Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:42

Самарқандда вазир қадамига йўл бўйларидаги макказорлар бузилиб¸ ўрнига помидор экилмоқда


Шу кунларда Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири Шуҳрат Тешаев республика бўйлаб сафар қилиб¸ экин мавсумининг боришини кузатмоқда. Вазирнинг 25 апрель куни Самарқандга келиши олдидан вилоят ҳокими ҳукуматнинг янги сиëсатига қанчалик тез мослашганини намойиш қилишга астойдил киришган. Озодликка боғланган фермерларга кўра¸ Самарқанд ҳокими бу йил бозорбоп деб кўрилмаëтган экинларни буздириб¸ хусусан¸ вазир ўтадиган йўллар ëқасига янги талабга мувофиқ помидор эктирмоқда.

“Самарқанд вилоятига Қишлоқ хўжалик вазири келиши муносабати билан вилоят ва туман ҳокимликлари томонидан катта йўллар ëқасидаги экин майдонларидаги маккажўхори¸ арпа¸ буғдой ва бошқа экин майдонлари устидан текислаб бузилиб¸ ер эгалари вазирнинг кўзи учун помидор ва бошқа полиз экинлари экишга мажбурланмоқда.

Бу борада¸ хусусан¸ Пастдарғом туманида “пайҳон тадбири” туман ҳокимлигининг зўравонлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари иштирокида амалга оширилаяпти. Агар сиз “йўқ” десангиз¸ сизни сиëсатга қарши чиқмасликка чақиришаяпти.

Кеча йўл бўйидаги экин ерлари текислаб ташланди. Вилоят ҳокими Зоир Мирзаевнинг шахсан ўзи кеча келиб одамларга “Нега помидор¸ қовоқ ва полиз экинлари экмаяпсизлар?” деб дўқ қилиб кетган.”

Озодликка пастдарғомлик деҳқонлардан келган бу шикоят айни Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманида яшовчи бошқа бир фермердан келган хабарнинг мантиқий давомидир.

“Ғалла режасини 120 фоизга бажарасан¸ айни пайтда¸ ғаллазор четига ошқовоқ ва нўхат экасан¸ боғларнинг орасида картошка¸ помидор ва сабзи экасан¸ фалон тонна қўшимча сабзавот берасан деб¸ бўйнимизга қўйишаяпти. Бунақаси олдин бўлмаган. Уларга эътироз билдириб бўлмаса¸ дарров давлат сиëсати шунақа¸ қаршимисан¸ деб таҳдидга ўтади”¸ деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда самарқандлик бошқа бир фермер.

25 апрель куни Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги расмийси вазир Шуҳрат Тешаевнинг шу кунларда республика бўйлаб саëҳатда экани¸ хусусан¸ 24 апрель куни Навоий вилоятида бўлиб¸ 25 апрелда ўз сафарини Самарқандда давом эттиришини тасдиқлади.

Самарқанд вилоят ҳокимлиги расмийси ҳам душанба куни вазирнинг келиши кутилаëтгани ва экин ишлари жадал бораëтганини билдирди:

- Ҳозир ўзим ҳам даладаман. Ишлар қаттиқ кетаяпти¸ мана тракторлар ишлаб ëтибди. Қаерга мумкин бўлса¸ шу ерга полиз экаяпмиз. Боғлар орасини ҳайдатиб¸ помидор¸ булғор қалампири ва карам эктираяпмиз. Ғаллазорлар четига ошкади (ошқовоқ) эктираяпмиз. Ҳосили паст бўлган эски боғларни буздириб¸ очиқ майдонга айлантираяпмиз. Бизда макка экилмайди¸ шунинг учун макказорларни бузиб¸ ўрнига полиз эктираяпмиз. Вазир ҳали келмади¸ кечроқ келиб қолар. Фақат мева-сабзавот эмас¸ пахтаниям¸ ғалланиям¸ чорвачиликниям назорат қилиб кетади¸ деди Самарқанд вилояти ҳокимлигининг ўзини таништирмаган расмийси.

Бу расмийга кўра¸ имкон бўлган жойга сабзавот ва полиз экинлари эктириш нафақат Самарқанд¸ балки бутун республика бўйича берилган буйруқ ва ҳозирги экин мавсумида қишлоқ хўжалигидаги асосий куч ана шу буйруқни бажаришга ташланган.

Озодлик суҳбатлашган ўзбекистонлик айрим фермерлар¸ Ўзбекистон ҳукуматининг Россияга мева-сабзавот сотишни қарийб уч бараварга кўпайтириш режаси ортидан қишлоқ хўжалиги структурасида қилаëтган ўзгаришларини “кабинетдан чиқмаганлар плани” деб баҳолашмоқда.

Сув муаммоси кучайиб бораëтган бир шароитда¸ боғлар орасида полиз ва сабзавот экиб¸ ундан ҳосил олиш¸ деҳқон-фермерлар таъкидича¸ сув тақчил ҳудудларда имконсиз иш.

Озодлик билан суҳбатда Самарқанд вилоятининг қишлоқ хўжалиги учун масъулларидан бири¸ бундай эътирозни рад этишга уринди:

- Боғлар орасига помидор ва бошқа полиз экинлари экиб бўлмайди деб айтганлар бекорларни айтипти. Мана¸ келиб кўринг¸ экаяпмиз¸ ўсиб ëтипти. Ҳосил ҳам беради. Ғаллазор четида кади етишириш ҳам бўладиган иш¸ деди Озодлик билан суҳбатда Самарқанд вилояти қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассиси.

Ўзбекистон ҳукумати 2016 йил охирига қадар Россияга мева-сабзавот экспорти ҳажмини 500 минг тоннага етказмоқчи ва бу ўтган йилгига нисбатан 2¸5 бараварга кўпдир.

Ҳам ички бозорни тўлдириш¸ ҳам Россияга экспортни қарийб уч бараварга ошириш учун лозим мева-сабзавот етказиб бериш босими остида қолган деҳқон-фермерлар ўз бошларига пахтакор фермерлар куни тушганидан қўрқмоқда.

XS
SM
MD
LG