Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:45

Солиқчига пора, куёвини ўлдирган қайнота ва ўзбекча гапирадиган қарға


Жиззахда коррупцияга қарши курашга масъул солиқ назоратчиси пора билан ушланди. Фарғонадаги боғчаларда болаларга каравот етишмаслиги аниқланди. Марҳум хонанда Шаҳнозабонунинг жанозасига эстрада вакилларидан ҳеч ким бормади. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

Олий Мажлис депутати: Ўзбекистонга гени ўзгартирилган организмли озиқ-овқатларни олиб киришни тартибга солиш лозим

Ўзбекистонга таркибида гени ўзгартирилган организмлар мавжуд озиқ-овқат маҳсулотлари олиб кирилишини тартибга солиш лозим (“Даракчи”, 24 март). Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги қўмитаси аъзоси Исломжон Зокиров айтган. “Гени ўзгартирилган соя ўсимлигини еган молнинг гўштидан ҳомиладор аёл тановул қилса, туғилажак фарзанди турли нуқсон ва касалликлар билан дунёга келиши хавфи жуда юқори экани исботланган”, деб ёзади газета. Депутатга кўра, озиқ-овқат саноатида маҳсулотларга қўшилаётган биологик фаол қўшимчалар борасидаги ҳуқуқий асосларни ҳам ўз вақтида такомиллаштириш лозим.

Жиззахда коррупцияга қарши курашга масъул солиқ назоратчиси пора билан ушланди

Жиззах шаҳар давлат солиқ инспекцияси идораларида хавфсизлик ва коррупцияга қарши кураш шўъбаси тезкор ходими Акмал Бозоров пора билан қўлга олинди (“Ҳуқуқ”, 25 март). Солиқ назоратчиси “Кўк бозор” ҳудудидаги хизмат текширув ўтказгач, қонунбузарликни рўкач қилиб, тадбиркор Алишер Боймуродовдан 3 миллион 500 минг сўм пора талаб қилган. Шу тариқа у дўкондан дастлаб 490 минг, кейин 516 минг сўмлик маҳсулотларни олиб кетади. Тадбиркор ҳуқуқ идораларига мурожаат қилгач, 1 миллион 700 минг сўмни пора тариқасида олаётганда ушланади. Суд солиқ ходимини 6 йилга озодликдан маҳрум этди.

Фарғонадаги боғчаларда болаларга каравот етишмаслиги аниқланди

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти Фарғона шаҳридаги мактабгача таълим муассасаларда бир қатор қонунбузарликларни аниқлади (“Истеъмолчи”, 23 март). Баъзи боғчаларда болаларга каравот, стол-стул ва ҳатто тарелкалар етишмаслиги ҳолати мавжуд. Ўқув қуроллари яроқсиз ҳолда, идиш ва қўл ювиш хоналари носоз. Боғча тарбияланувчилар учун келтирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармоннинг яроқлилик муддати ва бошқа муҳим маълумотлар кўрсатилмаган. Қўпол қонун бузилишларига йўл қўйган боғча мудиралари жаримага тортилган.

Жиззахлик ота қизига қўл кўтарган куёвини пичоқлаб ўлдирди

Асли Ғаллаорол туманида туғилиб, Тошкент вилояти Қуйичирчиқ туманида яшаб келган Урал Раҳмонов 2015 йил 16 октябрь куни куёви А.Файзуллаевнинг жонига қасд қилди. “Ҳуқуқ” газетаси хабарига кўра, А.Файзуллаев хотини Л.Файзуллаевани уриб ҳақоратлайди. Шундан кейин келин бир муддат отасиникида яшайди. У.Раҳмонов қизининг калтаклангани ва ҳақоратлангани учун ўч олиш мақсадида куёвининг уйига бориб, уни чавақлаб ўлдиради. Ушбу жиноят юзасидан суд қайнотага 11 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлаган.

Фарғона шаҳар тиббиёт коллежи ўқитувчиси 3000 доллар пора билан ушланди

Фарғона шаҳар тиббиёт коллежида 15 йил давомида ишлаб келган ўқитувчи порахўрлик учун қўлга олинди (“Постда”, 22 март). Исми ошкор этилмаган ўқитувчи коллежга ўқишга кирмоқчи бўлган қизларнинг ота-онасидан 500 доллардан пора сўраган. Ота-оналар қизларимизни имтиҳондан йиқитмасин деган ҳадик билан ўқитувчига 6 киши учун 3000 доллар берган. Ўқитувчи кўрсатилган маблағни олаётганда ушлангани ва қилмишига яраша жазолангани хабар қилинган.

Марҳум хонанда Шаҳнозабонунинг жанозасига эстрада вакилларидан ҳеч ким бормади

14 март куни 41 ёшидаги вафот этган хонанда Шаҳнозабонунинг дафн маросимига санъат олами вакилларидан ҳеч ким бормади, деб хабар беради “Даракчи” нашри. “Инстаграмда “опажоним”лаб уни ўлими билан кенг оммани “табриклаган”лар биронтаси жанозага келмади… Майли, давлат тадбири билан банддир десанг, шу куни давлат тадбири йўқ эди, тўй десанг ҳам, ҳозир у даражада тўй мавсуми эмас. Бирон жойи оғриб қолгандир десанг, наҳотки ҳаммаси ёппасига бирдан айнан шу куни оғриб қолган бўлса?!” дея ҳамкасбларини танқид қилган хонанда Манзура. “Биз артистларнинг ҳаммамиз фақат “понт”да, ўзга брендларни кийиб олиб реклама қиламиз, эрталабдан кечгача қаерда овқатланаётганимизни кўрсатамиз ва кимнингдир туғилган куни ё ўлими ҳақидаги “табрик”лар билан кифояланамиз, холос”, деган Манзура.

Сурхондарёдаги гапирадиган қарғани 70 мингга яқин мухлис “зиёрат” қилди

Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги ўқитувчи Бўри Раҳимовнинг шахсий ҳайвонот боғчасидаги “Гоша” лақабли гапирувчи қарғани кўргани Ўзбекистоннинг турли ҳудудлари ва чет эллардан одамлар бормоқда (“Ҳуррият”, 22 март). Қайд этилишича, 2003 йилдан ҳозирга қадар қарғани яқин ва олис юртлардан борган 70 мингга яқин мухлис “зиёрат” қилган. Айни пайтда 45 га кирган қарғани парваришлаш учун юз грамм хом гўшт, 1 литр ичиш учун, 4 литр чўмилиш учун сув, ёнғоқ, пишган тухум, картошка, сабзи, карам, уй нони, кунгабоқар, ерёнғоқ мағзи, чигиртка, ниначи кабилар керак бўлади. “Гоша”ни сотиб олиш учун муаллим Б.Раҳимовга 30 минг долларгача маблағ таклиф қилингани айтилган.

XS
SM
MD
LG