Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:44

Фермер: “Пилладан деҳқонга кирим эмас, чиқим бўляпти”


Ўзбекистон ҳукумати пилла тайёрлаш режаси ортиғи билан бажарилгани ҳақида хабар берди. Бироқ, ўзбекистонлик фермерлар пилла тайёрлаш фермерлар учун кони зарар эканлиги, топширилган маҳсулот учун кўп йиллардан буён ҳақ ололмаётгани, пилла "приписка" қилиниши ҳақида айтмоқдалар.

Жорий йилда ўзбекистонлик пиллакорлар 26 минг 200 килограмм пилла тайёрлаб, режани бажаргани ҳақида ЎзА агентлиги хабар қилди.

Ҳар қути ипак қуртидан ўртача 58,2 килограмм пилла олингани айтилди.

Ўзбекистонда пилла етиштириш фермерларнинг зиммасига юкланган.

Маҳаллий ҳокимлар пилла тайёрлаш режасини назорат қилади. Фермерларга ер майдонига қараб пилла қурти тақсимланиб чиқилади. Пилла қурти боқиш ихтиёри фермерларнинг ўзида эмас.

Қуйидаги суҳбатимиз сирдарёлик фермер билан. У ҳокимият томонидан босим бўлишидан чўчиб, исмини сир сақлашни лозим деб топди:

Сирдарёлик фермер билан суҳбат:
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:53 0:00
Бевосита линк

Фермернинг айтишича, унга ҳам беш қути пилла қурти боқиш мажбурияти юкланган.

Фермер бу пилла қуртларини боқиш учун ишчиларига тақсимлаб берган. Бир ой давомида беш қути уруғга тут барги топиб бериш жуда қийин бўлган.

Пилла қуртини тақсимлаш пайтида ўша ҳудудда тут дарахтлари етарли ёки етарли эмаслиги ҳисобга олинмайди.

Шунинг учун, фермер юзлаб километр масофадан ўз ҳисобидан барг ташиттириб келган.

Барг етиштириб беролмагани сабаб, фермер пилла қуртининг бир қисми ўлиб қолганини, баргга тўймаган қолган қуртлар эса яхши пилла ўрамаганини айтади.

"Бундай объектив сабаблар ҳокимият томонидан ҳисобга олинмайди ва улар фақат режани бажаришни талаб қилади".

Фермер шу кунларда режани бажаролмагани учун, прокуратурага чақирилишини кутаётганини айтди.

Фермернинг ҳисоб-китобича, у бу йил пилла қурти боқиб, қарийб уч ярим миллион сўм зарар кўрган.

Фермер етти йилдан буён топширган пилласи пулини ололмаётганини айтди.

Ўзбек пиллакорлари ҳар йили бажарилаётган пилла режасига шубҳа билан қарайди. Уларнинг фикрича, пилла топширишда "приписка" бўляпти, яъни йўқ пилланинг ўрнига фермерлар пул тўлаяпти.

Самарқанд вилояти Иштихон туманидаги собиқ хўжалик раисларидан бири, айни пайтда тумандаги режани бажармаган барча фермерлар 1-2 миллион сўмдан пул бераётганини иддао қилади:

- Кейинги 15 йил ичида газ йўқлиги сабаб тумандаги барча тут дарахтлари кесилиб, ўтин бўлиб кетди. Пилла боқилмаяптию, лекин пилла плани бажариляпти. Мен олган аниқ маълумотга кўра, 398та фермер хўжалигининг ҳар биридан 1-2 миллион сўмдан пул олиниб, пилла плани “бажарилган”. Туман пилла қабул қилиш пункти қиляпти бу ишни, деди собиқ хўжалик раиси.

Самарқандлик собиқ хўжалик раиси билан суҳбат:
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:03 0:00
Бевосита линк

Озодлик хўжалик раисининг бу иддаосини тасдиқлай олмади.

Ўзбекистонда фермерлар пилла харид нархининг пастлиги ва машаққатли меҳнатидан тегишли даромад ололмаётганидан шикоят қилиб келади.

Айни пайтда, Ўзбекистонда ипак қурти боқиш фермерларга мажбурий равишда юклатилади. Фермерлар эса, ишчилар ҳақини буғдой ёки сомон билан беради.

Ўзбекистонда пилла хом ашёсини қайта ишлаб, уни толага айлантирадиган 26та корхона фаолият юритади.

“Ўзбекенгилсаноат” давлат ҳиссадорлик компаниясидан Озодлик олган маълумотга кўра, бу корхоналар пилла тайёрлаш ширкатлари билан ҳар йили шартнома тузади.

Ўз исмини очиқламаган компания мулозимига кўра, Ўзбекистонда тайёрланган пилла толасининг 70 фоизи экспорт қилинади, 30 фоизи мамлакат ичкарисидаги ипакчилик корхоналари эҳтиёжи учун ишлатилади.

XS
SM
MD
LG