Линклар

Шошилинч хабар
17 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:41

Суриядаги баъзи ўзбек жангарилари ўз амирига “ишончсизлик" билдирмоқда


"Имом Бухорий" катибаси раҳбари ўз ўғли жанозасида
"Имом Бухорий" катибаси раҳбари ўз ўғли жанозасида

Суриядаги асосан ўзбеклардан иборат - "Имом Бухорий" катибасининг баъзи жангарилари орасида шайх Салоҳиддин номи билан танилган катиба етакчисига нисбатан “ишончсизлик кайфияти” юзага келган. Бу ҳақда Озодликка “Имом Бухорий” катибасини яқиндан билувчи бир-биридан мустақил манбалар маълум қилди.

Ушбу иддаолар "Имом Бухорий" катибаси Толибон ҳаракатининг янги тайинланган раҳбарига байъат қилган бир пайтда ўртага чиқмоқда.

Ушбу манбалар иддаосига кўра, баъзи ўзбек жангарилари катиба амири шайх Салоҳиддинни “одам ўлдириш” ва “жосуслик”да гумон қилмоқда.

“Амирга ​ишончсизлик кайфияти юзага келган. Лекин бу ҳақда очиқ гапирилмайди. Уни одам ўлдириш ва жосусликда гумон қилишаяпти”, деди Озодлик манбаларидан бири.

Facebook тармоғидаги суҳбат
Facebook тармоғидаги суҳбат

Шунингдек, Озодлик ихтиёрига афтидан "Имом Бухорий" катибаси жангариси ва унинг таниши – "Абу Юсуф" ва "Абу Муҳаммад" - ўртасидаги Facebook тармоғидаги ёзишма келиб тушди.

14 июлда бўлиб ўтган ушбу ёзишмада ҳам катиба етакчиси шайх Салоҳиддинга қарши айни айбловлар илгари сурилган.

Ҳа, завжаси билан Саудияда бўлган вақтдан бошлаб хизматда бўлган, шу вақтдан кофирларга хизматда”, деб ёзади "Абу Юсуф" "Имом Бухорий" катибаси етакчиси шайх Салоҳиддин ҳақида.

Бироқ, Озодлик ҳозиргача мазкур иддаоларга мустақил манбалар орқали ойдинлик кирита олгани йўқ.

Толибон амирига байъат

Толибон янги раҳбари
Толибон янги раҳбари

“Имом Бухорий” катибаси веб сайтида 19 июль куни Толиблар ҳаракатининг янги раҳбари Мавлавий Мулла Ҳайбатуллоҳ Охунзодага байъат берилгани эълон қилди.

"Амирул Мўминин шаҳид Мулла Муҳаммад Ахтар Мансур роҳимаҳуллоҳ шаҳодатидан сўнг Имом ал Бухорий катибаси ҳам Исломий Иморат шўъроси қарори асосида сайланган янги Амирул Мўъминин Мавлавий Мулла Ҳайбатуллоҳ Оҳунзода ҳафизаҳуллоҳга биринчилардан бўлиб байъатини эълон қилди," дейилади веб саҳифада.

“Имом Бухорий” катибаси 2013 йилдан буён Сурияда Асад армиясига жанг қилаётган йирик исёнчи гуруҳлардан бири сифатида танилган.

Гуруҳ жангарилари бир неча бор Озодликка боғланган ва ўтган йил октябрида катибада 300 дан ортиқ ўзбек борлиги билдирилган эди.

Аммо, бу рақам бошқа мустақил манбалар томонидан тасдиқланмаган.

Аммо, таҳлилчиларга кўра, жангарилар орасида талафотларнинг юқори бўлгани учун “Имом Бухорий” катибасидаги жангариларнинг аниқ рақамини айтиш имконсиз.

Улар аксариятини жанубий қирғизистонлик ва ўзбекистонлик ўзбеклар ташкил этишлари ишонилади.

"Имом Бухорий" гуруҳига ҳам айнан Толибон раҳбариятининг рухсати билан асос солинган.

Наманганлик шайх

“Имом Бухорий” гуруҳига фақат шайх Салоҳиддин номи билангина маълум шахс бошчилик қилади.

Сўнгги йилларда катиба раҳбари ўзининг диний, сиёсий маърузалари билан интернет фойдаланувчиларига танилди.

Агар, шайх Салоҳиддиннинг ўз видеомурожаатларида қилган иддаоларига ишонилса, у Сурияга йўл солишдан аввал узоқ муддат Афғонистонда бўлган.

Толибларнинг бир қанча лидерлари билан ҳам учрашган.

Хусусан, ўтмишда унинг Толиблар етакчиларидан бири Сирожиддин Ҳаққоний билан учрашгани ҳақида маълумотлар бор.

Гуруҳнинг баъзи жангарилари орасида амирларига нисбатан ишончсизлик кайфияти пайдо бўлгани ҳақида Озодликка хабар берган манбалардан бири шайх Салоҳиддин ҳақида ҳозирга қадар кўпчиликка номаълум маълумотни ошкор қилди.

Манбага кўра, шайх Салоҳиддин аслида Ўзбекистоннинг Наманган шаҳрида улғайган 42 ёшли Акмал Жўрабоевдир.

"Кўп йиллар Афғонистонда бўлган. Кейин ўзининг икки-учта яқин шериги билан, "Ўзбекистон Исломий Ҳаракати" раҳбарлари билан келиша олмай, Туркия орқали Сурияга кетган," деди “Имом Бухорий” катибасини яқиндан билувчи Озодлик манбаси.

XS
SM
MD
LG