтер, отдел кадр буйруқ чиқарди, бўлим мудирлари аризани ёздириб олди,” дейди шифохона ҳамшираси.

Ғишт ташиган ҳамширалар

Таъмирлаш ишларида қатнашган шифохона ходимларига кўра, шифохонадаги 10 та хона тўлиқ таъмирдан чиққан ва баъзи хоналар кенгайтирилган.

Уларнинг айтишича, таъмирлаш ишларига бу гал мардикорлар ҳам келтирилган.

2-3та мардикор келди. Кунига 40 мингдан пулга 6 кун ишлаб кетишди. Оғирроқ ишларни мардикорлар қилди. Деворларни мардикорлар бузишди, ғишту тупроқларни ҳамширалар ташишди,” деди ҳамширалардан бири.

Ҳамшираларга кўра, шифохона 1 августдан қайта ишга тушади
Ҳамшираларга кўра, шифохона 1 августдан қайта ишга тушади

Ўтган йил июнь ойида 300 беморга мўлжалланган Наманган шаҳар болалар шифохонасига боғлиқ коррупция даъволари юзасидан Озодлик тарқатган хабар ортидан шаҳар прокуратураси шифохонада “суриштирув-текширув” ишларини бошлаганди.

Натижада шифохона бош врачи Дилфуза Каримова ўз вазифасидан четлатилганди.

Озодликка маълум бўлишича, таъмирлаш тозалаш ишлари Ўзбекистондаги бошқа йирик шифохоналарда ҳам кузатилмоқда.

Шифохоналарда “режали тозалов ишлари” номи остида олиб бориладиган бундай ишлар СЭС талаби билан ҳар йили амалга оширилади.

Озодлик айни Наманган шаҳар болалар шифохонасида олиб борилган таъмирлаш ишлари юзасидан мазкур шифохона раҳбарияти ва Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасидан муносабат ололмади.

XS
SM
MD
LG