Линклар

Шошилинч хабар
17 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:35

Тошкент шаҳар ҳокими трамвайлардан воз кечилишни маълум қилди


Чехиянинг “Pragoimex a.s.” ширкати ишлаб чиқарган "Vario LF-2" трамвайи Тошкентда
Чехиянинг “Pragoimex a.s.” ширкати ишлаб чиқарган "Vario LF-2" трамвайи Тошкентда

Ўзбекистондаги Интернет нашрлари 28 март куни Тошкент шаҳар ҳокими пойтахт тез орада тармвайлардан бутунлай воз кечишини билдирганини хабар қилмоқда. Душанба куни ўтказилган матбуот анжуманида ҳоким Раҳмонбек Усмонов босқичма-босқич трамвай йўллари олиниб, ўрнига автобус қатнашини айтган. Тошкент шаҳар ҳокимлиги берган маълумотга кўра, ҳозир мавжуд жами 87 трамвай қатновидан даромади озлиги учун воз кечилмоқда.

Душанба куни Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов қатнашган матбуот анжуманида пойтахтда яқин йилларда транспорт қатновига оид ўзгаришлар ҳақида маълумот берилган.

Жумладан, Gazeta.uz сайтининг хабар қилишича, шаҳар ҳокими трамвайлардан воз кечиш қарорига шаҳарда автомобил транспорти сони ортгани ва трамвайларнинг самарасиз қатнови сабаб бўлганини айтиб ўтган.

Расмий маълумотга кўра, пойтахтдаги трамвай линияларини кўчириш ишлари давом этади ва жами 87 километрлик темир йўл олиб ташланади. Ҳозирда трамвай линияси пойтахтнинг Муқимий, Самарқанд дарвоза, Меҳржон-Сайхун, Алиева, Темирйўлчилар, МКАД, Белтепа‚ Шифокорлар, ТКАД, Фарҳод-Тўқимачи, Маннон Уйгур-Бешқайрағоч, Лутфий, Катта Хирмонтепа‚ Қамарнисо, Фаробий, Оҳангарон шоссеси, Қорасув, Фарғона йўли‚ Янги Қўйлик, Қушбеги ва Бунёдкор кўчаларига ётқизилган трамвай йўлларидир.

Ҳозир шаҳарда қатнаб турган 6 йўналишдаги трамвайлар ўрнига эса автобуслар қатнови йўлга қўйилиши айтилди. Ҳоким берган маълумотга кўра, мазкур йўналишлар номи ўзгармайди. Яъни, 13-травмай ўрнига "Т13" деб рақамланган автобус қатнайди. Айнан шу 13-трамвай йўналишидаги автобус 5 апрелдан синов тариқасида йўлга қўйилиши айтилди.

Kun.uz сайтининг ёзишича, шаҳар ҳокими пойтахт транспорт қатновидаги бундай ўзгаришлар 2030 йилгача босқичма-босқич амалга оширилиши кутилган махсус концепция асосида амалга оширилмоқда. Ушбу концепциядан бош мақсад Тошкент йўлларини Европа стандартларига тенглаштиришдир.

Айни сайт аввалига шаҳар ҳокимининг ҳозир пойтахтда 805та трамвай борлиги ва буларнинг 50 таси талабга жавоб бермаслигини билдирганини ҳақида хабар қилган эди. Аммо, Тошкент шаҳар ҳокимияти матбуот хизмати бу хабарни рад этиб, пойтахт трамвай паркида 87 та транспорт борлиги, булардан 51 таси ишга яроқли эканини хабар қилди.

28 март кунги бу хабар ижтимоий тармоқларда баҳсларни бошлаб берди. Хусусан, экологик жиҳатдан безарар бўлган трамвайлардан воз кечилаётгани танқид қилинмоқда ва муҳими, мавжуд трамвайларнинг тақдири фаол фойдаланувчиларни қизиқтирмоқда.

Муҳими, 2030 йилга қаратилган махсус дастур мавжуд экан, Чехиядан янги трамвайлар қайси мантиқ асосида сотиб олинганига оид савол тармоқларда ўртага ташланди.

2011 йилда Ўзбекистон Чехиянинг Pragoimex ширкати билан 20 та паст поллик VarioLF русумидаги трамвай сотиб олиш ҳақидаги келишувни имзолаган эди. 2011 йилда булардан иккитаси Тошкентга етказилган, қолгани эса 2012 йил давомида сотиб олиниши айтилганди. Бу келишувнинг умумий қиймати 19 миллион 800 минг АҚШ долларига тенг бўлган.

Эндиликда шаҳар ҳокими трамвайлар хорижга сотилиши, харидорлар орасида Россия ҳам борлигини билдирган.

Тошкент трамвайининг тарихи эса 1901 йилларга бориб тақалади. Тарихий ҳужжатларда эски Тошкент марказида биринчи бўлиб отлар тортиб юрадиган вагонлар темир йўллар устида қатнагани айтилади. 1912 йилга келиб эса Тошкентда электр билан юрадиган трамвайлар пйдо бўлган.

Oldtashkent.ru сайти бу соҳада Тошкент ўша вақтдаги Россия империяси таркибида замонавий транспорт воситаси қатнай бошлаган 35 шаҳардан бири бўлганини хотирлайди.

XS
SM
MD
LG