Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:55

Жиззах телеканали ҳам “Авакян+4”ни қоралади


 Фурқат Жўраев ва яна тўрт киши – Арамаис Авакян, Бектемир Умрзоқов, Дилшод Олимов ва Акмал Маматмуродовлар 5 йилдан 12 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
Фурқат Жўраев ва яна тўрт киши – Арамаис Авакян, Бектемир Умрзоқов, Дилшод Олимов ва Акмал Маматмуродовлар 5 йилдан 12 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Жиззах телеканали армани фермер Арамаис Авакян ва у билан бирга "Исломий Давлат" жангари гуруҳига алоқадорликда айбланиб, узоқ муддатларга қамалган тўрт шахс қораланган янги кўрсатувни намойиш қилди. Кўрсатувда Авакян ва унинг шериклари ҳамда улар ҳақида матбуотга хабар берган журналист Улуғбек Ашур “манқурт ва ватан хоинларии” дея қораланади. Аввалроқ Ўзбекистон давлат телевидениеси Авакян ва унинг шерикларини Россияда камида 14 та қотилликка масъул, деб кўрилган “Банда GTA”, деб аталувчи гуруҳга боғлаган эди.

Жиззах телеканали май ойи бошида эфирга узатган “Талқин” дея номланган кўрсатув апрель ойида “Тошкент” канали орқали намойиш этилган "GTA ёхуд ўйинга айланган ҳаёт" номли фильмнинг узвий давоми шаклида тайёрланган.

30 дақиқалик кўрсатувда 5 йилдан 12 йилгача бўлган муддатларга қамалган жиззахлик Арамаис Авакян, Фурқат Жўраев, Бектемир Умрзоқов, Дилшод Олимов ва Акмал Маматмуродовлар “мияси қуртлаган инсонлар, манқурт, ғаламис, олчоқ, ватан хоинлари” ўлароқ тақдим этилади.

“Ватанга ҳиёнат қилган инсонларнинг ўлими ит ўлим бўлади. Тинч, осойишта ватанимизда бу каби ватанфурушларга ўрин йўқ”, дейди кўрсатувда иштирок этган Пахтакор туман ҳокими ўринбосари Фотима Нурматова.

“Талқин” кўрсатувида "GTA ёхуд ўйинга айланган ҳаёт" фильмидан парчалар намойиш этилиб, ўнга яқин жиззахлик мулозим ва фаол Авакян ҳамда унинг шериклари қораланади. Жумладан, Жиззах вилоят бош имоми Меҳмонали Жабборов Авакян ва унинг шериклари каби инсонлардан ишидчилар чиқишидан огоҳлантиради:

“Бундай кишиларни ҳеч қачон мусулмон дейишга бизнинг ҳаққимиз йўқ. Ироқ ва Суриядаги бўлаётган бугунги кундаги уруш-жанжаллар тўсатдан бўлиб қолгани йўқ. Улар ҳам мана шу сингари инсонларнинг хатти-ҳаракатларига эътиборсизлик билан қараганлигининг оқибатида бўлди мана шу уруш-жанжалларнинг ҳаммаси”, дейди вилоят бош имоми Жабборов.

Қуйида Жиззах телеканали намойиш этган "Талқин" кўрсатуви:

Талқин (Жиззах телеканали кўрсатуви)
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:29:33 0:00
Бевосита линк

“Талқин” кўрсатувининг қарийб 10 дақиқаси Авакян тақдири тафсилотларини матбуотга олиб чиққан асли андижонлик ҳозирда Канададан сиёсий бошпана олган журналист Улуғбек Ашурни қоралашга бағишланган.

Имом, маҳалла фаоллари ва ўқитувчилардан иборат кўрсатув иштирокчилари Улуғбек Ашурни “ўз юртини сотган ватан хоини, пул эвазига иғво тарқатувчи журналист” сифатида тасвирлашади.

Маълумки, Улуғбек Ашур 2015 йил сентябрида Арамаис Авакянни озод қилиш чақириғи билан онлайн-петиция ҳам ташкил этганди.

Улуғбек Ашур “Тошкент” телеканали фильмида ҳам тилга олинган эди. Озодлик билан суҳбатда журналист ўзбек телеканалида намойиш этилган фильмни Миллий хавфсизлик хизмати буюртмаси билан қилинган "туҳмат" дея таърифлаган.

Фурқат Жўраев, Арамаис Авакян ва уларнинг шериклари февраль ойида Ўзбекистон Жиноят кодексининг қўпорувчилик, ўғрилик, диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш каби моддалари билан айбланиб, қамалдилар.

Фурқат Жўраеванинг онаси Маҳтума Жўраева Озодлик билан суҳбатда ўғлига экстремистик гуруҳ аъзолигини бўйнига олиши учун тергов изоляторида қийноқларга солинганини айтганди.

- Болаларни уришган. Бўйнига қўйиб, нима деса ўшани айтганини такрорлаб турди у бечора болалар,- деди Маҳтума Жўраева Озодлик билан суҳбатди.

Арманистон Омбудсмани ўзбекистонлик ҳамкасбига Авакяннинг тақдири борасида ташвиш билдириб, хат йўллаган эди.

“Талқин” кўрсатувида вилоятдаги турли миллий марказлар раҳбариларининг ҳам фикрлари ўрин олган. Жумладан, тожик ва қирғиз миллий марказларининг раҳбарлари Ўзбекистондаги тинчликни улуғлаб, вилоятда турли миллат вакиллари аҳл-иноқ яшаётганига урғу беришади.

XS
SM
MD
LG