Линклар

Шошилинч хабар
17 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:01

АҚШ расмийсининг Тошкентга ташрифи ҳақида батафсил маълумот берилмаяпти


Ўтган ҳафта якунида АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси ўринбосари Даниел Розенблюм Тошкентга келиб, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашди. АҚШ расмийсининг Тошкентга сафари президент Ислом Каримовнинг бир неча кундан сўнг Москвага қиладиган ташрифи арафасида бўлиб ўтди.

9 апрель куни Тошкентга келган АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси ўринбосари Даниел Розенблюм Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашуви чоғида икки томонлама муносабатларнинг бугунги кундаги аҳволи ва келажагини муҳокама қилган. Учрашувда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Леора Спратлен ҳам иштирок этган.

АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот хизмати Розенблюмнинг ўзбек расмийси билан учрашгани юзасидан бошқа тафсилотлар мавжуд эмаслигини билдирди.

“Биз Розенблюмнинг Тошкентга сафари ҳақида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги берган маълумотдан бошқа нарсани айта олмаймиз. Бу сафар тафсилотлари ҳақида қўшимча маълумотлар йўқ. Агар қўшимча тафсилотлар пайдо бўлиб қолса, бу ҳақда матбуотга билдирамиз”, -деди АҚШ элчихонаси матбуот хизмати ходими.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган маълумотда, Даниел Розенблюм Абдулазиз Комилов билан учрашув чоғида 2016 йил январида Вашингтонда ўтказилган ўзбек-америка сиёсий маслаҳатлашувлари натижаларини ҳам муҳокама қилгани айтилган.

Жорий йилнинг 19 январь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов етакчилигидаги ўзбек делегацияси Вашингтонга сафар қилган эди. 21 январгача давом этган сафар чоғида Ўзбекистон-АҚШ сиёсий маслаҳатлашувларининг навбатдаги 6- раунди ўтказилган.

Ўзбек расмийларининг Вашингтонга сафари олдидан Ҳюман Райт Уотч халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Қўшма Штатлар Ўзбекистондаги сиёсий маҳбусларни озод этиш учун Тошкент ҳукуматига очиқ босим ўтказиши кераклиги юзасидан баёнот тарқатган эди.

Ўзбекистон-АҚШ сиёсий маслаҳатлашувлари чоғида Давлат департаменти расмийлари Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти ва пахтазорларда мажбурий меҳнатдан фойдаланиш муаммосини ҳам кўтарган ҳамда Тошкент ҳукумати бу муаммоларни бартараф этиш йўлида ҳаракат қилишига умид билдирган/

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаолларининг Озодлик мухбирига айтишларича, Розенблюм Тошкентда Ўзбекистон - АҚШ сиёсий маслаҳатлашувлари натижаларини муҳокама қилганига қарамай, маҳаллий ҳуқуқ фаоллари ва фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашувлар ўткизмаган.

Айни пайтда айрим кузатувчилар Даниел Розенблюмнинг Тошкентга сафари президент Ислом Каримовнинг бир неча кундан сўнг Москвага қиладиган ташрифи арафасида бўлиб ўтганига диққат қаратмоқда.

Аввалроқ Россия нашрлари Кремлдаги манбага таянган ҳолда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 25-26 апрель кунлари Москвада президент Владимир Путин билан учрашиб, ўзбек армиясини модернизациялаш, жумладан, замонавий қуроллар билан таъминлаш масаласини муҳокама қилиши ҳақида хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG