Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:48

Ўзбекистон фойдаланиб келаётган сув заҳираларини Қирғизистон қайтариб олмоқчи


Бу ҳақда Қирғизистон ҳукуматининг чегараларни аниқлаш ва делимитация қилиш бўйича мутассадиси Қурбонбой Искандеров маълум қилди. Қирғизистон Ўзбекистондан қайтариб олишини айтаётган айрим сув объектлари икки давлат ўртасидаги баҳсли бўлиб турган ҳудудларда жойлашган.

Қирғизистон ҳукуматининг чегараларни аниқлаш ва делимитация қилиш бўйича мутассадиси Қурбонбой Искандеров “Ўртатўқай” (Ўзбекистонда Косонсой, деб аталади) ва Каркидон сув омборлари, Катта Наманган, Чуст, Норин, Сўх-Шохимардон, Лаган, Савай каналларини Ўзбекистон ихтиёридан Қирғизистонга қайтариш бўйича ишлар бошланганини айтди.

Расмйининг билдиришича, бу каналлардан Шўролар даврида ҳам, мустақилликдан кейин ҳам Ўзбекистон фойдаланиб келган, лекин бу объектлар жойлашган ҳудудлар Қирғизистон ерлари ҳисобланади. Лекин Қурбонбой Искандеров бу сув заҳираларидан фойдаланиш масаласида икки давлат ўртасида бирорта ҳужжат имзоланмаганини айтди:

- Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида “Ўртатўқай” сув омборидан фойдаланиш масаласида шартнома ҳам имзоланмаган. Шу кунгача Ўзбекистон Қирғизистонга ижара ҳақи учун бир тийин тўламади. Союз даврида Ўзбекистон биздан ижарага ер олиб, Иттифоқ бюджети ҳисобидан қурилган объектларни 1992 йилги давлатлараро шартнома асосида Қирғизистонга қайтариши керак эди. Бу шартномани Ўзбекистон президенти имзолаган ва парламент ратификация қилган, - деди Қурбонбой Искандеров.

Айни пайтда Ўзбекистон бу объектларнинг ўзига тегишли экани тўғрисидаги ҳужжатлар мавжуд эканини билдирган. Тошкент, айниқса, “Косонсой” ва “Кампиробод” сув омборлари Ўзбекистонга тегишли эканини, бу объектлар тўлиғича Тошкент ихтиёрига ўтказилиши шартлигини талаб қилиб келади. “Косонсой” ва “Кампиробод” сув омборлари Фарғона водийсидаги экин майдонларини сув билан таъминловчи асосий заҳира ҳисобланади.

Қирғизистон мазкур объектларни Ўзбекистондан қайтариб олишга 2001 йилдан бери ҳаракат қилиб келади. Лекин ўтган 15 йил давомида бу ҳаракат натижасиз якунланган.

Айни пайтда Бишкекда 29 март куни парламент прокуратурага ҳукуматнинг Ўзбекистон билан баҳсли бўлиб турган Ункуртоғ тўғрисидаги қарорини текшириш тўғрисида топшириқ берди. Ўзбекистонликлар Унгартепа, деб атайдиган мазкур ҳудудда Қирғизистон ретрансляторлари ва Ўзбекистоннинг телефон сигналларини тарқатувчи станцияси мавжуд.

Қирғизистон ҳукуматининг Унгартоғдан ретрансляторларни кўчириш тўғрисидаги қарори бир неча кун олдин Карвон шаҳар кенгаши депутатларининг норозилигига сабаб бўлган ва маҳаллий ҳокимият ҳукумат қарорини бажаришдан бош тортган эди. Карвон шаҳар депутатларига кўра, ҳукумат қарорида “Ункуртоғнинг Ўзбекистонга тегишли экани тан олинган”. Қарорда “Ўзбекистонга тегишли Ункуртоғ ҳудудидан “Карвон-24” ретрансляторини кўчириш” тўғрисида кўрсатма берилган.

Бироқ Қирғизистон ҳукумати қарорда Ункуртоғни Ўзбекистонга тегишли эканини тан толмаганини ва маҳаллий ҳокимиятга юборилган қарор матни кимдир томонидан соҳталаштирилганини иддао қилмоқда.

- Қарорда “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида” деб эмас, “Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудда”, деб ёзилган. Ҳукумат аппаратидан мана шундай қарор жўнатилган. У ерда уларнинг ўзлари қарор матнини ўзгартирган бўлиши мумкин. Бу қарорнинг фотонусхасини кўрсатишаяпти. Фотонусхани сўзларни ўзгартириб ясаш ҳам мумкин, - деди қирғиз ҳукумати ахборот сиёсати бўлими бошлиғи Назира Ахмедова.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара муаммоси бўйича таранглик 18 март куни Тошкент томонидан баҳсли бўлиб турган Чаласарт ҳудудига ҳарбий техника ва аскар киритилганидан сўнг пайдо бўлди. Ўзбекистон ҳукумати баҳсли ҳудудга аскар киритилишини аввал Наврўз муносабати билан хавфсизлик чоралари кучайтирилди, деб изоҳлаган. Кейинроқ эса ўзбек матбуотида 17 март куни Ўзбекистондан Қирғизистонга ўтувчи 110 метрлик ер ости йўли топилгани муносабати билан Тошкент 18 мартдан бошлаб чегараларни ёпгани хабар қилинган.

Аммо 29 март куни Қирғизғистон Чегара хизмати Ўзбекистонда топилган ер ости йўлининг Қирғизистондан чиқадиган жойи топилмаганини билдирган.

XS
SM
MD
LG