Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:50

Тўқимачилик ускуналарини Ўзбекистонга олиб кириш қийинлашди


Ўзбекистон ҳукумати тўқимачилик ва текстил саноати ускуналарининг мамлакатга олиб киритилиши устидан назоратни кучайтирмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 15 мартда қабул қилган қарорига мувофиқ мамлакатга киритилажак ҳар бир текстил ускунаси замонавий технологик талаблар ва нархлар асосида экспертиза қилинади. Ускуналар ҳукумат қошидаги маҳхсус агентлик хориждан текстил ускуналарини сотиб олиш бўйича ҳар бир шартномани экспертиза қилиб, тегишли хулосани берганидан сўнггина мамлакатга олиб кирилади.

Вазирлар Маҳкамасининг исми сир қолишини истаган мулозими Озодлик билан суҳбатда текстил ускуналарни Ўзбекистонга олиб кириш учун махсус мезонлар ишлаб чиқилганини тасдиқлади.

- Ўзбекистондаги текстил корхоналари, шу жумладан чет эл сармоясига ишловчи қўшма-корхоналар ҳам эскириб кетган, ҳозирги замон талабларига жавоб бермайдиган станокларни олиб келиб ишлатаётганди. Энди унақа бўлмайди. Ҳозир мезонлар ишлаб чиқилган ва ҳаммаси шунга мос бўлиши керак. Ўзбекистонга олиб кириладиган тўқимачилик ва енгил саноат ускунаси янги бўлиши керак. Унумдорлиги ва энергия тежамлиги юқори бўлиши ва энг муҳими нархи дунё бозоридаги нархлардан баланд бўлмаслиги шарт, - дейди Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси мулозими.

Ўзбекистоннинг тўқимачлик саноати билан яхши таниш бўлган хорижлик тадбиркорлар эса бу ўзгаришларни мамлакатга хорижий сармоялар олиб кирилишига қўйилган навбатдаги тўсиқ эканини айтишади.

Ўзбекистонда 8 йил бизнес юритган туркиялик тадбиркор, "Туркуаз" ширкати собиқ раҳбари Воҳид Гунеш Озодлик билан суҳбатда Тошкент ҳукумати тўқимачилик ускуналарининг мамлакатга олиб киритилиши устидан назоратни кучайтириб, мамлакатдаги сердаромад соҳа ҳисобланмиш текстил саноатини ҳам ўз монополияси остига олишга уринаётганини айтди.

- Ўзбекистонда монополия бор. Диктаторлик режими бор. Фақат юқорида ўтирганлар, ҳукуматга энг яқин одамлар бу монополиядан фойда кўриб келади. Энди ҳукумат текстил саноатини ҳам ўз монополиясига оляпти. Бу билан порахўрлик, коррупция кўпаяди холос. Бундан божхоначилару тепада ўтирганларнинг ҳамёни тўлади. Минглаб ўзбекларни иш билан таъминлаши мумкин текстил саноатини барбод қилади. Чунки, монополия бор жойда бизнес касодга юз тутади, - дейди туркиялик ишбилармон Воҳид Гунеш.

Уч йил аввал Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Хоразмга борганида Гурландаги ўзбек-турк тўқимачлик қўшма корхонасини зиёрат қилган, у ерда эскириб кетган ускуналардан фодаланилаётганини айтиб, ҳокимият мулозимларига танбеҳ берган эди.

- Эскириб кетган асбоб-ускуна, жиҳозлар билан қандай қилиб жаҳон талаб этаётган даражага чиқиш мумкин, - деган эди Каримов Хоразмга ташрифи чоғида.

Туркиялик тадбиркор Воҳид Гунеш корхоналардаги ускуналарга қараб эмас, улар чиқараётган маҳсулот сифатига қараб беҳо бериш кераклигини айтади.

- Бирон ҳусусий ширкат мамлакатга текстил машиналарини олиб келар экан, шу машиналардан ўзи фойдаланадику. Агар ёмонини олиб келса ўзи зарар кўради, ўзи куядику?! Биз тадбиркорлар заводдаги ускуналарнинг янги-эскилигига қараб эмас, маҳсулотнинг сифатига қараб баҳо берамиз. Ҳар бир соҳага ҳукумат аралашавермаслиги керак. Тадбикорларга эркинлик бериш керак. Менимча Ўзбекистонда ҳукуматни текстил машиналарининг эски ёки янгилиги унча ўйлантираётгани ҳам йўқ аслида. Тепадаги, ҳукуматга яқин манфаатдор гуруҳларнинг ўй-ҳаёли Ўзбекистон учун энг истиқболли, энг сердаромад соҳа ҳисобланган текстил саноатини монополлаштириб, ўз манфаатлари йўлида фойда кўриш бўлса керак, - дейди "Туркуаз" ширкати собиқ раҳбари Воҳид Гунеш.

Ўзбекистон йилига 1 миллион тоннадан зиёд пахта толаси етиштиради.

Ўтган йили Тошкентда ўтказилган Пахта ва тўқимачилик маҳсулотлари ярмаркасида Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев мамлакатда тўқимачилик саноатини кучайтириш эвазига яқин йилларда етиштирилаётган пахта толасининг учдан икки қисмини мамлакатнинг ўзида қайта ишлаш режаланаётганини айтганди.

Аммо, кузатувчилар, жумладан туркиялик тадбиркор Воҳид Гунеш ҳам Ўзбекистон кўп миқдорда пахта толасини ўзида қайта ишлаш салоҳиятига эга эмаслиги, ҳукуматни енгил саноатни монополлаштириш уринишлари эса бу умидларни буткул пучга чиқаришини айтишади.

XS
SM
MD
LG