Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:45

Бухорода сўфийлар гуруҳи устидан ҳукм ўқилди


Бу фақат иллюстратив сурат¸ Қоракўлдаги маҳкамага алоқаси йўқ.
Бу фақат иллюстратив сурат¸ Қоракўлдаги маҳкамага алоқаси йўқ.

Бухоро вилояти Қоракўл туманида июнь-июль ойларида ўтказилган икки маҳкама жараëнида ўзини Нақшбандийлик тариқатига эргашувчилар деб билган 15 шахс устидан ҳукм ўқилди. Мазкур гуруҳ етакчилари деб топилган тўрт шахснинг ҳар бири тўрт йиллик қамоққа¸ уларга эргашган 11 шахс эса¸ 4 миллионлик сўмлик жаримага тортилди.

15-16 июль кунлари Қоракўл туман Жиноят ишлари бўйича судида судья Анвар Ҳамидов раислигида ўтказилган маҳкама жараëнида 11 шахс устидан ҳукм ўқилди. Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 216-моддаси бўйича айбдор деб топилган судланувчилар маъмурий жазога тортилди ва уларга энг кам иш ҳақининг 30 баравари миқдорида (қарийб 4 миллион сўм) жарима солинди.

Озодлик манбаларининг билдиришича¸ бу 11 судланувчи алоқадор деб топилган гуруҳни тузганликда айбланган тўрт шахс устидан жорий йилнинг 1 июнь куни ҳукм ўқилган ва улар “ғайриқонуний жамоат бирлашмалари ва диний ташкилотлари фаолиятида қатнашишга ундаш”да айбланган.

Озодликка маълум бўлишича¸ тўрт йиллик қамоққа ҳукм этилган тўрт судланувчи жазони Қаршидаги манзил колониясида ўташга этап қилинган.

Озодликнинг маҳаллий ҳуқуқ тизимларидаги манбасига кўра¸ ўзларини нақшбандийлик тариқатига эргашувчилар деб атаб келган судланувчиларга Туркиядаги диний гуруҳга алоқадорлик айби қўйилган.

“Булар “Манзил жамоати” деган Туркиядаги ташкилотнинг гуруҳини тузишган¸ анчадан бери яширинча йиғилишлар ўтказиб келишган. Шу йилдан МХХ назарига тушган. Булар очиқда юрди¸ бошлиқлари суд ҳукм чиқаргандан кейин суд залида қамоққа олинди. Қолганлари маъмурий жазо билан қутулди. Қамалганларнинг ҳаммаси 1971-76 йилда туғилганлар. Апелляцияга муҳлат берилди¸ лекин ҳозиргача ҳеч қанақа кассацион шикоят ëзишмаган. Шундан кейин суд ҳукми қонуний кучга кирди ва тўрт судланувчи манзил колониясига жўнатилди”¸ деди Озодликнинг ҳуқуқ тизимидаги манбаси.

Айни пайтда¸ судланувчилар яқинлари шикоят аризаси билан Озодликка мурожаат қилди.

"Буларнинг бор айби нафс тарбияси билан шуғулланиб¸ яширинча зикр қилганлик. Одамлар зўрға кун кўраëтган пайтда¸ буларни ноҳақдан шунча жаримага тортган суд ва орган устидан кимга шикоят қилиш мумкин? Болаларини етим қолдириб¸ оила рўзғорига шунча зиëн етказганларни буларнинг уволи тутмайдими?" деб ëзди Озодликка судланганлар яқинларидан бири.

Озодлик суҳбатлашган ўзбекистонлик ҳуқуқ фаолларига кўра¸ қоракўллик сўфийларнинг қамалиши Ўзбекистонда Нақшбандийлик тариқатига эргашувчилар устидан ўтказилган биринчи маҳкамадир.

- Бошқа оқимлардан фарқли¸ Нақшбандия оқимига эргашувчилар¸ яъни тариқатчиларга ҳукумат ëвқараш билан¸ четдан келган бегона оқим¸ деб қарамаган. Марказий Осиëдаги тариқатчилар пири асли фарғоналик Иброҳим ҳазрат (1937-2009) бўлган. У одам вафот этганидан кейин¸ етакчилик Қозоғистоннинг Туркистонига кўчган. Тариқатчилик¸ айниқса¸ Фарғона водийсида кенг ëйилган. Булар зикр-ибодатларини бемалол қилишади¸ ҳозир ҳам тўпланиб¸ Туркистондаги пирлариниг олдига бориб келишади. Бирортасининг тазйиққа учрагани¸ қамалганини эшитмагандим шу пайтгача¸ дейди фарғоналик ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашев.

Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи етакчиси Сурат Икромов ҳам ўз тажрибасида айнан Нақшбандийлик тариқатига эргашганлик учун судланганларни учратмаганини билдирди.

Ҳуқуқ фаоллари¸ Қоракўлдаги тариқатчиларнинг судланишини уларнинг Туркиядаги “Манзил жамоати” деб номланган гуруҳга алоқадор деб топилгани билан изоҳлашга уринди.

“Манзил жамоати” гуруҳи Туркияда 20-асрнинг иккинчи ярмида жануб-шарқий Адиаман шаҳрида Муҳаммад Яшил Эрот (1930-1993) томонидан тузилган диний секта ва ҳозирда ҳам очиқ фаолият юрғизадиган бу гуруҳ иддаосича¸ Туркиядаги энг кўп муридга эга бўлган нақшбандийлик жамоасидир.

(Туркияда суратга олинган "Тақво" фильмида мамлакатдаги тариқатчилар зикри акс этган саҳналар кўп. Бу парча ана шу бадиий фильдан олинди)

“Сунъий йўлдош орқали кўрсатиладиган ўз телеканалларига ҳам эга бу жамоани¸ жамиятнинг энг қуйи қатламларини ўзига жалб қилувчи дин тужжорлари” деб аташ мумкин¸ дейди бу жамоа тарихини ўрганган Туркияда яшовчи журналист Камолиддин Йўлдош:

“Манзил жамоати"нинг Туркия махсус хизматлари томонидан тузилганига оид кучли тахминлар бор. Бу сунъий ташкил этилган тариқатлардан бири. Очиқ фаолият юрғизади¸ лекин бутун Туркия бўйлаб медиада очиқ даъват қила олмайди¸ чунки Қуръонга зид¸ ҳадисларга зид¸ мазҳабларга зид¸ жуда кўп хурофотлар¸ мистицизм¸ арвоҳлар¸ тушларда учди-қочдилар кўп бўлгани учун кўп танқид қилинади ва бундай даъватга журъат этолмайди. Бундан ташқари¸ уларда бугунги ижтимоий-сиëсий муаммоларга жавоб бера оладиган интеллектуал потенциал ҳам йўқ. Унга эргашувчилар жамиятнинг энг қуйи табақасига мансуб¸ умрида мактаб кўрмаган¸ ўқиш-ëзишни билмайдиганлардир. Уларни қисқа қилиб¸ дин тужжорлари¸ дейиш мумкин¸ дейди Камолиддин Йўлдош.

Бу суҳбатдош ҳам¸ Нақшбандийликнинг она ватани бўлган Бухоронинг Қоракўлида тариқатчиларнинг қамалишига¸ уларнинг умумиятла тариқат эмас¸ балки унинг айнан хориждаги хос бир сектасига алоқадорлиги сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини тахмин қилади.

Зотан¸ Ўзбекистон ҳукумати Нақшбандийлик тариқатини минтақада кўп асрлик тарихга эга анъанавий диний йўналишлардан бири деб билади ва Ислом Каримов ўтмишдаги маърузаларида Баҳоваддин Нақшбандийнинг “дил ба ëру¸ даст ба кор”(кўнглик Оллоҳдаю¸ қўлим меҳнатда) ғоясини мавжуд ҳокимиятга таҳдид солмайдиган диний мафкура сифатида маъқуллагани кузатилган.

Шунингдек¸ шахсга сиғиниш¸ пир этагидан тутишлик¸ ижтимоий-сиëсий муаммоларга¸ асосан¸ ахлоқ доирасида жавоб изловчи тариқатчиликни тарғиб қилувчи адабиëтларнинг ҳам Ўзбекистонда ҳозирги кунда ҳам очиқ савдода экани айтилади.

XS
SM
MD
LG